Биз Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида туб ўзгаришлар юз бераётган бир даврда яшаяпмиз, халқнинг дунёқараши, турмуш даражаси ўсаётганига гувоҳ бўляпмиз. Йиллар давомида халқимизни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида икки томонлама талқин қилиниши мумкин бўлган, баҳсли масалалар нуқта вергулигача аниқ кўринишда Конституцияда белгиланиши эса янада қатъийроқ ишонч билан олдинга қараб ҳаракатланишимиз учун шароит яратади. “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни мужассам этган Янги Ўзбекистон стратегияси хориждаги ватандошларимиз ҳақида қайғуриш, улар билан мусттаҳкам алоқаларни қўллаб-қувватлаш масаласини ҳам эътибордан четда қолдирмади. “Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”. Ушбу модда қаерда бўлишимиздан қатъи назар, Ўзбекистон билан боғлиқ эканлигимиз, қийин вазиятда унинг кўмагидан умид қилишимиз мумкинлигини англатади. Биз Ўзбекистон сарҳадларидан ташқарида яшаётган, мусофирлик синовларига дош бериб, рўзғор тебратаётган юртдошларимиз ҳаётига бефарқ эмасмиз.
Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлмаган. Чет элга ишлашга кетиб, дом-дараксиз йўқолиб кетган ёки Ўзбекистонга қайтиб келишга ўзида журъат топа олмаган ҳамюртларимиз қанча.
Сўнгги 5-6 йил ичида вазият яхши томонга ўзгарди.
“2017 йилдан Президентимиз илк маротаба чет элда ишлаётган, ўқиётган ва яшаётган ватандошларга эътиборини қаратиб, “Ватандошлар” жамоат фонди тузилди. Шу йилдан бу соҳада туб ислоҳотлар амалга оширила бошлади. Масалан, Америкада яшаётган жуда кўп ватандошларимиз ўзларининг буюртмаларини Ўзбекистонга юборишмоқда. Бу албатта, катта ютуқдир. Ёки 2022 йил июндан хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган, етакчи компанияларда ишлаётган Ўзбекистон ёш ватандошларга вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда ишлаши учун шарт-шароит яратилмоқда. Энди Ёш ватандошлар фаолияти давомида хизмат тураржойлари билан таъминланади, давлат органларида камида 2 йил ишлаган ёш ватандошларга уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга субсидия берилади. Ҳозирда “Ёш ватандошлар реестри” электрон тизими ишга туширилиб, мазкур тизим хориждаги ватандош олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар очиқ рўйхатдан ўтадиган платформага интеграция қилинмоқда”, - деб ёзади ЎзР Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори в.б., сиёсий фанлар номзоди, доцент Феруза Ўсарова. - “Қонун лойиҳасига киритилаётган 22-модда хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимизни ўз она ватани атрофида янада жипслаштириш, чет элларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам бериш, турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хорижда ўзбек тилини, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш каби масалаларнинг янада бардавом бўлишини Конституцияда мустаҳкамлаш билан аҳамиятлидир”, - хулоса қилади эксперт.
Чиндан ҳам, камдан-кам давлатлар хориждаги фуқароларининг ҳоли билан қизиқади, бу масалани Конституция даражасига олиб чиқиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Аммо ўзининг асл маданий қадриятларига содиқ бўлган халқ ҳар бир вакили учун қайғуради, ҳар бир инсонга ҳурмат ва эҳтиром билан ёндошади. Унинг буюклиги тимсоли ҳам аслида шу.