Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳақиқий машҳурлик мана шу!

1101

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтириб, дедилар:

«Бир киши саҳрода ўтирганида булутнинг ичидан овоз эшитди. У овоз булутга: «Фалончининг боғини суғор», деб бир кишининг исмини айтди. Булут ўз йўналишини ўзгартириб барча сувини бир ерга бўшатди. У киши сув тушган ерга борди. У ерда бир киши белкураги билан сувни уёқдан буёққа йўналтириб турар эди. Ҳалиги киши унга деди:
- Эй Аллоҳнинг бандаси! Исминг нима?

У «Менинг исмим фалон», деб булутга хитоб қилинган исмни айтди ва сўради:
- Нега исмимни сўраяпсан?

У киши деди:
- Мен булутга хитоб қилиниб, «Фалончининг боғини суғор» деган гапни эшитдим. Унда сенинг исминг айтилди. Сен бу ерда нима билан шуғулланасан?

У киши деди:
- Мен бу ерда деҳқончилик қилиб, олинган ҳосилнинг учдан бирини садақа қиламан. Учдан бирини аҳлим ва фарзандларим билан ейман. Қолган учдан бирини яшириб қўяман. Унга уруғ, ўғит ва ерга лозим бўлган нарсаларни сотиб оламан».

Ҳақиқий машҳурлик мана шу. Сени ерда ҳеч ким танимаса-да, самода танишади. Қанча-қанча машҳурлар бор. Уларни ерда кўпчилик танийди. Аммо Аллоҳ унга эътибор бермайди, илтифот қилмайди. У яхшиликда тонг оттирдими ёки ёмонликда тонг оттирдими Аллоҳ унга парво қилмайди. 

Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ сени яхши кўриб Жаброил алайҳис саломга: «Эй Жаброил! Мен фалончини яхши кўрдим. Сен ҳам уни яхши кўр», дейиши ва Жаброил алайҳис салом ҳам фаришталарга нидо қилиб: «Аллоҳ таоло фалончини яхши кўрди, сиз ҳам уни яхши кўринг», демоғидир.

Ҳақиқий машҳурлик қўлингни дуога очганингда фаришталар: «Эй Аллоҳ! Таниқли бандангдан таниқли дуо келди», дейишларидир. 

Ҳақиқий машҳурлик бошингга бало келганида фаришталар шовқин солиб худди Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганларида қилганлари каби сенинг ҳақингда дуо қилиши ва сен учун барчаси сафарбар бўлишидир.

Ҳақиқий машҳурлик бу Аллоҳ таоло қалбингга боқиб унда Ўзидан бошқани кўрмаслиги, сени Ундан бошқани истамаслигингни билиши ва сени Ўзига муқарраб бандалар сафида ёзиб қўйишидир.

Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ таоло сендан рози бўлиб сени Ўзининг ибодатига мусаххар қилиши, сенга тоат эшикларини бир-бир очишидир. Агар У бир бандасини яхши кўрса уни Ўзи томон бошлайди.

Ҳақиқий машҳурлик мискинлар сени ўз боқувчилари деб билишлари, синган кишилар сени юпатувчи деб билишлари ҳамда фақирлар сени ўзларига ёрдамчи деб билишларидир.

Ҳақиқий машҳурлик масжидларнинг йўллари сени таниши, бомдод намози сени соғиниб кутиб олиши, қуръон сенинг қўлларингни эслаб қолиши, унда бармоқ изларинг қолиши, саждагоҳинг сен бўлмаганингда сени соғинишидир.

Булардан бошқаси ичи бўш, алдоқчи ва қалбаки машҳурликдир. Иш эргашувчи(подписчик)ларнинг кўплиги билан эмас, ёқди(лайк)ларнинг кўплиги билан эмас, улашиш(поделиться)ларнинг сони билан эмас, кўрувчилар ва ажабланувчиларнинг кўплиги билан эмас. Булар барчаси баландпарвозлик ва безак, холос! 

Ҳақиқий машҳурлик — самодаги машҳурликдир!

 

Абдулқодир Самарқандий

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ташриъ лафзи

580 20:05 21.09.2021

Қирқ ёш бандага Аллоҳдан юборилган элчидир

6520 19:00 17.05.2021

Ислоҳ қилинг!

896 20:00 10.05.2021

Аллоҳнинг иродасисиз бирор нарса юз бермайди! Расул Кушербаев билан Рамазон суҳбати

1255 14:30 08.05.2021

Аллоҳ уни дўзахга ташлашидан қўрқиб...

1293 20:30 06.05.2021
« Орқага