Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳасан ал-Аттор – Азҳардаги ислоҳотларни бошлаган шайх

389

Қоҳирадаги ал-Азҳар дорулфунунининг шайхларидан бўлган Ҳасан ибн Муҳаммад Ибн Маҳмуд ал-Аттор 1766мил./1180ҳижрий йилда Қоҳирада туғилган. Отаси асли марокашлик бўлган Али Муҳаммад Аттор молиявий жиҳатдан фақирроқ бўлса-да, илм-фандан хабардор эди. Унинг атторлик дўкони бўлиб Ҳасан кўпинча ўша дўконда отасига ёрдам берар ва шунинг учун ҳам уни Ҳасан Аттор деб чақиришар эди. Отаси Ҳасандаги илмга бўлган қизиқиш ва муҳаббатни сезиб Азҳар жомеасидаги турли тўгаракларга боришини таъминлаган. 

Ҳасан ибн Муҳаммаднинг баланд бўйли, кенг елкали, сийрак соқолли, юзлари тиниқ, ўткир назарли, зукко ва юксак ақл-заковат соҳиби бўлгани қайд этилган. Али Муборак айтадики: “У илм таҳсилида ниҳоятда тиришқоқ эди. Ҳатто жуда оз муддатда атрофидагилардан ажралиб чиқиб, ўзи таълим бера олиш даражасига ҳам етди. Аммо у таълим беришдан кўра ўз илмини янада мукаммаллаштиришга интилди ва тиббиёт, астрономия, математика каби бошқа илмларни ҳам ўзлаштиришга киришди”

1798 йилда франсузлар Мисрни босиб олганда 32 ёшли Ҳасан Аттор ўз даврининг кўплаб олимлари каби Юқори Мисрга ҳижрат қилади. Бир қанча муддат ўтиб вазият анча юмшагач, аниқроқ айтадиган бўлсак, 18 ойлик ҳижратдан сўнг Қоҳирага қайтади. 

Кейинчалик эса у Туркияга ташриф буюриб, Истанбулда, ундан сўнг Албанияда яшаб, ўша ерда уйланади. 1810 йилда эса Левантга келиб, у ерда беш йил давомида ўқитувчилик фаолиятини олиб боради. 1815 йилда Мисрга қайтиб Азҳар жомеасида дарс бера бошлади. Ҳасан Аттор Миср волийси Муҳаммад Али пошо билан яқин алоқада бўлиб, унга Миср ривожида ёрдам беришга ҳамиша тайёр эди. Ўша даврдаги тилшунослик, табобат, муҳандислик, фармацевтика каби олий мактаблар ташкил этилишида Ҳасан Атторнинг хизматлари катта бўлган. Ҳасан Аттор Миср ислоҳоти учун зарур, солиҳ кадрлар тайёрлаш вазифасини ўз зиммасига олган эди. Рифоъа Тахтовий, Муҳаммад Ияд Тантовий кабилар унинг шогирдларидан бўлган. 

Шайх буларнинг ўзи билан чекланиб қолмади. Муҳаммад Али билан бўлган илиқ муносабатларидан фойдаланиб бир қанча шогирдларини Европага замонавий илмларни ўрганиш учун юборади. Хусусан, шогирди Рифоъа Тахтовийни илмий делегацияга етакчи қилиб Парижга юборади. Шайх шогирди Тахтовийни сафарга жўнатишдан олдин Европада кўзларини каттароқ очиши, диққатли бўлиши ва сафари хусусида кундаликлар ёзиши лозимлигини буюради. Кейинчалик бу кундалик китоб қилиб нашрдан чиқарилади. 

Ҳасан Аттор 1828 йилда Миср волийси Муҳаммад Али томонидан асос солинган биринчи Миср араб газетасининг муҳаррири бўлган. Янги, замонавий Мисрнинг уйғонишида Шайх Ҳасан Аттор энг асосий роллардан бирини бажарган. У Азҳар уламоларининг кўпчилиги ўз қобиғига ўралиб қолган бир пайтда дорулфунуда катта ўзгариш ва ислоҳотлар қилиш кераклигини талаб этган эди. 

Ҳасан Аттор 1830 йил олтмиш беш ёшида Азҳари Шарифнинг катта шайхи лавозимига тайинланиб, то умрининг охири – 1835 йилгача шу лавозимда фаолият олиб борди. Аммо бу муддат ичида Азҳари Шарифда тўлиқ ўзи хоҳлагандек ислоҳ қила олмади. Аммо унинг ҳаракатлари бутун Мисрдаги таълим ислоҳотига катта туртки бўлди. 

Шайх Аттор жамиятнинг маданий-маърифий, адабий-сиёсий муаммолари бўйича ўзининг шахсий қарашларига эга эди. Шайх Аттор илмнинг айнан маълум бир соҳасига ихтисослашмаган бўлиб, илмнинг ҳар соҳасидан баҳраманд бўлишга интиларди. Рифоъа Тахтовий устози ҳақида шундай дейди: “У зот кўплаб соҳаларга, ҳатто тарих ва географияни ўрганишга ҳам қаттиқ қизиқар эдилар”. 

Шайх Аттор фақат арабча китоблар билан кифояланиб қолмай, XIX аср Европа уйғониш даврида ёзилган асарлар балан ҳам танишиб, шарқ ва ғарб халқларининг илм-фан ва маданиятини ўзида жамлашга муваффақ бўлганди. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Шайх Ҳасан Аттор Мисрда замонавий илмларнинг ривожланиши, бу борада Европа тажрибасининг ўзлаштирилиши борасида ҳақиқий маънода йўлбошчи эди. У ўз жамиятини янгича фикрлаш сари ўзгартира олди. Унинг бу меҳнатлари замонавий Мисрнинг уйғонишида катта рол ўйнаган шогирди Рифоъа Тахтовийнинг қўлида самара берди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев Эрдоған билан қўнғироқлашди

292 21:58 15.08.2022

Манингким ғамларим...

227 21:30 15.08.2022

Саҳобалар инсонларнинг энг олийҳимматлисидир

171 20:00 15.08.2022

Латвиялик руслар Россия тажовуз қилса Латвияни ҳимоя қилади(ми?)

464 19:40 15.08.2022

Туркия қурол ва энергия ресурслари соҳасида кучаймоқда – Эрдоған

378 19:25 15.08.2022

Исаак Ньютон: «Атеизм инсоният учун шунчалик беъмани ва жирканчки...»

505 19:10 15.08.2022
« Орқага