Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳасан Басрий: Нечун йиғламайсиз?

937

Бир куни Ҳасан Басрий одамларга ваъз қиларди. Одамлар унга яқинроқ бўлиш учун сиқилишиб ўтиришарди. Ҳасан Басрий: “Эй биродарларим! Менга яқин бўлиш учун сиқилишяпсизлар. Эртага қиёмат куни тақводорлар Аллоҳга яқинлаштирилиб, золимлар Аллоҳдан узоқлаштирилганда, ҳолимиз қандай бўлар экан?” деб ҳўнграб йиғлаб юборди-да, беҳуш йиқилди. Ҳамма ўтирганлар юм-юм йиғлашарди. Ҳасан Басрий ўзига келиб, яна одамларга юзланди ва шундай нидо қилди: “Дўзахдан қўрқиб йиғламайсизларми? Билиб қўйинглар, ким Аллоҳнинг жамолини кўриш шавқида йиғласа, агар охиратда Аллоҳ таоло раҳмати ва мағфиратини дариғ тутмаса, уни Ўзига қарашдан маҳрум қилмайди. Осийларга эса Унинг азоби қаттиқдир. Эй биродарларим! Қиёмат кунидаги чанқоқликдан қўрқиб йиғламайсизларми? У кунда барча махлуқотлар тўпланади. Лаблар сувсизликдан бир-бирига ёпишиб қолганда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳавзларидан бошқа ҳеч қандай сув топилмайди. Ундан ҳам маълум бир қавмгина ичади, бошқаларга ундан ичиш ман қилинади. Билиб қўйинглар, ким ўша куннинг чанқоғидан қўрқиб йиғласа, Аллоҳ таоло унга Фирдавс булоқларидан ичишни насиб қилади. Агар қиёмат куни Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳавзларидан сув ича олмасам, ҳолимга вой бўлсин!..”

Сўнг Ҳасан Басрий йиғлаганча бир воқеани сўзлаб берди: “Бир куни бир ибодатгўй аёлнинг олдидан ўтиб қолдим. У: “Илоҳим, Сенга бўлган шавқимдан бу ҳаётдан зерикиб кетдим”, дер эди. Мен унга: “Амалинг билан нажот топишингга ишончинг комилми?” дедим. Аёл: “Аллоҳга бўлган муҳаббатим ва Унга етишишга бўлган шавқим билан овунаман. Мен Уни яхши кўра туриб, У мени азоблайди деб ўйлайсанми?” деди. Мен унга шундай деб турганимда, олдимга ўз аҳлимдан бир ёш бола келиб қолди. Мен болани кўтардим, қучоғимга олиб, юзидан ўпдим. Аёл менга: “Бу болани яхши кўрасанми?” деди. “Ҳа”, дедим. Аёл йиғлаб: “Агар одамлар эртага уларни нималар кутаётганини билганларида эди, кўзлари қувонмас, қалблари дунёдаги бирор нарса билан лаззатланмас эди”, деди. Шу пайт аёлнинг ўғли келиб қолди. Унинг исми Зоғим эди. Аёл унга: “Эй Зоғим, эртага қиёмат куни Маҳшарда онам мени кўради деб ўйлайсанми?” деди. Йигит қаттиқ бақириб юборди-да, ҳушидан кетиб йиқилди. Мен унинг юраги ёрилиб кетди деб ўйладим. Онаси ҳам унинг тепасида йиғлай бошлади. Унинг йиғлашини кўриб, мен ҳам йиғлаб юбордим. Йигит ўзига келгач, онаси: “Эй Зоғим!” деди. Йигит: “Лаббай, онажон”, деди. Онаси: “Ўлимни яхши кўрасанми?” деди. У: “Ҳа”, деди. Онаси: “Нима учун, ўғлим?” деди. Йигит шундай деди: “Сиздан яхшироқ Зотга етишиш учун. У раҳмлиларнинг раҳмлисидир. У Зот мени сизнинг қорнингизда, зулматдалигимда озиқлантирди. Мени тор йўл орқали чиқарди. Агар хоҳлаганида, ўша тор йўлдан чиқаётганимда ҳам мени ўлдириши мумкин эди. Оғриқнинг зўридан сизни ҳам ўлдириши мумкин эди. Лекин Ўзининг лутфу марҳамати туфайли менга ҳам, сизга ҳам осон қилди. Аллоҳ азза ва жалланинг “Бандаларимга ха­ бар бергинки, Мен Ғофуру Роҳимман… Азобим эса аламли азобдир…” (Ҳижр сураси, 49-50-оятлар) деганини эшитмаганмисиз? Кейин у “Шўрим қурсин, агар эртага Аллоҳнинг азобидан нажот топмасам, ҳолимга вой!” деб йиғлаб-йиғлаб, охири ерга йиқилди. Онаси унга яқинлашиб, бошини силай бошлади. Бола эса ўлиб бўлган эди. Онаизор: “Оҳ Зоғим ўғлим, оҳ Мавлосининг қурбони!” деб тинмай йиғлайверди, ниҳоят, бир марта қаттиқ оҳ тортиб, ерга йиқилди. Бориб, уни қимирлатиб кўрсам, у ҳам жон таслим қилибди. Уларга ҳам, бизларга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

447 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

745 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

170 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

263 21:00 01.07.2022

Хотира

287 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

248 20:00 01.07.2022
« Орқага