Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос йўл транспорт қоидалари мавжуд. Бугун ана шу хусусида қисқача маълумот берамиз. Аввалига маст ҳайдовчиларга бериладиган жазолар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
АҚШда маст ҳолда автомобилни бошқарган ҳайдовчи 6 ойдан бир йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Агар маст ҳайдовчи полиция қўлига биринчи бор тушгани аниқланса ва йўл транспорт ҳодисасига сабаб бўлмаган тақдирда 300 доллар жарима тўлайди ҳамда ярим йил машина бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатидан маҳрум қилинади. Шуни эслатиб ўтамиз, АҚШда ҳайдовчилар йўл транспорт қоидаларини бузган тақдирдагина тўхтатилади. Маст ҳолда иккинчи бор полиция қўлига тушган ҳайдовчилар 5 минг доллар жарима тўлайди. Учинчи бор эса жарима миқдори 10 минг долларга чиқади.
Чехияда худди Венгрия, Словакия ва Руминия каби маст ҳайдовчилар 200-470 евро жарима тўлайди.
Германияда маст ҳайдовчи биринчи марта 500 евро, иккинчи марта минг евро, учинчи марта эса 3 минг евро жаримага тортилади. Организмдаги алкогол миқдори меъёрдан кўп бўлса, у ҳолда 6 ой машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Агар иккинчи бор бу ишни қайтарса, у ҳолда жиноий жавобгарликка тортилади.
Энг юқори жарима Буюк Британияда экани айтилади. Маст ҳолда қўлга тушган ҳайдовчилар 7 минг 200 евро жарима тўлашга мажбур. Эслатиб ўтамиз, жаҳонда маст ҳолда машина бошқаргани учун биринчи бор жазога тортилган лондонлик такси ҳайдовчиси Жорж Смит экани айтилади. У 1897 йилнинг 10 сентябрь куни 25 шиллинг миқдорида, тахминан 130 доллар жарима тўлаган.
Францияда меъёридан кўп алкогол истеъмол қилган ҳайдовчилар 4,5 минг еврогача жаримага тортилади. Агар ҳайдовчи маст ҳолда йўл транспорт ҳодисасини келтириб чиқарадиган бўлса, у ҳолда 30 минг евро жарима тўлайди. Агар қурбонлар бўлса у ҳолда маст ҳайдовчи 150 минг евро жарима тўлайди ва 10 йил озодликдан махрум этилади. Францияда ҳар бир ҳайдовчи ёнида алкогол миқдорини ўлчовчи асбоб олиб юриши керак. Бундай асбоби бўлмаган ҳайдовчи жаримага тортилади.
Хитойда маст ҳайдовчиларга нисбатан шафқатсиз жазо кўрилади. Масалан, маст ҳолда йўл транспорт ҳодисасини уюштирган ва бунинг оқибатида 5 киши ҳалок бўлган фожеа сабабчисига ўлим ҳукми берилган эди. Агар маст ҳайдовчи йўл транспорт ҳодисасини келтириб чиқармаган бўлса, бир ойдан ярим йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Таиландда ҳам маст ҳолда йўл траспорт ҳодисасига сабабчи бўлган ҳайдовчи ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Японияда маст ҳайдовчи қўлга тушиб қолгудек бўлса, у жаримага тортилади ва машина бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатидан узоқ муддатга маҳрум этилади. Агар маст ҳайдовчи йўл транспорт ҳодисасига сабабчи бўлиб, ҳодиса жойидан қочиб кетса, у ҳолда 10 йил панжара ортига жўнатилади. Яна бир эътиборли жиҳати Японияда нафақат маст ҳайдовчи, балки унинг мастлигини била туриб машинасига чиққан балоғат ёшидаги йўловчи ҳам жазоланади. Бу каби йўловчилар 3 минг доллар миқдорида жарима тўлайди. Маст ҳайдовчи эса 8,7 минг доллар жарима тўлайди ва 5 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Энди айрим мамлакатларда ҳайдовчилар машина бошқараётганларида ўзларини қандай тутиши ҳақида тўхталиб ўтамиз. Туркияда ҳайдовчилар Йўл-транспорт қоидаларига шартли равишда амал қилишади. Шунингдек, сигнал ҳам шартли саналади. Бу мамлакатда икки ҳайдовчи бир-бирлари билан саломлашиш учун сигнал чалиш ва узоқ масофали чироқларни ўчириб ёқиш аньана тусини олган. Ҳайдовчилар бошқа машинани қувиб ўтишини яхши кўришади. Энг қизиғи улар машинани қувиб ўтаётганда бошқа машина уни қувиб ўтаётган бўлади. Йўлларда пиёдалар ҳам муаммо яратади. Улар ҳаракатланаётган автомобиллар олдидан кўчани бемалол кесиб ўтаверишади.
Мисрда ҳайдовчилар машиналарни сигналсиз деярли бошқаришмайди. Бу мамлакатда автомобиллар “жим” турмайди. Ҳайдовчилар сигналдан нафақат мулоқот воситаси сифатида, балки машина келаётгани ҳақида маълумот тарқатиш мақсадида ҳам фойдаланишади. Мисрликлар светофорнинг яшил чироғида тўхтаб, қизил чироғида газни босишлари одатий ҳолга айланган. Йўллардаги ҳар қандай мураккаб вазият ҳайдовчиларнинг ўзаро суҳбатларида ҳал қилинади. Транспорт ҳаракати устидан назоратни деярли йўқлиги вазиятни янада мураккаблаштиради.
Ҳиндистон йўллари дунёдаги энг хавфли йўллардан бири экани айтилади. Бунга мамлакат йўллари баланд тоғлар орқали ўтиши ҳам маълум маънода сабаб бўлади. Ҳиндистонда катта автомобилларга талаб ва қизиқиш кучли. Ёзилмаган қоидага кўра, кичик автомобиллар катта машиналарга албатта йўл бериши керак. Катта машиналарни йўлларда ҳурмат қилишади.
Таиландда коммуникация воситаси сифатида авариявий сигналдан фойдаланилади. Аргентинада автомобил бузилиб қолса, йўлнинг ўртасида бўлса-да ўша ернинг ўзида таъмирланади. Бу мамлакатда эски машиналар жуда ҳам кўп, шу сабабли улар тез-тез бузилиши турган гап.
Марокаш йўлларида ҳайдовчилар ўзлари билганича автомобилларни бошқаради. Тез юриш керак бўлган йўлда тошбақа юриш, секин юрадиган йўллда тез ҳаракатланиш одатий хол.
Австрия йўлларида ҳайдовчилар қоидаларга амал қилишлари шарт. Ҳатто йўлларда полиция ходимлари бўлмаган тақдирда ҳам ҳайдовчилар қоидаларга амал қилади.
Германия – йўлларда ҳайдовчиларнинг темир қоидаси амал қиладиган мамлакатдир. Ҳайдовчи рулга ўтирдими, йўл транспорт қоидаларига амал қилишга мажбур. Аммо шунга қарамай, қоидалар бузилади. Энг интизомли ҳайдовчилар скандинавияликлардир. Финляндия, Норвегия ва Швецияда тезликни оширган ҳайдовчиларга аёвсиз жазо берилади. Бу мамлакатларда ҳайдовчилар бирдамлиги кузатилади. Йўлда машина бузилиб қолганини кўрган бошқа ҳайдовчилар бефарқ ўтиб кетмайди. Худди шундай вазиятни Японияда ҳам кузатамиз.
Энг қувноқ ва босиқ ҳайдовчилар Италия ва Испанияда.
Европаликлар энг интизомли ҳайдовчилар экани айтилади. Бунга жарималарнинг катталиги ҳам маълум маънода сабаб бўлган. Масалан хавфсизлик камарини тақмай автомобиль бошқарганлар 500 евро миқдорида жаримага тортилади. 12 ёшгача бўлган болалар орқа ўриндиқда, махсус креслода ўтиришлари керак. Европа мамлакатларида пиёдалар ҳурмату иззатда. Пиёдалар олдида фақат трамвай тўхтамай ўтиши мумкин. Пиёдаларга ҳурматсизлик қилган ҳайдовчилар 50 дан 100 еврогача жаримага тортилади.
Айрим Европа мамлакатларида ҳайдовчилар машиналардаги яқин масофага мўлжалланган чироқни кечаю кундуз ёқиб юришлари керак. Европада фуқаролар хавфсизлиги йўлида ҳайдовчиларнинг мобил телефонларидан фойдаланиши тақиқланади. Акс ҳолда Испанияда 300 евро, Австрияда 20 евро жарима тўланади.
Европа давлатларида ҳайдовчилар учун ўзига хос аньана ва қоидалар мавжуд.
Шарофиддин Тўлаганов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Халқаро шарҳловчилар кенгаши раиси