Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳаётимда ўчмас из қолдирган Аллома...

3614

Миллатимиз фахри, бутун дунёда машҳур олим, мутафаккир, муқаддас Ислом динининг жонкуяр фидойиси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг бемисл хизматларини эътироф этиш, уни ўрганиш, асарларини тарғиб қилиш юзасидан кейинги йилларда муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам юртбошимиз Ш. М. Мирзиёевнинг шахсан ташаббуслари ва саъйи ҳаракатлари билан мамлакатимиз пойтахти Тошкентда шайх хазратлари номидаги улкан масжид мажмуаси барпо этилиши ва у кишини улуғлаш борасида олиб борилаётган бошқа ишлар таҳсинга сазовордир.

Мен у кишини алоҳида ҳурмат ва эътибор ила тилга оламан ҳамда илмий меросига ихлосим баланд. Не бахтки, мен у кишининг бевосита суҳбатларида бўлиш, табаррук лафзларидан раҳмат эшитиш ва ўз қўлларидан совға-саломлар олиш бахтига сазовор  бўлганман.

1989 йил. Унда мен “Оққўрғон” жамоа хўжалигининг раҳбари эдим. Мустақиллик эпкинлари сезилиб, диний эркинлик шабадаси энди ёйилаётган ўша дамларда мен раҳбар бўлган худуддаги Бандикушод қишлоғида катта Жоме масжиди қуришга киришилди ва қисқа муддатда қуриб битказилди. Масжиднинг очилиши эса бир воқеа туфайли тарихда муҳрланиб қолди. У ҳам бўлса, маросимга шахсан шайх хазратларининг келиб иштирок этишлари эди. Хўжалик раҳбари сифатида сўзсиз мен ҳам шу тадбир иштирокчиси эдим.

Мен шайх хазратлари билан учрашишни чексиз ҳаяжон билан кутганман. Ҳали у кишини кўрмасдан салобатлари босарди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний Бошқармаси бошлиғи, СССР Олий Советининг депутати, муфтий. Шундай инсон билан учрашишнинг ўзи бўладими?!.

Ваниҳоят кутилган дақиқа етиб келди. Ичида шайх хазратлари бўлган машина масжиднинг ёнига келиб тўхтади. Йиғилган оломон у кишини ҳаммадан олдин кўриш, имкон даражасида қўлларини олиш учун ёпирилдилар. Машинадан мени тасаввуримни қийнаётган қандайдир ўзгача савлатли, ғайритабиий инсон эмас, соддагина, лекин зоҳиридан самимият, илм ва нур балқиб турган истарали киши тушиб келди. Йиғилганларга салом берди.

Муфтий хазратлари ўз падари бузрукворлари-дадалари билан бирга ташриф буюрган эдилар. Менинг эътиборимни тортган дастлабки нарса у  кишининг оталарига кўрсатаётган гўзал илтифотлари бўлди. Дадаларидан бир қадам ҳам илгари юришмас, ҳар бир ҳаракатларидан олдин оталаридан изн сўрашар эди. Ташрифдан мақсад бир йўла бизнинг Оққўрғон қишлоғида яшовчи улуғ бир инсон Махсум бувани ҳам зиёрат қилиш, у кишининг дуоларини олиш экан. Шунда билдикки, Махсум бува ҳазратнинг дадалари билан мусулмонларнинг диний таълим-тарбиясига хизмат қилиш борасида узоқ йиллик қадрдон эканлар.

Хуллас, масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Қурилишда иштирок этган ҳар бир кишининг меҳнатларига муносиб баҳо берилди. Хизматларига яраша тақдирландилар. Дуои фотиҳалар қилинди. Муфтий ҳазратлари менга алоҳида раҳмат айтишди ва ўз қўллари билан муқаддас Қуръони карим китоби ҳамда хошиясига Оят битилган чиройли рўмолни совға сифатида топширдилар.

Менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирган ушбу учрашув ва ҳазратнинг совғаларини доимо юксак фахр-ифтихор билан эслайман. Мен ҳаётда эришган ҳамма ютуқларим, эл-юрт ўртасидаги обрўйим, ҳанузгача эътиборли соҳаларда ишлаб келаётганим ҳамма-ҳаммасини мана шу дуолар ижобати деб биламан.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Аллоҳим ўз раҳматига олиб, жойларини жаннат боғларидан қилгани чин бўлсин, илоҳим. Зеро, бундай шахслар дунёга минг йилда бир марта келади.

Ҳабибахон Тошматова,
Ўз ХДП Бувайда туман кенгаши раиси, биология фанлари номзоди, иккинчи даражали Меҳнат фахрийси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Юз йиллардан бери ватанидан жудо этилган қардошларимиз... 

3060 22:36 18.05.2023

Хушхабар: Шайх ҳазратларининг нурли ҳаёт йўллари энди мактаб дарсликларида

7771 15:05 06.09.2022

Қарздорнинг одоблари

2145 19:25 16.05.2022

АҚШда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжиди қурилиши бошланди

1781 10:30 25.04.2022

Рамазон раҳм-шафқат ойидир

1893 04:05 11.04.2022

Шайх ҳазратларининг китоблари турк тилида чоп этилди

1496 17:35 10.03.2022
« Орқага