Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳазрати Соғунийнинг “ишораи саббоба” ҳакидаги гаплари

2358

II

Ўшанда Ҳазрат Соғуний ўз шогирдлари билан боғда уч кун турди. Ибодат қилиш ва сабоқ ўташдан бошқа вақтларда шогирдлар ҳовлини тартибга келтиришди, ағдарилган ерлар текисланиб, турли-туман гуллар, очиқ жойларга эса рўзғор учун сабзавот кўчатлари ўтқазилди. Бу орада ҳазратни йўқлаб келган одамларнинг ҳам кети узилмади. Улар орасида оддий намозхонлардан тортиб, мартабали диндорлар ва ҳатто ҳукумат одамлари, шоир ва ёзувчилар ҳам бор эди...

–  Мен ҳазратнинг Назарбекдаги дала ҳовлисида эдим,  – деб ҳикоя қилади орадан неча йиллар ўтиб  Яҳёхон қори. – Шунда ҳазрат домланинг улфатларидан Абдураҳмон қори деган домла келиб ҳол-аҳвол айтишгач сўрадилар:

–  Яҳёхон, тўрамнинг қаъдада ўтирганларида “ишораи саббоба”  қилган пайтларини кўрганмисиз? Бир одам айтдики, гўё тўрам бир жойда “ишораи саббоба” ҳаром дебдилар. Бу ҳақда ўзларидан сўрашга истиҳола қилиб турибман. Тўрамдан  ана шу ҳақда сўраб берсангиз...

–  Шунча вақтдан буён ҳазрат билан бирга юриб ўша ҳолатни ўзингиз кўрмаганмисиз? – деб Абдураҳмон қоридан сўрадим мен ҳам ўз ўрнида.

–  Қаранг, мана шунга келганда ҳеч аҳамият бермаган эканман,  – жавоб берди қори ака.

–  Майли, кези келганда бу ҳақда сўраб сизга айтаман,  – дедим қори аканинг кўнглини тинчитиб.

Ўша куни ҳазратнинг шаҳардаги уйига кетдим. Уч кунгача ёнларида туриб бирга намоз ўқидик. Ўша намозларимда Аллоҳнинг ўзи кечирсин, домлани кузатдим: қани, “ишораи саббоба” қилармиканлар ёки йўқми, деб. Учинчи куни шуни сездимки, ҳазрат бармоқларини ишорага кўтарган вақтда қўллари ва бутун аъзолари бир ажиб сесканиш, тебранишга тушганларини кўрдим. Ўша куни яна боққа кетишим керак эди. Кўнг лимда намозда кўрганларимни Абдураҳмон қори акага айтишни ният қилдим. Ҳовлидан энди дарвоза томон юраётганимда таҳоратхонадан қўлларида обдаста кўтариб ҳазратнинг ўзлари чиқиб қолдилар. Мен томонга ўгирилмадилар ҳам, тўғрига қараб бориб, ўз ҳужраларининг остонасида тўхтаб, шу сўзни қилдилар:

–  “Ишораи саббоба”ни фалон китоб муаллифи (номларини ёддан чиқардим) ҳаром деган экан. Бу сўз менга ёқинқирамади,  – деганларича айвонга чиқиб, таҳоратга ўтирдилар. – Бу ибодатни мен бировга қил ёки қилма деб буюрмадим. Тағин билмаган ҳолатда, ўз ўрнида қилмай гуноҳкор бўлмасин, дедим.

Ҳазрат шу сўзларни айтиб, таҳоратга тутиндилар. Юрагим бир қалқди. Ҳазратни намозда турганларида кўзларим билангина кузатган эдим. Бирор ортиқча ҳаракат сўз қилмаган эдим. Эшитганларимдан  карахт  бўлиб қолдим. Нима бу – кароматми? Авлиёликми? Қўлларида уч-тўрт йил ўқиган бўлсам, бундай оддий инсон ақлидан ташқаридаги ҳолатларга кўп гувоҳ бўлдим. Шундайки, кунлардан бирида дала боғимизга Ўрта Осиё ва Қозоғистон Диний идорасининг муфтийси Зиёвуддинхон ҳазратлари келиб қолдилар. У киши ҳовлига кирганларида ҳазрат домла пастдаги суффада ўтирган эдилар. Камина муфтий жанобларини салом билан кутиб олиб, ҳазрат домланинг ҳузурларига етакладим ва тўшак тўшаб, дастурхон ёзиш ҳаракатида бўлдим. Дастурхонни олиб борган вақтимда кўрдимки, икковлари бир-бирларига яқин келиб, суҳбатлашиб ўтиришган эди. 

Билдимки, дастурхонга ҳожат йўқ. (Мен йиллар давомида ҳазратнинг меҳмонларини кутавериб шунга ўрганган эдимки, нима керак, нима керак эмаслигини ҳазрат домланинг юз-кўзларидан, қадам олишларидан, овозларидан, қай ҳолатда ўтиришларидан билардим. Хафа ёки хурсандлигига қараб иш қилар эдим. Ўйлайманки, бу борада ҳеч дакки емадим).Муфтий жанобларининг ҳайдовчиси кўчада машинасини ювиб, кутиб турар эди. Хуллас, икки ҳазратнинг суҳбатлари охирлади, шекилли (суҳбат мавзусини эшитганим йўқ), икковлари ҳам ўринларидан туришди. Муфтий ҳазратлари қўлларини қовуштирган, гавдалари бироз олдинга эгилган ҳолатда орқалари билан, ҳазрат домла эса ул зот ҳам қўллари қовушган, бироз олдинга эгилган ҳолатда олдига юра бошладилар. Икки улуғ зот бир-бирларини ақл бовар қилмайдиган даражада ҳурматлаб қадам ташлашмоқда эди. Шундайки, муфтий ҳазратлари орқаларига қарамас, ортларида эса катта, эни икки метрга яқин ариқ, ариқнинг устида бир дона тахта кўприкдан (эни 25–30 см. чиқадиган) ўтибоқ, йўлак чапга бурилади... Оёқ салгина бежо босилса, ариққа тойиб кетиши ҳеч гап эмас. Мен бу ҳолатни тепадан, айвонда туриб кузатдим. Муфтий ҳазратлари орқа томонга худди олдинга босгандек оёқ босар, икковларининг оралари чамаси икки қадам эди. Менинг эса ана оёқлари ариққа тушади, энди йиқилиб кетмасайди, деб кўнглим ҳалак. Хайрият, ариқдан ўтиб олдилар, энди ўнг томонга сурилиб кетмасалар эди, югуриб бориб етаклаб ёки огоҳлантириб қўяй ин десам, гўё бир жойга михланиб қолгандай, ўрнимдан жилолмайман. Нафасим бўғзимга тиқилиб, жойимда тош қотиб туришдан бошқа чора тополмадим. Ниҳоят, ҳазратларнинг бирлари орқаси билан иккинчилари олди билан юриб кўчага чиқиб олишди. Муфтий жаноблари хайр-хўшдан сўнг машинага ўтирдилар. Ҳазрат домла машина кўринмай қолгунга қадар унинг орқасидан қараб қолдилар. Кейин изларига қайтар эканлар, беш-ўн қадам юргач, эшитилар-эшитилмас (бу пайт мен ҳазрат домланинг ёнларига келиб қолган эдим) ҳа, дадалари ҳазрат Эшон Бобохон ҳам авлиёсифат одам эдилар, деб қўйди... Ўшанда вақт топиб Зиёвуддин қори ҳазратларининг орқалаб юрган қадам изларини кўришни ўйлаб қўйган эдим, бироқ ҳазрат домланинг юқоридаги сўзлари хаёлимни бўлди. Унутдим. Орадан беш-олти кун ўтиб эса излар босилиб, супирилиб кетди...

Сезиб турибман ўзганинг кўнглида кечаётган фикр ни илғаб олишдек хориқу одатга ноил, ўз қаршисида орқага юриб бораётган одамнинг ҳам қадам олишини тўғрилаб боришдек руҳий қувватга эга бўлиш мумкинми, дегандай иккиланиш, хавотирни туюб турибсиз. Кўнглингизда “сал ошириб юбормадингизми” деган андиша ҳам йўқ эмас. Аммо начора. Мен кўрганимни, ҳис этганимни, бошимдан кечганини айтдим, холос. Ҳазрат домла ана шундай фазилатларга эга инсон эди... 

Жиккак жуссали бу одамнинг чувак юзларида Алихонтўра Соғунийни эслатувчи чизиқлар бор эди. Мен у кишидан Соғуний ҳузурларига қандай бориб қолганларини сўраганимда Яҳёхон қори ака шундай деди:

–  Ҳазрат домла билан уруғмиз. Катта буваларимиз Мирниёз хожа катта уламо ўтганлар. Дастлаб Чуст шаҳрига қўйилган. Кейинчалик у одам қўйилган қабрлар истироҳат боғига қўшилиб кетган экан. Шунда мурид-мухлислари қабр чеккасидан лаҳм ковлаб суякларини Шаҳрихондаги бир маҳалла қабристонига олиб келиб кўмишган. Дадам ҳар йили август ойида бизларни етаклаб ўша қабристонга зиёратга боргувчи эдилар. Олимхонтўранинг ўғиллари Юсуфхонтўрадан унинг бувамиз Мирниёз хожанинг Чустдаги қабр жойларини кўрганини эшитган эдим.

Энди улардан кейинги бувамиз Муҳаммадхонтўрам қабрлари Наманган билан Шахант йўлидаги Қатағон Сарой қишлоғида. Сирдарёнинг бўйида қурилган Хонақоҳда жойлашган. Бу жойни Сарой қишлоқ ҳам деб қўйишади. У жойда истиқомат қилиб ўтган Луқмонхонтўрам, Ҳабибуллохонтўрам, улардан ташқари ҳазрат домланинг дадалари Шокирхонтўрам, менинг дадам Омилхонтўрам ҳаммалари бир уруғдан. Тўрақўрғонда Собитхонтўрамнинг авлодлари бор. Яна бир бувамиз Қосимхонтўрам Шахантдан Андижонга келиб бир неча вақт истиқомат қиладилар. Кейин эса Хўжаободга, ундан Булоқбоши ва Ўш орқали Ўзганга келиб қолади. Қосимхонтўрам шу ерда яшаб, одамларни динга даъват қилиб 1930 йилларда 74 ёшларида вафот топадилар. У кишининг қабрлари ўз аждоди бўлмиш Қилич Бурҳониддин бувамизнинг қабрлари олдида. Менинг падари бузрукворим Омилхонтўра ҳам мана шу Ўзган шаҳрида яшаб ўтдилар.–  Бир куни ҳазрат домла шундай дедилар, – давом этади Яҳёхон қори. – Дадамиз Шокирхонтўра ўзи борган қайси бир шаҳар ва қишлоқда кишилар бирор қабрни зиёратгоҳ билсалар, ўша жойга бориб уч кун рўза тутиб, таважжуҳ (ихлос қўйиб қараш) билан ўлтирар эдилар. Ўша қабр эгаси ҳақиқатан ҳам азиз-авлиё бўлса, албатта, кўриниш беради, дер эдилар. Шу тариқа бир сафар Ўзганга бордилар ва Қилич Бурҳониддин қабр и устида уч кун рўза тутиб ўтирдилар. Агар бизнинг аждодимиз бўлсалар, албатта, кўриниш берадилар, деб. Қилич Бурҳониддин учинчи кун тонгда дадамларга кўриниш берган эканлар. Энди Саййид Бурҳониддинга “қилич” насабининг берилиши ривоятларда  шундай  келади: Саййид Бурҳониддин ёшлик вақтларида йўлда бораётганларида миршаблардан бири беодоблик қилиб, у кишини оти билан туртиб юборибди. Шунда ул зот ердан бир чўпак олиб бояги беодобни урганда оти билан қўшилиб, иккига бўлиниб кетган экан. Ул зотга “Қилич” насаби берилиши шундан.

Дадам Омилхонтўра ҳам менга Қилич Бурҳониддин 21-буванг бўлади, деб айтган эдилар...

Яҳёхон қори шундай деб, хонага чой олиб кирган невараси очиқ қолдирган эшик табақасини ёпгани турди. Ўша кунлари қаттиқ қиш эди. Биз қори аканинг уйига ўзганлик олим, шаҳардаги меъморий обидаларни асраш ва таъмирлаш бўйича кўп яхши савоб ишлар қилган дўс тимиз Авазбек ҳамда жияним Озодбек ҳамроҳлигида борган эдик. Яҳёхон қори жойига келиб ўтирди. Хонада кеча кечқурун ёқилган печканинг илиғини сезиш мумкин эди. Бизнинг келишувиз Яҳёхон қори аканинг хотираларини уйғотиб юборди. У киши бошда Соғуний билан бўлган мулоқотлари, унинг ҳузурида кечган ўз ҳаёти ҳақида тутилмай сўзлаб берган бўлса-да, аммо бироз вақт ўтиб ўқтин-ўқтин бир нуқтага қараган-ча, туриб қолар, бундай сукутлар пайтида қори ака гоҳ жилмаяр, гоҳ эса “ҳа, аттанг-а” деб овоз чиқарар эди... У гўё устозининг ҳузуридаю у билан мулоқот қиларди.

–  Мен бир туш кўрдим, – деди Соғуний Яҳёхонга қараб. – Унда гўё ҳаммаёқ қиёмат-қойим қўпгандай тало-тўп эмиш. Тумонат одам тобут кўтариб келишяпти. Улар айтишдики, бу тобутда Пайғамбаримиз бор деб. Мен эса ичимда айтиб турибман, Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилганларида оқ кигизга йўргакланган, деб. Вафотларида ҳам оқ кигизга ўралган. Тобутда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ кигизга чулғанган ҳолда ётардилар... Уйғониб кўрган тушимнинг таъбирини нимага йўйишни кўп ўйладим. Яна шуни айтиш керакки, ўтган уламолар шундай дейишган: “Кимки ҳазрат Пайғамбаримизни тушида кўрса, демак, ўзларини кўрибди. Нега деганда, шайтон алайҳилаъна одамнинг тушида ҳар қандай киши суратига кириб кўриниши мумкин. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом суратларига кира олмайди. Бунга Аллоҳдан изн йўқ”.

–  Яҳёхон, – деб чақирди бир куни уни Соғуний дарахтларга шакл бераётган чоғида. Қори қўлидаги гулқай чини дарахтга илиб, устознинг қаршисига келиб, қўл қовуштирди. – Ўш шаҳридан нарида Новқат деган ажойиб катта қишлоқ бор. Боғ-роғлари, оқар сувлари кўп маскан. Ўша жойда “Саҳоба” номи билан аталувчи бир зиёратгоҳ ҳам мавжуд. Биласанми, нима сабабдан бу ернинг об-ҳавоси мана шу теварак-атрофдаги жойларга нисбатан баҳаво? Вой, Саҳобанинг ўрикларини емабсан, бу дунёга келмабсан. Сабабини билмасанг, мен айтай. Бу ерларга ҳижрий 60-йилларда, яъни Қутайба ибн Муслим лашкарларидан 30 йил илгари саҳобалар Исломга даъват қилиш учун юриш қилишган. Улар мана шу жойларда шаҳид бўлишган. Аслида, у жойнинг номи Саҳоба эмас, Саҳобалардир...

–  Бир ажойиб суҳбат эди,  – деб бирдан ҳушёр тортди Яҳёхон қори. – Рамазон ойи бўлиб, шогирдлардан Сирожиддин домла ҳазратни ифторликка таклиф этди. Устоз ўзи билан бирга боришимни айтди. Бордик. Оғизни очиб, шом намозини ўқиб бўлгач, дастурхонга қайта ўтирдик. Бир-икки пиёла чой ичилиб, суюқ овқатдан сўнг домла ўтирганларга қараб: Савол бўлса айтинг лар”, деди. Хонтахтанинг икки тарафида ўтирганларнинг кўпл ари мулло одамлар эди. Шариат ва тариқатдан бироз гаплашилди. Берилган саволларга жавоб қайтарилди. Шунда ўтирганлардан бири шундай деди: “Маълумки, Навоий жаноблари Фоний тахаллусида ҳам ғазал ёзганлар, жумладан мана бу:

“Дар мусаллахики ханжари қассоб раҳнаёфт, Кар дат қатора дар жигар жавҳар ойина”.Байтни тинглаб, ҳазрат домла узоқ сукутга чўмди. Кейин оҳиста бошларини кўтариб дедики, бу байт Фоний, яъни Навоийнинг байти эрмас. Мазкур битик Бедилнинг қаламига мансубдир. Байтнинг маъносини Аҳмад Дониш шундай баён қилади: “Мусаллахдан, яъни қуролланишдан мақсад ишқ муҳаббатдур. Жавҳар эса юқоридаги қудс оламининг аҳллари, яъни фаришталардир”.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистоннинг қулаши ва оммавий қатағонлар

408 21:05 01.10.2022

Укамни гўдаклигида холам эмизган...

693 20:10 01.10.2022

Ислом оламининг қадимий беш кутубхонаси

369 19:25 01.10.2022

Фиқҳнинг уммат орасида тарқалишига сабабчи бўлган тўрт саҳоба. Саҳобалар даврида фиқҳнинг ҳолати

380 17:55 01.10.2022

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

292 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

524 15:55 01.10.2022
« Орқага