Эй дил, яшамадинг бир кун осуда,
Неча гул фаслимиз кечди беҳуда,
Умр қоронғуда, шуъур уйқуда –
Наҳорлар олдида хижолатдамиз.
Тўрт девор ичида – ғарбу шарқимиз,
Ноҳақлик қошида – сукут халқимиз,
Жимликда девордан йўқдир фарқимиз,
Деворлар олдида хижолатдамиз.
Ҳар порлоқ шиорнинг орти – вайрона,
Озод қалб, ҳақиқат бизга бегона,
Ният шиорларда қолиб ҳайрона,
Шиорлар олдида хижолатдамиз.
Эй дил, ўз ҳолингни танг қиладурсан,
Умрингни неча хил ранг қиладурсан?
Кечалар ким билан жанг қиладурсан? –
Бедорлар олдида хижолатдамиз.
Дунёда бемор кўп, соғлом эл билан,
Муҳибблар, сийламанг бизни гул билан,
Вужуд соғ бўлса ҳам, хаста дил билан
Беморлар олдида хижолатдамиз.
Оппоқ қорлар бизга – танбиҳ ва сукун,
Виждон ухлаганми, ўлганми бу кун,
Гуноҳдан қорайган кўнгиллар учун,
Оқ қорлар олдида хижолатдамиз.
Баҳор, жоним баҳор, гуллари – олис,
Ҳар кимнинг яшашга ҳаққи бор, холис,
Ноҳақ хазон бўлган умрлар боис,
Баҳорлар олдида хижолатдамиз.
Дунёда мозор кўп, ер кўп, бемисол,
Мирзо, бутун умринг – надомат, савол,
Биз гўрга кирмаган ўликлар мисол,
Мозорлар олдида хижолатдамиз...
Мирзо КЕНЖАБЕК