Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳилол номи берилган ороллар давлати

1322

Комор ороллари иттифоқи - Ҳинд океани, Мозамбик каналининг шимолий чегараси, Aфриканинг шарқий соҳилида жойлашган орол давлат. Жануби-шарқда Мадагаскар ва Майотта, шимоли-ғарбда Танзания, ғарбда Мозамбик ва шимоли-шарқда Сейшел ороллари билан денгиз чегаралари бор. Пойтахти ва энг катта шаҳри - Морони. Ислом давлат динидир. Aраб Лигаси аъзоси сифатида Комор ороллари араб дунёсидаги бутунлай жанубий ярим шарда жойлашган ягона мамлакат ҳисобланади. Мамлакат, шунингдек, Aфрика Иттифоқи, Франкофония ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ҳинд океани комиссиясининг аъзосидир. Комор, француз ва араб тиллари давлат расмий тилларидир. Комор франки - давлат пул бирлиги. 

Майдони 1861 квадрат километр. Майоттани ҳисобга олмаганда, мамлакат аҳолиси 2020 йил ҳисобига 893000 кишини ташкил қилган. "Комор" номи арабча "қамар" ("ой") сўзидан келиб чиққан. 

Ушбу суверен давлат учта йирик орол ва кўплаб кичик ороллардан иборат. Ороллар французча номлари билан машҳур: шимоли-ғарбда Гранде Коморе (Нгазиджа), Моҳели (Мвали) ва Aнжуан (Нжуани). Ҳукумат жануби-шарқий Майотта оролига ҳам даъво қилса-да, Майотта 1974 йилда Франциядан мустақил бўлишга қарши овоз берган ва 2011 йилдан расман Франциянинг чет эл департаменти сифатида бошқарилиб келмоқда. 

Комор оролларига биринчи бўлиб Шарқий Aфрикадан келган араблар, австралияликлар, банту тилида сўзлашувчилар муқим ўрнашган. 1975 йилги мустақилликка қадар XIX асрдан бошлаб Комор ороллари Франция мустамлакаси бўлган. Мустақилликка эришганидан бери мамлакат 20 дан ортиқ давлат тўнтаришларини бошдан кечирди, бир неча давлат раҳбарлари ўлдирилди. Шу сабабдан мамлакат иқтисодиёти ҳозирда абгор аҳволда. Ўзининг бетакрор гўзаллиги билан машҳур бўлган Комор архипелагининг вулқон ороллари хушбўй ўсимликлари сабабидан "Парфюмерия ороллари" деб номланган. 

Дин 

Аҳолининг 98-99 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. 2018 йили қайта кўриб чиқилган конституция ҳаволасида давлат дини тушунчаси олиб ташланган бўлса-да, Аҳли сунна вал жамоадан бошқа мазҳабларни тарғиб қилиш тақиқлаган. Исломдан бошқа динларни тарғиб қилиш эса умуман тақиқланган. Мусулмон аҳолининг деярли ҳаммаси Шофеий мазҳабига амал қилади. Ривоятларга кўра, Ислом  Комор оролларига VII асрда Мбуде ҳукмдори Мтсва Мвинжа ва Усмон ибн Aффон розияллоҳу анҳунинг ўғли Муҳаммад ибн Усмон томонидан олиб келинган. Ислом Комор оролларидаги ўзаро адоватда бўлган қабилаларни бирлаштирган. Мустамлака даврида французлар Исломга қарши бошқа колониялардаги каби қаршилик қилишмаган. Исломий байрамлар Комор оролларида кенг нишонланади.

Архипелаг бўйлаб юзлаб масжид ва мадрасалар жойлашган. Барча ёш болалар беш ёшдан бошлаб Қуръон мактабларида икки ёки уч йил ўқишади. Мактабларда Ислом ва араб тили ўргатилади. 1998 йили Морони шаҳрида Шаржа амири томонидан молиялаштирилган янги жоме масжид очилган. 

Морони масжиди

Морони масжиди Комор ороллари пойтахти Морони шаҳрида жойлашган масжиддир. Масжид XIX аср бошларида қурилган бўлиб, пойтахтнинг Бажанани тумани марказида жойлашган. Масжид араб-мусулмон меъморчилиги услубида қурилган. Ушбу масжид сайёҳлик манзили ҳамдир. Масжид ранги доим оқ рангда бўлган. Катта минорага эга бўлганлиги сабабли масжидни узоқ масофадан кўриш мумкин. Морони масжиди тарихий масжидлардан ҳисобланади.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага