АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайснинг баёнот беришича, расмий Вашингтон Ҳиндистондаги ҳукмрон партия аъзоларининг Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақоратловчи баёнотларини қоралайди.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Прайс Ҳиндистоннинг ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) аъзоларининг баёнотлари ҳақоратли эканлигини айтди.
"Биз БЖПнинг икки амалдори томонидан қилинган ҳақоратомуз изоҳларни қоралаймиз ва партиянинг бу изоҳларни очиқчасига қоралаганини кўришдан мамнунмиз. Биз Ҳиндистон ҳукумати билан мунтазам равишда инсон ҳуқуқлари, жумладан, дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича юқори даражадаги муҳокамалар олиб борамиз ва Ҳиндистонни ушбу ҳуқуқларни ҳурмат қилишга чақирамиз", - деди матбуот котиби.
Ҳиндистон мусулмонлари ўртасидаги норозилик ва тартибсизликлар ҳукмрон Бҳаратия Жаната партиясининг икки вакили Нупур Шарма ва Навин Кумар Жиндал теледебат чоғида Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан ҳақоратомуз сўзларни айтганидан кейин бошланди.
Тартибсизликлар фонида Шарма дарҳол лавозимидан четлаштирилди ва партиядан чиқариб юборилди.
Полиция Шармага қарши динлараро адоватни қўзғатиш билан боғлиқ моддалар бўйича жиноий иш очди.
Жиндал ҳам партиядан чиқариб юборилди.
Шундан сўнг Шарма Тwitter’да мусулмонлардан узр сўради ва ҳеч кимнинг кўнглини оғритмоқчи эмаслигини таъкидлади.