Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Тарих

Хиёнатдан омон қолмаган Омон полвон

2757

Омон полвон Фарғона водийсида советлар истилосига қарши миллий озодлик ҳаракатининг раҳбарларидан бири. У 1856 йилда Наманган вилояти Хизробод қишлоғида туғилган. 1918 йил бошларида большевиклар зулми ҳаддан ошгач, Фарғона водийсида қизил армияга қарши қуролли ҳаракат бошлаган 9 ҳарбий қўмондоннинг бири бўлди. Буюк қўрбошилар Мадаминбек ва Шермуҳаммадбекнинг ҳарбий топшириқларини бажариб, 2500—3000 нафар йигитга бош бўлган. Дадабой (Тўрақўрғон) ва Мақсуд (Уйчи) унинг энг яқин қўрбошилари саналган. Беш йил давомида “қизиллар”га қарши ғазот олиб борган Омон полвон Норин дарёсидан Чустгача бўлган ҳудудни ўз назоратига олган эди. 

Омон полвон

Омон полвон Мавлонқул ўғли болалигидан бир сўзли, мард йигит бўлиб улғайди. Кураш тушиб, от чоптириб элнинг назарига тушди. Халқнинг ҳурматини қозонган Омон полвон Қўқон хонлигининг энг таниқли эшонларидан Ҳожи Муҳаммад Аминбекнинг фатвоси билан мироббошиликка тайинланади. Айтишларича, чор атрофда донғи чиққан Омон полвон Қўқон томонда катта бир улоқда ютқазиб, улоқни олдириб қўяди. Икки оти билан ҳам соврин ололмагач, шерикларини ташлаб ортга қайтади. От чоптириб Балиқчига яқинлашганда йигитлари билан Андижондан қайтаётган янги ҳоким – ёш Турдиалибойваччани кўриб қолади. Улар билан саломлашиб, “бек, отларим ярамади саманингизни беринг шаънимни тиклаб олай” дейди. Бек шарт отидан тушиб, узоқ йўлдан ўзи ҳам оти ҳам терлаб пишган Омон полвонга саманнинг жиловини тутқазади. Ҳамроҳлари “бек, шундай қиммат отни бир оғиз сўзга бервордингиз-а” дейишади. Бек: “Омон полвон олдимизга умид билан келаётган эди. Худо манзилини яқин қилди, йўлимиздан чиқди. Бизга полвоннинг шаъни керак. У юртнинг шаънини ҳимоя қилади. Бу бир от экан-ку, йигитнинг шаъни минг отлардан қиммат туради”, деган экан. Омон полвон саманни миниб Қўқон томонга чоптириб кетади. Етиб бориб улоқнинг сўнгида энг катта ютуқлаини бир неча бор олиб, ғолиб бўлиб қайтади. Саман ўзи улоқ олдида тиз чўкиб туриб, отлар орасидан ёриб чиқиб кетар экан. Отнинг катталигидан ўрта бўйли кишилар мина олишмаган экан.

1918 йил Туркистон Мухторияти қонга ботирилгач, большевик қизил аскарлар ва арман дошноқларининг қирғинбаротлари авж олиб, элнинг мислсиз қони тўкилишига сабаб бўлди. Мана шундай талотўп замонда Хизробод қишлоғида мироббоши вазифасида бўлган Омон полвон халқ ҳимояси учун қўлига қурол тутишга мажбур бўлади. Зархонга келган пири Ҳожи Муҳаммад Аминбек эшон унга милтиқ ва бир неча йигит беради. Унга қўрбоши унвони ва халқдан солиқ йиғиб олиш ҳуқуқини берувчи фатво ёзиб, ўз муҳрини босади. Шундан сўнг Омон полвон ҳам Туркистон миллий озодлиги учун ҳаёт-мамот жангига кирган истиқлолчилар сафидан ўрин олди. Аввал Муҳаммад Аминбекнинг буйруғи билан Наманган Андижон ўртасидаги темир йўлни бузди. Муҳаммад Аминбекнинг Наманганга юришида иштирок этиб, ўз йигитлари билан Наманган шаҳрининг вокзал томонини қизил аскарлардан тозалашга бош-қош бўлади. Тўрақўрғонлик Дадабой қўрбоши ва уйчилик Мақсуд қўрбошилар унинг энг яқин сафдошлари эди. Бундан ташқари яна ўнлаб майда ўзбек ва қирғиз қўрбошиларга раҳбарлик қилиб, жами йигитлари сони 2500-3000 нафарга борарди. Мадаминбек шаҳид бўлганидан сўнг Шермуҳаммадбекнинг раҳбарлиги остида бўлди. 1922 йилда Омон полвон Мавлонқул ўғли Норин дарёсидан Чустгача бўлган ҳудудларни ўз назоратига олади. Бироқ, ҳарбий қонунларни назар писанд этмаган большевик маъмурлари уни синдириш учун ҳар қандай тубанликдан қайтмадилар. Аввал, доимий қочқинлардан толиққан турмуш ўртоғи Қорасоч бегимни, сўнг уни қидириб келган ягона ўғлини ҳийла билан ҳибсга олади. Шунда Омон полвон “битта-ю битта ўғлим, шуни қайтариб берсаларинг бердинглар, бўлмаса ҳаммангнинг каллангизни оламан” деб таҳдидли хитобнома йўллайди. Аввал аёлини, кечга яқин ўғлини икки қизил аскар қайтариб олиб келади. Бироқ, советларнинг тинимсиз фитналари ва оғир шароит йигитларни ўта толиқтирган эди. Натижада қаршилик кучлари ўртасида парчаланиш кучаяди. Айниқса 1922 йил унинг қароргоҳига келган Ҳожи Муҳаммад эшонни Аҳмадбек полвон деган қўрбоши “ҳукумат тарафидан юборилган хоин” деган бўҳтон билан отиб ташлайди. 86 ёшли элнинг ардоғидаги пир инсоннинг Омон полвоннинг қароргоҳида ҳалок бўлиши ҳам унинг эл орасидаги обрўсига катта зарар етказади. Бунинг устига ёши улуғлиги туфайли соғлиғи ҳам ёмонлашиб бел оғриғи туфайли отнинг устида ўтиришга қийнала бошлайди. Шунда 1922 йилдан қўли остида бўлган Ёқуббек Парпибоевга Қуръонни қўйиб аҳд-паймон билан ота-бола киришгач, ўзининг йигитлари ва Хизрободда яшириб қўйган 40 дона милтиғини топширади. Омон полвон шундай кунларнинг бирида собиқ дўсти мулло Нурқул мироббошининг яраш оши таклифига рози бўлади. Аслида мулло Нурқул анча вақтдан буён большевикларнинг махсус бўлимидан қурол-яроғ ва вазифа олиб Омон полвоннинг изига тушган эди. Ёқуббек ҳам мулло Нурқулнинг фитнасига рози бўлиб хиёнат йўлини тутади. Улар 1923 йил 24 май куни қўрбоши Омон полвонни боғлаб ҳукуматга топширишга қарор қилади. Бу хиёнатдан хабар топган Баёз қўрбоши Ёқуббекдан Омон паҳлавонни қўйиб юборишини талаб қилади. Бироқ, бу вақтда Ёқуббекнинг акаси Аҳмадбек аллақачон қизил аскарларни олиб келган эди. Шу тариқа умрининг 25 йилини мироблик қилган, кураш ва улоқларда ҳалол ғалабаси билан халқ олқишини олган, озодлик учун жангларда жон олиб жон бериб душманларининг ҳам эътирофини топган бир инсон макр-ҳийланинг, адоват ва хиёнатнинг қурбони бўлди. 

1923 йил 27 май куни Омон полвонни топширганлиги эвазига катта унвон ва имтиёзлар илинжида гарнизонга борган Ёқуббек Парпибой ўғли ҳам йигитлари билан ҳибсга олинган...

Кўп куттирмай 1923 йил 11 июнь куни Наманганнинг “Шарқ” театри биноси Омон полвоннинг судини кўришни истаган томошачилар билан тўлди. Суд раис, аъзолари, қораловчилар, ҳатто “ҳимоячи”лар бўлган суд театри уч кун давом этди. Омон полвон Мавлонқул ўғли, Ёқуббек Парпибоев, шунингдек, Абдуғаффор Холиққулбоев, Отақул Дарвеш ўғли, Ҳакимбой Абдибой ўғли, Худойберди Дўстбой ўғлилар қора курсига ўтқазилди. 

13 июнь куни суднинг охирги мажлиси бўлди. Бу ҳақда ўша пайтда чиққан “Фарғона” газетаси шундай деб ёзган:

“...Бутун кишилар оёқ узра турган ҳолда маъюбларнинг гуноҳларига яраша ҳукмлари эълон қилинур:

1 – Омон полвон босмачилиқ ташкилоти тузулгонидан бери қилғон ишларини бирма бир айтиб чиқиб натижада жиноят қонунининг биринчи бобининг 72 инчи статиясига мувофиқ жазога ҳукм қилинур.

2 – Ҳаким Абдибой ўғли 3) Абдуғаффор Холиққули ўғли 4) Худойберди Дўстбой ўғиллари ҳам суд вақтида бўйинларига қўйилган айбларига мувофиқ мазкур ҳукм билан жазога мустаҳиқ бўлсалар ҳам локин Абдуғаффор Холиққули бой ўғли ёш бўлиб очиқдан-очиқ босмачилиқ қилмағони учун ўз юртидан тўрт йил бадарға қилиниб мулк ва ашёси мусодара қилинмоқға; Худойберди Дўстбой ўғли ҳам мулк – ашёсидан маҳрум қилиниб 10 йил ҳибсга ҳукм қилинди.

Аммо Омон полвон билан Ҳаким Абдибой ўғлилари жиноят ва қилғон гуноҳлари ортуқ даражада бўлганликдан бутун бор-йўқлари мусодара ўзларини отишга ҳукм қилиниб ҳарбий ҳолатни назарда тутуб, 72 соат сўроқ берилмасдан ҳукм дарҳол ижро қилинур.

Аммо Ёқуббек билан Отақул Дарвеш ўғуллари ҳам босмачилиқ билан айбланганликлари сабабли 72-моддага мувофиқ ҳукмга мустаҳиқ бўлсалар ҳам локин гуноҳлари, ишлари очув бўлмаганлик сабабдан ишларини бутунлай ҳақиқат қилиб чиқмоқ учун особий отделга топширилур.

Ҳукмни ижро

Омон полвон билан Ҳаким Абдибой ўғлига ўз ҳукмлари билдирилганидан кейин икковининг қўлини орқасига боғлаб ўлим жазосидан қутулғон маъюблардан ажротуб особий отделга келтирилди.

Бунда бир оз турганидан кейин Наманганнинг шимол томонидаги адирга қараб ҳаракат қилинди. Отиш маросимига тахминан икки мингдан ортиқ халқ томошоға чиққан эди. Қабр Тайёр бўлганидан кейин маъюбларни олиб келиб особий отделнинг коменданти томонидан Омоннинг бўйнига наган билан бир ўқ қўйилди. У чўзулуб қолғондан кейин кейин Ҳакимбойни тўғрилаб унга ҳам қўйилди. Бундан кейин Омонга икки ўқ – Ҳакимбойга бир ўқ отилиб, қабрга ташлануб, устидан тупроқ тортилди.

Фарғонадаги босмачилиқ ҳаракатининг олти йиллиқ бир қаҳрамони бўлган Омон полвон можаросига шунинг билан хотима берилди”.

Шўро ҳукумати уларни “босмачи” деб номлаб ярим аср халқимизнинг миясига қуйган бўлса-да, биз учун Омон полвон, Муҳаммад Аминбек, Шермуҳаммадбек каби боболаримиз ҳақиқий озодлик учун, эрк учун курашган  миллий қаҳрамонларимиз бўлиб қолаверади.

Баҳром Ирзаев, тарих фанлари доктори

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бухоро: қадимий мадрасага гўзаллик салони рекламаси ўрнатилган

258 10:12 08.12.2021

Помпейнинг охирги куни ёхуд нега Неаполь омон қолган?

1010 11:22 07.12.2021

Носирхон тўра – қўрбошиларга бош бўлган зот

1600 14:15 29.11.2021

Мўғулларнинг исломни қабул қилиши

1889 12:45 25.11.2021

Туя етаклаган Ҳазрати Умар

2407 21:05 23.11.2021

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: «Шавкат Мирзиёев ўртадаги «девор»ларни бузди...»

5334 20:20 11.11.2021
« Орқага