Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳожатхона саммитининг бизга нима кераги бор?

3455

Тармоқларда роса негатив ва масхараларга сабаб бўлаётган, Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган Бутунжаҳон ҳожатхона саммити (World toilet sammit) ўзи қандай ғоя ва ташаббусларни илгари суради? Телеграмдаги «Газетчи» канали шу масалага батафсил тўхталди.

«Кулишдан олдин мулоҳаза қилиш керак:
Ер юзида 1 млрд.дан ортиқ инсон айнан ҳожат масаласида санитар-гигиеник аҳвол ёмонлигидан азият чекяпти. Шу сабабли безгак, қизамиқ ва ҳатто ОИТСга чалинишмоқда.

Бизда-чи? Атрофингизга қаранг. Ҳудудларда кўп қаватли уйлар ҳалигача умумий ҳожатхоналардан фойдаланишади. Мактаблар, касалхоналар, ташкилотлар, бозорлар, умумий овқатланиш масканлари ҳожатхоналарини кўз олдингизга келтиринг. Аҳвол қандай? 

Узоқ йўлга чиққанда исталган жойдан овлоқ, пана жой қидириб қолиш, чет элдан меҳмонлар келса, бутун бошли шаҳарларда ҳатто бу тизимнинг йўқлигидан кулгуга қолаётганимиз-чи? 

Яхшиямки, барча «заправка»ларда ҳожатхоналарнинг бўлиши мажбурий қилинди. Овқатланиш масканларида унитазлар қўйиш бошланди. Буни мамлакатимизда «Ҳожатхона революцияси» дея баҳолашди. Лекин бу анча кам...

Саммит. 2001 йилда ташкил қилинган Халқаро ҳожатхона ташкилоти (World toilet organization) шу кунгача Бразилия, АҚШ, Австралия, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия ва Ирландияда ўз саммитларини ўтказган ва йирик халқаро жамғармалар ҳисобига тизимга янги санитар-гигиеник технологиялар олиб кирилган.

Сиз қўрқманг. Давлат бюджети ёки сизнинг чўнтагингиздан ҳеч нарса кетмайди. Фойдаси бўлса бўладики, бу «кулгули» тадбирнинг сизга зарари йўқ. Ҳожатхона маданиятини ошириш ишлари Жаҳон банки, Билл ва Мелинда Гейтс фонди, ЖССТ, UNICEF, Клинтон фонди ва USAID ташкилотлари томонидан молиялаштирилади», — дейилади мақолада.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ушбу саммит қанчалар кулгули туюлаётган бўлса, шу қадар долзарб экани ҳам бор гап. Эҳтимол, мана шу тадбирдан сўнг юртимизда жамоат ҳожатхоналари, таҳоратхоналар киши дилини хира қилмайдиган даражада яхшиланар. Зеро, бугунги кундаги ана шундай жойларнинг ҳаммаси ҳам мақташга арзигулик эмас ва ислоҳотларга мухтож.

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тошкент метрополитенида жамоат ҳожатхоналари ташкил этилади

278 13:35 07.01.2022
« Орқага