Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Хотира

654

IV

Алихонтўра таҳорат олгач, ният қилган икки ракат намозини ўқимоққа турди. Эгнидаги авра чопонини жойнамоз қилди. Ибодатни тугатиб, Аллоҳ таолога ҳамдлар, унинг Пайғамбарига салавотлар йўллаганидан сўнг ҳам жойнамоз устида узоқ ўтирди. Кўз олдидан марҳум отаси Шокирхонтўра, волидаси Норбуви отин, ака-ука, хеш-ақраболари бир-бир ўтди. Пишпекнинг Сўқулуқ мавзеида ўт казган кунлари, Тўқмоқ атрофидаги Қорақўнғиз масжидида имомлик қилган кезларини эслади. Бухорои шарифдан қайтиб, Сўқулуққа борган эди. Ўша йиллар айни коммунизмчиларнинг инқилоби арафаси бўлиб, бу вақтда кўзга кўринарли илм кишилари – домла, имомлардан тортиб, неча хил одамларгача ўз уйларига сиғмаганлигидан Алихонтўра ҳам туғилиб ўсган шаҳри Тўқмоқдан юз чақирим йироқдаги Сўқулуқ деган жойда, тунгонилар ичида кун кечиришга мажбур бўлган эди.

– Чунки – деб эсларди Алихонтўра, – Бухоро ўқишини шу замон одатича битказиб қайтганим сўнгида диний илм ўқувчилари оз бўлса ҳам шулар ичидан топилур эди. Бунинг устига, улар бошқаларга қараганда ҳар тўғриликда бизга ёрдамчи эдилар. Она томонидан хитой, ота томонидан араб бўлган бу халқ дунёдаги Ислом динини қаттиқ ушлаган миллатдир. Шу боис ҳам Хўжаниёз раҳбарлигидаги Қумул қўзғолони сўниб турган бир пайтда, ёрдамга келган тупгони мусулмонларининг ғайрати билан яна қайтадан оловланиб кетгани тарихларда ёзилган. Бу ишда Шарқий Туркистонга чегарадош Гансу ўлкасининг ҳокими, хитой мусулмонларининг энг улуғ раисларидан Хўжу, Солар волийси Мобуфангнинг жияни Гасилинг бошл иқ қўмонда кўрсатган қаҳрамонликлар таҳсинга сазовор бўлган. Гасилинг оз бўлса ҳам, Япония ҳарбий мактабида тарбия топгани, ўз аскарларини энг сўнгги япон ҳарбий тизимида тайёрлагани, энг муҳими унинг қўшини хитой мусулмонлари ичида диндорлиқ ва қаҳрамонликда атоғи чиққан Хўжу, Солар тунгониларининг фидойи йигитларидан қурилгани анча қўл келган эди. Ўзларининг бу сафарларини диний жиҳод деб ишонганлари учун бутун мусулмонлар ва диний олимлар томонидан бу қаҳрамон аскарларга: “Худо йўлида жонфидолар” номи берилмиш эди. Шунга белги бўлсин деб катта ҳарфлар билан ўчмас сиёҳда, ҳар бир аскарнинг кўкрагига арабча “Фийсабилиллоҳ” (Худо йўлида) деган сўз битилмиш эди. Улар руҳоний-диний томонларидан қандай чингитилиб (чиниқтирилган) тўлиқланган бўлсалар, жисмоний томонлари ҳам шу каби тарбият топиб, чингитилмиш эди...

Тарихдан маълумки, тунгони армиясининг бу қадар интизомли, жасур қўшинининг тўсатдан пайдо бўлиб, майдон юритиши, Кремлни ҳам ташвишга солиб қўяди. Шу боис советлар Гасилинг (тарихий маълумотларда Гансу ўлкасининг 36-дивизияси генерали Ма Чжунин) билан Хўжаниёз орасида низо туғдиришга киришадилар ва бунга эришадилар ҳам. Оқибатда Қумул қўзғолони муваффақиятсизликка учраб, неча минглаб шижоатли йигитлару бегуноҳ тинч аҳолининг қони тўкилади.

ХОТИРА. Тунгони халқи Шарқий Туркистоннинг туб аҳолисидан бири сифатида ҳар доим ерлик халқларнинг озодлик учун олиб борган курашларида фаол иштирок этиб келган. Маршал Алихонтўра раҳбарлигида 1944–1946 йилларда юз берган Шарқий Туркистон инқилобида ҳам уларнинг алоҳида ўрни бор. Буни жуда кўп тарихий ма­териаллар тасдиқлайди. Бундан ташқари, тунгони халқининг бир талай вакиллари Алихонтўра Соғунийнинг шахсий ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирганига мазкур китобга материаллар тўплаш жараёнида гувоҳ бўлдик. Жумладан, Қирғизистоннинг Бишкек ва Тўқмоқ шаҳарларида бўлганимизда биз суҳбат қилган кишилар Тўқмоқ ва унинг атрофида қадимдан яшаб келган тунгониларнинг ота-боболари Алихонтўра Соғуний билан яқин алоқада бўлишгани, у кишидан хат-савод чиқариб, Ислом динини танишгани ҳақида қизиқарли воқеаларни айтиб беришди.

Хусусан, Ивановка номли қишлоқда истиқомат қилаётган 79 ёшли қария Абдуллаохун Юнусов шундай ҳикоя қилади:–  Миллатим мусулмон. Тунгони халқиданман. Отамнинг исмини Шафуза дейишар эди. Отам Алихонтўра домла билан қадимдан қадрдон бўлиб, борди-келди қилган. Отамнинг айтганларига қараганда, 1930 йилларда Совет ҳукумати олиму имомларни қамоққа олиб, динга қарши уруш очган. Жуда кўп оқ-қорани таниган уламолар қатағонга учраб ўлиб кетди. Тўқмоқ депарасидаги кўпчилик тунгонилар Алихонтўранинг ўзи ва оталари Шокирхўжа тўрамдан сабоқ олишган бўлади. Энди, мен сизга айтсам, биз – тунгонилар Ислом динини маҳкам ушлаган халқмиз. Хуллас, ўша қатағон йилларида Алихонтўрам ҳам ўз юртига сиғмай қолади ва Ғулжага ҳижрат қилади. Ёпиқ чегарадан бола-чақа билан ўтиш қийин бўлга нидан ҳижратга якка ўзи кетган эканлар. Орадан бир-икки йил сўнг, 33-йили хотинлари ва кичик ўғлини қўшиб отам олиб ўтган. Сафарлари қишга тўғри келиб, йўлда бир неча ой қолиб кетишади. Бундан ташқари, ўша йили Чўвчакда совет аскарлари тунгони халқини қирғин қилди. Ўшандай талотўплардан қочиб юрган отам Алихонтўрам билан неча йиллар кўришолмай кетганини айтарди. Фақат мен беш ёшга тўлганимдагина тўра отамни топдик. У киши билан учрашар эканмиз, бошимни силаб, “Шафуза, бу боланг мулла бўлади”; иним  Паншерга қараб эса “Буниси ҳукумат бўлади”, деганларини эслайман. Ростдан ҳам мен мулла бўлдим. Шарқий Туркистон ҳукумати қурилганида ёшим тўққизда эди. Оқ-яшил байроғи бўлғучи эди ҳукуматнинг. Яхши замонлар бўлган. 50-йиллардан кейин юртга қайтдик. 1966 йил. Колхозда пиёз экардик. Пиёзнинг ҳаммаси  Яссарохун деган одамга қарашли эди. Бир куни мени пиёз ўғриси қилишди. Туҳматдан кўнглим оғриб уйқуга кетдим. Туш кўрибман. Тушимда Тошкентга борган эмишман. Бир катта ҳовли эмиш. Тўра отам шу ҳовли ўртасида турармиш, қўлларидаги бир дона ёнғоқни чақиб, мағизини менга узатиб, “Ма, болам”, деганида уйғониб кетдим. Албатта, Алихонтўрам Шарқий Туркистондан ўғирлаб кетилгандан сўнг у кишининг тақдири бизга қоронғулигича қолган эди. У кишининг тириклиги, соғ-омонлиги ҳақида 60-йиллардагина билдик. Кўрган тушимни эса ўшанда унинг авлиёлигига йўйдим. Чунки бу одам кўнгли мунглиқ кишилардан ёрдамини ҳеч қачон аямаган. Балки, ўша туҳматдан кўзим ёш, кўнг лим бузилиб турган кеча Алихонтўранинг ёдига отам Шафуза келганми, деб ўйлайман. Энди, бу Аллоҳнинг каромати. Шундайин, эрталаб турганимдан Тошкентга йўл олдим. Сўраб-суриштириб борсам, не кўз билан кўрайин, унинг кўчасида ўша тушимда кўрганим икки шохли автобус (троллейбус) юрибди, кўчадан киргач эса, бир томонида болалар чопқиллаб юрган кенг ҳовли. Тўрам яшайдиган уй ўша ҳовлининг бир қисмидагина жойлашган экан. Шу тариқа у кишининг қўлида 70-йилгача сабоқ олдим. Уйининг болохонасида яшадим. Уйларига кирганимдаёқ таниб, насиҳатлар қилди. Худди ноҳақликка учраганимни у кишига биров айтгандай.

Тўра отамнинг авлиёлигини яна бир ҳодиса боис билдим. Юқорида айтганимдай, унинг уй ида яшаб, ўзидан сабоқ олдим. Хотинлари анча қартайиб, саломатлиги ҳам заифлашиб қолган экан. Ўғиллари ўқишда, келинлари ишда. Хуллас, уйнинг бутун хизмати бўйнимда эди. Уйда икки сигир бўлиб, унинг ташвиши бир олам. Бундан ташқари, ўтин-кўмир ёқиш, кул тозалаш, эшик супуриш, э, иш кўп эди. Тўғриси, кунлардан бирида шу ишларнинг бариси оғир келиб қолгандай, кўнглимга олдим. Худди ана шу кўнглим ўксиниб қолган куни биз томонлардан етти нафар ёш-яланг келиб қолишди. Улар Самарқандни кўриш учун йўлга чиқишган экан, мени ҳам зиёратга судраш ди. Шунда тўра отам мени ҳузурларига чақириб, “Абдуллажон, Самарқандга борсангиз, Хўжа Аҳрор Валий деган аллома ўтган, ўша одамнинг қабрини топиб, Қуръон тиловат қилиб қайтинг”, деб топшириқ бердилар.

Самарқандга боргач, сўраб-сўраб Хўжа Аҳрор Валий ётган қабристонни топдим. Шу ердаги масжид сўфисидан у кишининг қабрини кўрсатишни илтимос қилдим. Шунда сўфи мени аллома қабри томон етак лаб бораркан:

–  Бу кишининг кимлигини ва бу каби улуғ даражага қандай етганини билурмисиз? – деб сўради.

Мен билмаслигимни айтдим. Шунда сўфи жаноблари Хўжа Аҳрор Валийнинг улуғ сифатларини сўзлаб кетди:

–  У кишининг энг муҳим фазилатларидан бири Хўжа Аҳрор Валий устозларининг хизматини беминнат адо этганлар. Ҳеч бир меҳнатни кўнглига оғир олмаган...Сўфининг бу сўзини эшитибоқ, ўша тобнинг ўзида “дод” деб йиғлагани турдим. Тўра отам кўнглимдан ўтган гапларни илоҳий бир қудрат билан сезганини ва шу боис ҳам Хўжа Аҳрор Валий қабрларини зиёрат қилишимни буюрганини билдим. Тошкентга қайтгач, у кишидан кўнглимдан ўтган иштибоҳлар учун кечирим сўрадим. Тўра отам мен ҳали беш ёшда эканман, мулла бўласан, деб башорат қилган эдилар. Ростдан ҳам мулла бўлдим. Ишни ўша Тўқмоқдаги Шокирхўжа номига қўйилган масжидда бошлаганман. Кейин Бишкек шаҳри ва унинг атрофидаги масжидларда ўттиз икки йил имомлик қилдим. Бир-икки йил бўлди, уйдаман. Ҳамроҳларимни эса кўриб турибсиз, − деб уй тўла китобларга ишора қилди. − Тўра отамнинг йиғлаб ёзган “Туркистон қайғуси”, “Тарихи Муҳаммадий” китобларидан ҳамон дарс оламан...

Ҳа, дарвоқе, укамни “бу бола ҳукумат бўлади”, деган эдилар. Паншер ростдан ҳам Хитойнинг Текас вилоятида узоқ йиллар райком секретари бўлиб ишлади. Бир дарахтдан ҳар хил мева бўлишини авлиёлар билади...

ТАРИХ. Шарқий Туркистон инқилобининг бевосита иштирокчиси Ибраим Яваохуновнинг “Тунгонилар: ўтмиш ва ҳозирда” китобини ҳам Абдулла охун домланинг уйида кўрдик. Китоб 2008 йили Олмаота шаҳрида нашрдан чиққан экан. Унинг муқаддимасида тунгони халқи ҳақида сўз юритилиб, мазкур миллат Хитойда пайдо бўлгани, оздан кўпайгани айтилади. Тунгони халқи дунёдаги энг ёш миллатлардан ҳисобланади. Собиқ иттифоқ ҳудудида яшайдиган тунгонилар бошқа жойлардаги мусулмонлар каби исломий исмлардан фойдаланишади...

Юқорида айтганимиз Ибраим Яваохунов ўз китобида Ила тунгониларининг Уч вилоят инқилобидаги иштироки ҳақида бундай ҳикоя қилади: 

“Халқ озодлик ҳаракатининг бошланишига Нилқи ноҳиясида аҳоли кенг оммасининг 1944 йил август ойид а бошланган чиқишлари туртки бўлди. 1944 йил 12 ноябрда Ғулжа шаҳри гомин данчилардан озод этилгач эса Шарқий Туркистон Вақтли ҳукумати ташкил этилди. Тунгонилар ҳам золим ҳукуматни ағдариш учун курашда бошқа халқлар билан бир қаторда жонбозлик кўрсатди ва уч вилоятнинг инқилоб байроғини кўтариб, Вақтли ҳукуматни ҳартомонлама қўллаб-қувватладилар. 1944 йил 16 ноябрда Вақтли ҳукумат аъзоси Карим ҳожи Даузов раҳбарлигида тунгони фаоллари, мўътабар оқсоқоллар, қабила бошлиқлари, зиёлилар вакиллари, ҳур фикрли руҳонийлар иштирокида таъсис мажлиси бўлиб ўтади. Мажлисда халқ ҳаракатининг Тунгонилар маркази ташкил этилди. Тунгони халқининг таниқли арбоби, гоминданчиларга қарши курашнинг фаол иштирокчиси Сейсер ҳожи Хэшанло бир овоздан марказ раиси этиб сайланди. “Тунгони маркази” ва унинг раҳбарларининг фаолияти инқилоб ғалабасига катта ҳисса қўшди.

Вақтли ҳукуматнинг фаолияти жуда қийин шароитларда кечди. Инқилоб дастлаб Нилқи ва Ғулжада ғалаба қилди. Шу нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдимки, инқилоб жараёнида Тунгони маркази ва унинг тунгони аҳолиси ўртасида иш олиб боришда ўзбек миллатининг фарзанди, Тўқмоқ (Қирғизистон) шаҳридаги тунгонилар орасида ўсган Вақтли ҳукумат раиси Алихонтўра жуда катта ёрдам кўрсатади. У ўз шахсий намунаси ва обрў-эътибори билан тунгониларни Ватанни озод қилиш ишига руҳлантирган”.

Шу ўринда Қутлуғхон Шокиров – Эдиқутнинг “Шарқ юлдузи” журнали 1992 йил июль сонида отаси ҳақида ёзган хотираларида келтирилган бир совет офицерининг иқрорномасини эсламасдан ўтолмадик. Ўша хотира-мақолада бундай дейилади: “Йигирма бир совет нишони кавалери, ўша пайтда Шарқий Туркистонга ҳарбий мутахассис бўлиб борган тошкентлик Толибжон ака Обидов айтадилар: “Алихонтўрам жаноблари жанг бош ланишидан аввал аскарлар олдида нутқ сўзлаганларида, йигитларнинг кўзларидан ўт чақнар, нутқ тезроқ тугасаю жангга отлансалар. Ҳужумга қўмонда бўлганча уларни зўрға тўхтатиб турардик. Жанговар руҳ ва ғалабага ишонч жуда кўтарилиб кетарди. Тўра отам окоп кўрган ҳақиқий аскарбоши эдилар ва мен ҳавас қилган томони – бундай раҳбарларнинг бахтлиси эдилар. Чунки ҳар бир аскар у кишини севарди, ҳурматларди, ҳатто илоҳий қувват эгаси, деб чинакамига ихлос қўйиб эъзозл арди”.Ёки бошқа бир хотира. Ўша суронли давр воқеаларининг шоҳиди бўлган уйғур ёзувчиси Абдуқодир Зуннун  Алихонтўрани бундай хотирлайди: “Тўрам нутқларини тинглаш учун, одатда, минглаб одам йиғиларди. Сўз бош лаганларида пашша учса эшитиладигандек жимлик чўкарди. Мавзуни тингловчиларга дарровоқ аён қилиб, унинг асл ҳақиқатини ўз билганларича ёки ҳукумат фармонига эмас, балки Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари асосида исботлардилар. Яна буни ўтмиш ва янги тарихимиздан рад қилиб бўлмайдиган далиллар келтириб мустаҳкамлар дилар ва мавзуни, албатта, кундалик воқеликнинг долзарб масалаларига қаратардилар. Аниқ вазифаларга ўтиб, уларни муваффақиятли бажариш йўлларини кўрсатардилар ва бунга тингловчиларни кўтаринки руҳ билан ишонтирардилар. Ўртада, истиқлол йўлида жонбозлик кўрсатган ва кўрсатаётганларнинг шарафли номлари, албатта, қайд этилар ва эшитувчилар бундан қаттиқ таъсирланардиларки, болохоналар, дарахтлару, симёғочларга чиқиб олган тингловчилар ҳиссиёт зўридан ўзларини ташлаб юборардилар”.

Яна Ибраим Яваохунов хотираларига қайтамиз.

1945 йил 8 апрелда Вақтли ҳукумат қарори билан ҳар бир туманда ҳаракат қилаётган партизан отрядлари мунтазам миллий армияга бирлаштирилди. Ҳар бир полкка жанговар байроқлар топширилди. Командирларга ҳарбий унвонлар берилди. Тез орада Миллий армия қўшинларининг кўриги ўтказилиб, унда V алоҳида тунгони кавалерияси дивизиони иштирок этади. Унинг командири Карим ҳожи Даузов, ўринбосар эса капитан Мансур Ломиев эди.

– Суйдун шаҳрининг озод этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шаҳарни гоминданчилардан тозалашда Мансур Ломиев раҳбарлигидаги кўнгиллиларнинг ҳам ҳиссалари улуғ. Шу муносабат билан “Озод Шарқий Туркистон” газетасининг 1944 йил 25 декабрь сонида Вақтли ҳукумат раиси Алихонтўранинг тунгони қардошларига мурожаати чоп этилади. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Суйдун шаҳрининг озод этилишида Мансур Ломиев (Мансуза) раҳбарлигидаги тунгони қардошларимиз беқиёс қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиб, Ватан олдидаги бурчларини адо этдилар. Улар пўлат ёмғирлардан, ёнида бораётиб пулемёт ўқига учраган сафдошининг ўлимидан қўрқмадилар. Қон томаётган жароҳатларига қарамай, олға ҳаракат қилиб, шаҳар деворига ёпишдилар, йиқилдилар ва яна кўтарилдилар. Улар орасида Харсон исмли йигит айниқса қаҳрамонлик намунаси бўлди.

Тунгони қардошларимизнинг мазкур курашдаги ғалабалари, уларнинг қаҳрамонликлари инқилоб тарихига олтин ҳарфлар билан ёзишга арзигулик.

Ватан сизларни унутмайди! Тунгони қадрдонлар, Шарқий Туркистон Республикаси халқи ва руҳан ҳамдам жанговар қардошларингиз сизларнинг мазкур инқилобда кўрсатган қаҳрамонликларингиз учун миннатдор. 

Шарқий Туркистон Республикаси раиси Алихонтўра. 1944 йил 20 декабр”.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

106 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

224 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

275 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

212 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

333 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

298 18:58 18.08.2022
« Орқага