Россия ва Украина ўртасидаги дон бўйича келишув 18 мартдан яна узайтирилиши мумкин.
Бу ҳақда Туркия миллий мудофаа вазири Хулуси Акар 12 март, якшанба куни Туркия Қуролли кучлари базасида “Анадолу” нашри муҳаррирларининг давра суҳбатида айтиб ўтди.
“Иккала томон ҳам ижобий фикрда, натижа ижобий бўлишига ишончи комил. Биз келишув 18 март куни узайтирилишига ишонамиз", деди Акар.
Вазир Туркиянинг Американинг F-16 қирувчи самолётларини сотиб олиши мавзусига ҳам изоҳ берди.
"Ҳамма билиб қўйсинки, Туркия умидсиз аҳволда эмас, бу масаланинг муқобил вариантлари ҳам бор", деди мудофаа вазирлиги раҳбари.
“Пентагон билан музокаралар ижобий давом этмоқда. Оқ уйнинг ёрдами ҳақида ҳам биламиз. Анқара Конгрессдан оқилона қарор қабул қилишини кутмоқда”, деди Акар.
Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши мавзусига келсак, вазир Анқара ҳали ҳам Скандинавия давлатларига таклиф этилган мажбуриятларнинг бажарилишини кутаётганини айтди.
Акар, Туркиянинг НАТОнинг "очиқ эшиклар" сиёсатини қўллаб-қувватлашдан бош тортмаслигини таъкидлади.