Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ибн Халликон лақаби билан машҳур бўлган олим

1010

Буюк имомлардан бири, уламолар раиси, Шофеий мазҳабининг қозиси, таниқли тарихчи ва таржимон Ибн Халликон 1211 (ҳижрий 680) йилда Ироқнинг Мосул яқинида жойлашган Эрбил шаҳрида туғилган.  Ибн Халликон Ироқда туғилган бўлса-да, у бутун умрини Миср ва Шомда ўтказган Дамашқнинг таниқли тарихчиларидан бири ҳисобланади.

Унинг тўлиқ исми Шамсуддин Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Бакр ибн Халликон Ал-Ирбилий аш-Шофеийдир. Ибн Халликон унинг тахаллуси, исми Аҳмад эди. Келиб чиқиши бўйича у форс (бошқа манбаларга кўра курд) оиласидан бўлган. Ибн Халликон ажойиб имом, иқтидорли ёзувчи, адолатли қози ва таниқли тарихчи бўлган. Узоқ вақт давомида у Дамашқ ва бутун Шомнинг қозиси бўлган.

Ибн Халликон фиқҳ ва араб тили грамматикаси фанига ҳам катта ҳисса қўшган. Бироқ, Ибн Халликонни машҳур қилган асар "Вафаятул-аъён ва анбау абнаиз-замон" ("Зодагонларнинг ёдномалари ва уларнинг замондошлари тўғрисида эслатмалар") эди. Муаллиф бу китобнинг устида 1256 йилдан 1274 йилгача, 18 йил ишлаган. Ушбу китоб машҳур мусулмонларнинг биографик энциклопедияси ҳисобланади.

Ибн Халликон шофеий фиқҳининг ёрқин билимдони бўлгани ва кўп вақти қозилик билан ўтганига қарамай, араб ва ислом тарихида унинг номи ушбу китоб туфайли маълум ва машҳур бўлди. Бу араб ва ислом адабиётида ишончли илмий манба сифатида тан олинган ва ёзувчининг маҳоратини бугунги кунгача жуда катта фойда келтирадиган асарда намойиш этган. "Вафаятул-аъён ва анбау абнаиз-замон" китобида ҳам ҳукмдорлар ва олимларнинг таржимаи ҳоллари келтирилган, бу маълумотларнинг энг қулай ҳамда ишончли манбасидир. Шунинг учун инглиз олимлари ушбу қомусни тарихий хроникалар луғати деб таснифлашади.

Дарҳақиқат, Ибн Халликон кўплаб фойдали маълумотларни йўқолиб кетишдан сақлай олди. Кўпгина тарихчилар томонидан қайд этилмаган, ишончли маълумотларни Ибн Халликон дастлабки манбалардан олган. Ибн Халликоннинг ўзи ушбу китоб таниқли мусулмон шахслар ҳақидаги муҳим маълумотларни йўқ бўлиб кетишдан сақлаш мақсадида ёзилганлигини айтган. Замонавий тарихчилар ҳам ушбу иш учун Ибн Халликонга миннатдор бўлишади.

"Вафаятул-аъён ва анбау абнаиз-замон" китобида тахминан саккиз юз эллик машҳур кишининг, шу жумладан аёллар ҳақида маълумотлар келтирилган. Муаллиф уларнинг таржимаи ҳоли ҳаммага маълум бўлгани учун фақат Пайғамбар алайҳиссалом ва халифаларнинг таржимаи ҳолларини ёзмаган. Ибн Халликоннинг ушбу асари, шубҳасиз, ислом олами тарихи ҳақидаги энг қимматли маълумот манбаларидан ҳисобланади. 

Ибн Халликон тахаллуси қаердан пайдо бўлган?

"Халликон" сўзи араб тилининг иккита феъли "қўй, ташла" маъносини англатувчи (خَلّ) ва "бўлган" деган маънони англатувчи "кана" (كان) калималаридан келиб чиққан деб ҳисоблашади.
Ушбу тахаллус унга тез-тез "Отам бундай қилган... Менинг бобом бундай қилган..." деб айтавергани учун берилган. У бу гапларини айтганда, унга "Халли кана” – “кана дейишни ташла” – “отангиз ва бобонгизнинг қилган ишлари ҳақида гапиришни тўхтатинг!”дейилган экан. Кейинчалик унга Ибн Халликон - Халликоннинг ўғли лақабини беришган. Баъзилар унинг исмидан битта "л" ҳарфи ва "и" товушини олиб ташлаб Ибн Халкон деб ҳам айтишади.

Ибн Халликон ўша даврдаги жуда кўп таълим муассасаларида таҳсил олган. Бунга замондошларининг ҳеч бири эриша олмаган. Сўнг Мисрга кўчиб ўтди ва у ерда яшаб, олий қози ўринбосари бўлиб ишлаган. Бироз вақт ўтгач, Ибн Халликон Мисрдан Шомга кўчиб ўтди ва Султон Байбарс уни бутун Шомнинг бош қозиси этиб тайинлади, аммо ўн йил ўтиб унинг ўзи уни бу лавозимдан четлаштирди. Шундан кейин Ибн Халликон яна Мисрга кўчиб кетди. Орадан етти йил ўтгач, у яна Дамашққа қайтиб келди ва яна Шомнинг бош қозиси вазифасига тайинланди. У Дамашқ аҳолиси ва ҳокими томонидан қувонч билан кутиб олинди ва 1281 йилда кексалиги туфайли ўз лавозимини тарк этди.

Ибн Халликон таниқли фақиҳлар оиласида туғилган эди. Ушбу сулола аъзолари давлат бошқарувида турли диний лавозимларни эгаллашган. Шу туфайли у мукаммал тарбия, бошланғич маълумот олди ва таниқли фақиҳ, шофеий мазҳабининг билимдони бўлиб етишди.

Ибн Халликон истеъдодли олим, нотиқ, араб тили, адабиёти ва шеъриятининг билимдони сифатида танилган. Шунингдек, унинг 17 шеърлар тўпламини ёддан билгани айтилади.
Ибн Халликон Мисрдан қайтиб келганидан уч йил ўтгач, 1282 йилда (681 йилда) Дамашқда вафот этди.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага