Ироқ фақиҳи Имом Ҳофиз Иброҳим ан-Нахаъий солиҳлиги ва ростгўйлиги билан машҳур бўлган улуғ тобеинлардан (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига эргашувчилардан) биридир. Ҳадисларни ривоят қилишда тақвоси ва ҳаққонийлиги боис тобеинларнинг имомлари ва олимлари томонидан мақталган.
Абу Имрон Иброҳим ибн Язид ибн ал-Асвад ибн Амр ибн Рабиъа ибн Ҳорис ибн Саъд ибн Молик ал-Куфий ан-Нахаъий, тобеинлар авлодининг имоми, мужтаҳид, атоқли муҳаддис, ҳадис бўйича Куфа муфтийси ва Ироқ фиқҳ мазҳаби асосчиларидан бири бўлиб, ҳижрий 50 йилда, баъзи манбаларга кўра эса 46 йилда таваллуд топган.
Иброҳим ан-Нахаъий Яманнинг Нахаъ қабиласидан эди. Шу туфайли у ан-Нахаъий номи билан машҳур бўлди, бу унинг ушбу қабиладан эканига ишора қилади.
Иброҳим ан-Нахаъий солиҳ ва тақволи, серибодат ва савобли ишларга ғайратли инсон эди. Иброҳим ан-Нахаъий ўн саккиз ёшлигиданоқ одамларга таълим бера бошлаган.
Иброҳим ан-Нахаъий фиқҳ борасида имом бўлиб, кўплаб ҳадислар ривоят қилган. У болалигида амакиси билан ҳаж зиёратини адо этиб, мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳони кўришга муяссар бўлган. Бироқ, ундан бевосита бирорта ҳадис ривоят қилмаган.
Иброҳим ан-Нахаъийдан кўплаб тобеинлар ҳадислар ривоят қилишган, жумладан: Ас-Сабийий, Ҳабиб ибн Абу Собит, Саммак ибн Ҳарб, Ал-Ҳакам, ал-Аъмаш, Ибн Авн, Ҳаммод ибн Сулаймон ва бошқалар.
Иброҳим ан-Нахаъий Имом Абу Ҳанифанинг устози саналади. Қолаверса, олимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг илми Имом Абу Ҳанифага Иброҳим ан-Нахаъий орқали етиб келганига ишора қилишади.
Ўзининг қаттиққўллиги билан танилган ал-Ҳажжож Ироқ ҳокими бўлган вақтда ан-Нахаъий яшириниб юришга мажбур бўлади. Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ҳаммод ибн Сулаймон айтдилар: “Мен Иброҳим ан-Нахаъийга Ҳажжожнинг вафоти ҳақидаги хушхабарни айтганимда, у Аллоҳ таолога шукр қилиб сажда қилди ва хурсанд бўлиб йиғлади”. (Заҳабий, “Тазкира ал-ҳуффоз”)
Иброҳим ан-Нахаъийдан ҳадис ривоят қилганларнинг барчаси уни мақтаб, унинг ишончли ровий ва кўп соҳаларда кенг илм соҳиби эканлигида якдил фикрда бўлганлар.
Иброҳим ан-Нахаъий фиқҳ имоми ва Куфа муфтийси ҳам бўлган. Куфада у эътиборли ва ҳурматли саналарди. У зодагонлар томонидан улуғланган ва оддий одамлар ҳам ундан ҳайиқиб турган.
Иброҳим ан-Нахаъий кўплаб саҳобалар билан учрашди, улар орасида Зайд ибн Арқам, Анас ибн Молик, Муғира ибн Шуъба, Бароъ ибн Озиб ва бошқалар. Лекин ҳадисларнинг кўпини Алқама, ал-Асвад ва Масрук каби тобеинлардан ривоят қилган.
Иброҳим ан-Нахаъийдан ривоят қилинади: “Агар мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) билан жанг қилганлар қаторида бўлганимда ва шунга қарамай вафотимдан кейин жаннатга тушган тақдиримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қарашга уялган бўлардим". (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, “Ал-Исаба фи тамйиз ас-Саҳоба”)
Жарирдан Исмоил ибн Абу Холиддан ривоят қилинади: “Аш-Шаъбий, Иброҳим ан-Нахаъий ва Абу аз-Зуҳа масжидда йиғилиб, ҳадисларни такрорлар эди, қачонки, ўзига нотаниш ҳадисга дуч келса, дарҳол кўзини Иброҳимга қаратарди". (Аз-Заҳабий, "Сияр аълам ан-Нубала")
Иброҳим ан-Нахаъий зоҳидларга хос ҳаёт кечирди. Бир кун рўза тутса, эртаси куни тутмас эди ва шу тарзда бутун умри давомида икки кунда бир рўза тутиб яшарди. Тобеинларнинг имомлари Иброҳим ан-Нахаъийни мақтаб, у ҳақда кўп яхши гап айтишган.
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу у ҳақда шундай деди: “Иброҳим ан-Нахаъий орангизда бўлгани ҳолда, мендан шу саволни (мендан фатво сўраяпсизми) сўрайсизларми?”. (Ибн ал-Жавзий, “Ал-Мунтазам фит тарих ал-Мулук вал-Умом”)
Абу Заръа розияллоҳу анҳу айтди: “Иброҳим ан-Нахаъий исломнинг кўзга кўринган кишиларидан”. (Имом ан-Нававий, “Таҳдиб ал-асмо ва ас-сифат”)
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу у киши ҳақида: “Иброҳим ан-Нахаъий фаросатли ва ҳофиз эди” (Аз-Заҳабий, "Сияр аълам ан-Нубала").
Абу Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ал-Аъмаш розияллоҳу анҳу айтди: “Албатта, у жуда кўп ҳадисларнинг ҳофизи эди”. (Аз-Заҳабий, "Сияр аълам ан-Нубала"; Ибн Ал-Жавзий, "Миъат аз-Замон ва таворих ал-Аъён")
Ўз вақтида Иброҳим ан-Нахаъий ва Амир аш-Шаъбийлар Куфанинг энг кўзга кўринган олимлари эдилар. Аҳмад ал-Ижлий Иброҳим ан-Нахаъий ҳақида шундай деган: “У ва Аш-Шаъбий ўз даврида Куфа муфтийси эди. Солиҳ дин пешвоси ва жуда тақводор одам эди”.
Ибн Авн айтади: «Иброҳим ан-Нахаъий вафотидан кейин Аш-Шаъбийнинг ёнига келганимда, у мендан: "Иброҳим ан-Нахаъийнинг дафн маросимида қатнашганлар орасида бўлдингми?", деб сўради. Мен бош ирғадим. Сўнг: “Аллоҳга қасамки, ундан сўнг унга ўхшаш олим одам қолмади!” Мен: "Куфадами?", деб сўрадим. У: "На Куфада, на Басрада, на бутун Шомда", деб жавоб берди. (Ибн Саъд, "Ат-Табақат ал-кубро").
Абу Бакр ибн Шуайб ибн ал-Ҳабҳоб отасидан ривоят қилган бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Мен Иброҳим ан-Нахаъийни дафн қилганлар қаторида эдим, шунда Шаъбий мендан: "Дўстингизни дафн қилдингизми?", деб сўради. "Ҳа", деб жавоб бердим. Сўнг: «Албатта, у ўзидан кўпроқ илм ва фаҳм соҳибини қолдирмади», дедилар. Мен: «Ал-Ҳасан Басрий ва Ибн Сиррийнчи?», деб сўрадим. Аш-Шаъбий: "Ва ҳатто Ҳасан ва Ибн Сиррийн ҳам. Ҳатто Басра, Куфа ва Ҳижозда ҳам йўқ", деб жавоб берди. (Имом ан-Нававий, “Таҳдиб ал-асмо ва ас-сифат”).
Буюк Имом Иброҳим ан-Нахаъий ҳижрий 96 йили Куфада халифа Валид ибн Абдулмалик даврида вафот этган. У дунёни тарк этганида, баъзи маълумотларга кўра, 49 ёшда, айрим хабарларда элликдан ошиб вафот этгани айтилади. Шунингдек, 58 йил яшаган, деган тахминлар ҳам бор.