Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Иброҳим ибн Адҳамнинг тавбаси

2557

Ҳазрат Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таоло­га тавба қилиб, подшоликни тарк этаркан, қаландар бўлиб, Каъбатуллоҳга кетганди. Сабаби шу эдики, бир куни у киши шикорга чиққанларида, кўп жойларни айланиб, бир ерга етиб келдилар. У жойда бироз ўтириб, дам олгач, таом ейиш­ни хоҳладилар. Дастурхон ёзиб, таом еб ўтирган эдилар, осмондан бир қарға учиб кел­ди-ю, дастурхондан битта нонни тумшуғига илганича, осмонга олиб чиқиб кетди. 

Иброҳим ибн Адҳам бу ҳолни кўриб, таажжуб қилдилар. Отларига миниб, қарғанинг орқасидан бордилар.

Қарға бир тоғнинг устидан ошиб, нариги томонига ўтиб кетди. Иброҳим ҳам тоғнинг устига чиқдилар. Қарасалар, тоғнинг у томонида бир одам осмонга қараб ётибди. Қўли орқасига боғланган. Қарға ўша одам кўкрагига қўниб, олиб келган нонини майдалаб, ҳалиги киши оғзига солар эди. 

Қарға Иброҳим (раҳимаҳуллоҳ)ни кўриб учиб кетди. У зот ўша одам ёнига бориб, ҳол сўради. У:

– Мен савдогар эдим, савдодан қайтаётиб шу жойга етганимда, ўғрилар тутиб олиб, барча пулу молимни тала­дилар, қўлимни орқамга боғлаб, ташлаб кетдилар. Етти кундан буён ушбу ҳолда ётибман. Бир қарға келиб, ҳар куни нонни майдалаб, оғзимга солиб, едириб кетади. Алҳам­дулиллоҳ, шу кунлар давомида ҳеч оч қолмадим, Аллоҳ таоло ризқимни етказиб турибди, – деди.

Иброҳим ибн Адҳам бу сўзни эшитиб, таажжуб қилдилар ва Аллоҳ таолонинг марҳаматига кўп қаттиқ эътиқодлар қўйиб, тарки дунё этмоқни ният қилдилар. Ҳалиги одамнинг қўлини ечдилар. У кишини ҳам отига миндириб, аввалги таом еб ўтирган жойларига олиб келдилар. Шу ерда Аллоҳ таолога тавба қилиб, яхши либосларини ечиб, бўз либослар кийиб, подшоликни тарк этдилар. 

Қулларини ҳам озод қилиб, молу мулкларини вақф этдилар-у, ўзлари ҳеч қандай зоди роҳила (йўл озиғи) олмай, Каъбатуллоҳ сари равона бўлдилар. Аллоҳ таолога таваккал қилиб эрдилар, ҳеч қаерда қоринлари оч қолмади. Аллоҳ таоло ризқини барча ерда етказиб турди.

Шу ҳолда йўл юриб, Каъбатуллоҳга етиб келдилар. 

Аллоҳ таолога беқиёс шукрлар айтдилар. Сўнг вафот қилгунларича ушбу оятни тилларидан туширмадилар:

“Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг ) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ сураси, 3-оят).

 "Мисбоҳул анвор"дан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Носирхон тўра – қўрбошиларга бош бўлган зот

1237 14:15 29.11.2021

Мўғулларнинг исломни қабул қилиши

1638 12:45 25.11.2021

Туя етаклаган Ҳазрати Умар

2115 21:05 23.11.2021

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: «Шавкат Мирзиёев ўртадаги «девор»ларни бузди...»

5265 20:20 11.11.2021

Ғарб иқтисодий тафаккурида судхўрликнинг ман этилиши

766 19:10 11.11.2021

Аллоҳ кимни азиз қилса, биров уни хўрлай олмас!

2144 18:10 09.11.2021
« Орқага