Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

II жаҳон урушининг мантиқий якуни: дунёнинг бўлиниши

1836

1943 йилнинг иккинчи ярмида Иккинчи жаҳон урушида гитлеризмга қарши иттифоқ фойдасига туб бурилиш ясалиши аён бўлиб қолди. Бинобарин, ушбу иттифоқ томонидан амалга оширилиши керак бўлган якуний стратегия – фашистлар Германияси ва унинг манфаатларига хизмат қилаётган давлатларга қарши кураш йўлларини ишлаб чиқишга эҳтиёж туғилиб, шу мақсадда «Катта учлик» конференциясини ўтказишга қарор қилинди. Бундай ғоя 1943 йилнинг август ойида ўтган Квебек конференцияси давомида  У. Черчилль билан Ф. Рузвельт томонидан илгари сурилди.

1943 йил 25 ноябрь куни И. Сталин Ташқи ишлар халқ комиссари В. М. Молотов ва Халқ комиссарлари кенгаши раисининг ўринбосари К. Е. Ворошилов билан бирга поездга чиқиб Сталинградга, Сталинграддан Бокуга йўл олиб, Бокуда умрида биринчи ва охирги марта самолётга ўтирганча Эроннинг пойтахти Теҳронга учди.

У ерда 28 ноябрдан 1 декабргача Иккинчи жаҳон уруши даврида илк бор «Катта учлик» учрашуви, яъни учта давлат етакчиси: ССРИ Халқ комиссарлари кенгашининг раиси, Совет Иттифоқи Маршали И. В. Сталин, АҚШ Президенти  Ф. Д. Рузвельт ва Буюк Британия Бош вазири  У. Черчилль иштирокида конференция бўлиб ўтди. Шартли равишда «Эврика» номи берилган ушбу тадбир тарих саҳифаларига Теҳрон конференцияси номи ила битилди.

Теҳрон конференцияси халқаро ва фашизмга қарши курашаётган иттифоқчилараро муносабатларнинг ривож топишида муҳим босқич бўлиб, ушбу тадбир давомида уруш ва тинчликка доир бир қатор масалалар ўз ечимини топди. 

Жумладан:
1. Иттифоқчилар томонидан ташкил этиладиган иккинчи фронт Франция ҳудудида очиладиган бўлди. Бунда, Буюк Британия киритган «Болқон стратегияси» таклифи рад этилиб, «Оверлорд» операциясининг режаси қабул қилинди. «Нормандия операцияси» деб ҳам ном олган ушбу жанговар ҳаракат Буюк Британия ва АҚШ делегациялари белгилагандек, 1944 йилнинг май ойида бошланадиган бўлди, аммо кейинчалик тадбир ўша йилнинг 6 июнига қолдирилди.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчиманки, иттифоқчи қўшинларни Франциянинг Нормандиясига тушириш операцияси 6 июннинг эрта тонгида бошланиб, 25 август куни ниҳоясига етди. Нормандия соҳилига тушган иттифоқчи қўшинлар Сена дарёсини кечиб ўтиб Парижни озод этди. 

2. Эронга мустақиллик бериш масаласи муҳокама қилиниб, «Эрон тўғрисида декларация» қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда учала давлат (АҚШ, Буюк Британия ва ССРИ) раҳбарияти фашизмга қарши курашга бевосита ёрдам берган Эроннинг тўлиқ мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш истаги қайд этилди.

3. Польша масаласини ҳал этиш жараёни бошланди. 

Аниқроқ айтиладиган бўлса, Польшанинг урушдан кейинги давлат чегаралари лойиҳаси муҳокама қилиб ўтилди. Ушбу масала кейинчалик Ялта ва Потсдам конференцияларида ҳам қизғин муҳокама қилинган.

4. Нацистлар Германияси тор-мор этилгач, Совет Иттифоқи Японияга қарши уруш бошлайдиган вақт тасдиқланди.

5. Дунёнинг урушдан кейинги тузилиши умумий тарзда белгилаб ўтилди.

6. Халқаро хавфсизлик ва барқарор тинчликни таъминлаш масалаларида ягона қарашлар шаклланишига эришилди.

Дунёнинг урушдан кейинги тузилиши

Теҳрон конференциясида урушдан кейинги даврга тааллуқли бир қатор масалаларга доир мулоҳазалар билдириб ўтилди, масалан:
Ф. Рузвельт Германияни Пруссия, Ганновер, Гессен, Саксония, Бавария каби майда давлатларга ҳамда Рур ва Саар халқаро зоналарига парчалаб ташлаш таклифини киритди. У. Черчилль таркибига олмон ерларининг муайян қисми кирадиган Дунай федерациясини барпо этиш таклифи билан чиқди. Совет делегацияси раҳбари И. Сталин эса Германияни яхлит сақлаб қолиш кераклигини таъкидлаганча туриб олди.

Польша масаласи

Ушбу масалада  У. Черчиллнинг таклифи қабул қилиниб, Польшанинг Ғарбий Белорусь ва Ғарбий Украина ерларига бўлган ҳудудий даъвоси Германия ерлари ҳисобидан қаноатлантириладиган, шарқий чегараси сифатида эса шартли «Керзон чизиғи» белгиланадиган бўлди. 

Ҳудудиий даъво масаласини  У. Черчилль Шарқий Европа харитасига учта гугурт донасини қўйиб ҳал қилди қўйди. Гугурларнинг иккитасини у, дастлаб Польшанинг урушдан олдинги чагарасига параллель, учинчисини эса «Керзон чизиғи»га ётқизди. Шундан сўнг  Черчилль шарқдаги гугуртни олиб ғарбга, ғарбий чегарага нисбатан ҳудди ўшанча масофага, Одер-Нейси бўйлаб кетган чизиққа олиб ўтди.

Ушбу соддагина усул конференция иштирокчиларининг ҳаммасига маъқул келди. Шарқий Пруссиянинг шимолидаги ерлар, у ердаги Кёнигсберг шаҳри билан бирга собиқ Иттифоққа, аниқроғи РСФСР тасарруфига ўтди. Кейинчалик Қизил Армия забт этгач, Кёнигсберг шаҳрига Калининград номи, шаҳар атрофидаги ерларга  Калининград вилояти деган ном берилди. 

Урушдан олдин Польшага тегишли бўлган, Германия билан Совет Иттифоқи ўртасида имзоланган «Молотов-Риббентроп пакти»нинг махфий иловасига мувофиқ 1939 йилнинг сентябрь ойида босиб олинган бугунги Ғарбий Белорусь билан Ғарбий Украина ерлари ҳам советлар тасарруфида қоладиган бўлди.

Теҳрон конференциясининг якуни

«Катта учлик» учрашувининг якунига кўра, «Учта давлат декларацияси» қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда томонларнинг уруш даврида ҳам, урушдан кейин ҳам ҳамкорлик қилиш нияти ўз аксини топди.

Асосий келишув – иттифоқчи қўшинларнинг Франциянинг Нормандиясига тушиши тўғрисидаги битим бўлди. Учрашув давомида шунингдек, қуйидаги масалалар бўйича ҳам келишиб олинди:

  1. Германия мағлуб этилгач, ССРИнинг Японияга қарши уруш бошлаши.
  2. Эронга миллий мустақиллик берилиши.
  3. Асосий иштирокчилари АҚШ, ССРИ, Буюк Британия ва Франция бўладиган халқаро хавфсизлик тизимини барпо этиш масаласи.
  4. Урушдан кейинги давлат чегаралари. 

Иттифоқчи давлатлар ССРИга ён босиб, Болтиқбўйи давлатлари (Литва, Латвия, Эстония республикалари) ва контрибуция сифатида Шарқий Пруссиянинг муайян қисми ҳамда бугунги Ғарбий Белорусь ва Ғарбий Украина ерлари ССРИ тасарруфига ўтказиладиган бўлди.

«Катта учлик» раҳбарларига суқасд

Теҳронда конференция ўтиши ва ушбу халқаро тадбирдан кўзланган мақсадларни Туркиянинг Анқарасида фаолият юритаётган «Цицерон» лақабли олмон жосуси Эльянс Базнадан хабар топган Учинчи рейх раҳбарияти ССРИ, АҚШ ва Буюк Британия раҳбарларининг жонига қасд қилишни ният қилди. 

Шу мақсадда «Узун қадам» номи берилган махфий операция режаси ишлаб чиқилган. Ушбу режа муаллифи – нацистларнинг дунёга танилган машҳур қўпорувчиси, 1943 йилдан буён А. Гитлернинг алоҳида топшириқларини бажариб келган махсус агенти, Империя хавфсизлиги бош бошқармасининг VI бўлимига қарашли СС махфий хизмати бошлиғи оберштурмбаннфюрер Отто Скорцени ҳисобланади.  Гитлер томонидан маъқулланган ушбу операция Эрнст Кальтенбруннернинг умумий раҳбарлигида бошланди.

«Чандиқли одам» лақабли жиноятчи Отто Скорцени 1934 йили Австрия канцлери Энгельберт Долфусни ўлдирган, 1938 йили Австрия Президенти Вильгельм Миклас билан Австрия канцлери Курт Шушнигни қамоққа олган. Натижада вермахт Австрияга бостириб кириб, оккупация қилган. 1943 йили эса Италия қироли Виктор Эммануил III томонидан берилган розиликка асосан ҳибсга олинган Бенито Муссолинини асирликдан қутқариб Германияга олиб келган. 

Совет истихборот хизмати «Катта учлик» раҳбарларига суиқасд уюштирилаётганини фош этди. Фашистларнинг қўпорувчи гуруҳини зарарсизлантириш тадбирларига Теҳрондаги совет резиденти И. И. Агаянц раҳбарлик қилган. 

Давлат раҳбарларига қарши террорчилик ҳаракати уюштирилаётгани ҳақидаги хабарни Москвага ўша пайтда Украинанинг шимолий-ғарбидаги Волинь ўрмонида фаолият юритаётган истиҳборотчи Николай Кузнецов хабар берган. Ўзини вермахт обер-лейтенанти Пауль Зиберт дея таништириб юрган Н. Кузнецов тегишли маълумотларни арақ ичишга муккасидан кетган СС штурмбаннфюрери Ханс Ульрих фон Ортелдан, уни роса ичириб олган.

1943 йили Москва ўзининг Теҳрондаги резидентига телеграмма юбориб, фашистлар Германияси томонидан конференцияда иштирок этадиган АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи раҳбарларини жисмонан йўқ қилиш операцияси тайёрланаётгани ҳақида хабар берди. Эрондаги Агаянц бошчилигидаги жамики совет истихборот хизматлари ушбу террорчилик ҳаракати содир этилишига йўл қўймаслик ишларига сафарбар этилди. Йигирма ёшли эронлик арман Геворк Вартанян бошчилигидаги маҳаллий ёшлар гуруҳи ҳам совет истихбороти манфаатларига ишлаган.

Гитлерчилар авиацияси 1943 йилнинг ёз мавсуми охирида Теҳрондан 70 км наридаги Кум шаҳри яқинидаги Кум кўли ҳудудига Рудольф фон Холтен-Пфлуг бошчилигидаги жами 6 нафар радистдан ташкил топган гуруҳни ташлаб кетади. 

Орадан 10 кун ўтиб ушбу парашютчилар гуруҳи Теҳрон яқинига етиб, юк машинасига чиқиб олганча, шаҳар ичкарисига сингиб киради. Бироқ ушбу гуруҳ кўл соҳилига қўнган жойидан то Теҳронга етиб боргунча Вартанян бошчилигидаги ёшлар гуруҳи кузатуви остида эканлигидан хабари бўлмаган.

Фашистларнинг Эрондаги маҳаллий агентураси томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган уйлардан бирига жойлашган ушбу радистлар гуруҳи Берлин билан радиоалоқа ўрнатгач, Отто Скорцени бошчилигидаги асосий қўпорувчилик гуруҳи тушириладиган плацдарм тайёрлашга киришади.

Бироқ фашистларнинг ушбу нияти охиригача амалга ошмайди. Совет истихборот хизмати инглизларнинг МИ-6 хизмати билан ҳамкорлик қилиб, фашистларнинг радиохабарларини ўқиб боради. Узоқ чўзилган қидирув ишлари натижасида қўпорувчиларнинг радиоузаткичлари топилиб, фашист радистлари Берлин билан махсус назорат остида «ишлаш»га мажбур қилинади. 
Фашистларнинг Владимир Шкварёв бошчилигидаги Эроннинг Қазвин шаҳри яқинига ташланган 60 кишидан иборат 8 та қўпорувчилик гуруҳи зудлик билан қўлга олинади.

Нацистларнинг иккинчи қўпорувчи гуруҳи туширилиб, иккала томонда кўриладиган муқаррар талофатнинг олдини олиш мақсадида, фашист радистларига фаолияти фош этилганини Берлинга билдириб қўйиш имкони берилади. Режаси барбод бўлганидан хабар топган расмий Берлин ўз ниятидан қайтади.

Теҳрон конференцияси бошланишига бир неча кун қолганда Эрон пойтахтида 400 кишидан ортиқ олмон агентлари ҳибсга олинади.

Террорчилик операциясига Теҳронда раҳбарлик қилган нацистлар резиденти Франц Майер ҳам арман қабристонида гўрковлик қилаётган жойида тутиб кетилади. Жосус Ф. Майер сўроқ давомида Шкварёв гуруҳининг қолган қисми СДнинг Эрондаги агентлари Лотар Шолхорн ва Уинфред Обергнинг уйларида жон сақлаб ўтирганини маълум қилади. 

Эронга етиб келган  Ф. Рузвельт хавфсизлик нуқтаи назаридан шаҳар четида жойлашган АҚШ элчихонасига эмас, Буюк Британия элчихонасининг рўпарасидаги ССРИ элчихонасига жойлаштирилади.

Кейинчалик, 1964 йили Мадридда яшаган Отто Скорцени Парижнинг «Экспресс» газетаси мухбирига интервью берар экан, Гитлердан Теҳронга шахсан бориб Сталин, Черчилль ва Рузвельтни ўлдириш ёки уларни Буюк Британиянинг Эрондаги элчихонасига арманлар қабристони орқали писиб кириб, ўғирлаб кетиш вазифасини олганига иқрор бўлган.

 

Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага