Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Икки тур зиёлиларнинг икки хил орзуси...

825

Биринчиси, ўз халқини қўлидан ушлаб нурли йўлга етаклайди. Бунда халқнинг омилиги, жоҳиллиги, ва зиёлиларнинг зиёсини тушунмаётганига қарамайди, айбламайди. Эътиборини, жоҳил бўлиб қолган одамларга эмас, мана шу ҳолатга сабаб бўлган нарсага қарши курашишга қаратади. Бу бундан юз йил аввалги жадидчилар йўли. Бу набавий йўл. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Қавмимни мағфират қилгин, чунки улар билишмайди», – деганлар.

Иккинчи тоифа, қавмнинг жоҳил ва билмайдиган эканлигидан хазар қиладиган, ўзини олий табақа зиёлий кўрадиган, ўзидан бошқага илм улашмайдиган, илмли бўлиб қолганини ўзидан кўрадиган "зиёли"лар тоифаси. Бундай тоифани, неожадидчилар, агност-деистларнинг айрим тоифаси, советдан қолган қари профессорларнинг баъзилари ҳамда "маънавиятчи-маърифатчи"ларнинг бир-қанчасида кўриш мумкин. Улар жамиятни зулматдан нурга чиқариш ўрнига, бири Ғарбга, бошқаси Совет даврига бориб қолишни орзу қилади, иложсиз бу ерда қолгани эса, ўзидан бошқани мазаҳ қилишдан нарига ўтмайди. Илм улашмайди, қайғурмайди. Балки-да қавмидан ор қилади. Швейцарияда туғилмаганидан табиатни ланъатлайди.

Аллоҳ таоло Ер юзида халифа яратмоқчиман деганида, фаришталар, сен унда бузғунчилик қиладиганни яратасанми, ваҳоланки биз сени поклаб ҳамд айтамизку, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга илм ўргатади, фаришталардан ўша нарсани сўрайди. Фаришталар эса, "Бизда сен билдирган билимдан ўзга нарса йўқ" дейдилар. Имом Мотуридийнинг Таъвилоту аҳли сунна асарида ёзилишича, фаришталар ўзларининг доимий ҳамд айтиш ва Аллоҳнинг поклаш хусусиятининг асл сабабчиси ҳам Аллоҳ эканлигини, агар Аллоҳ уларга бу илмни бермаганида, яъни қандай поклаш ва ҳамд айтиш илмини, ҳеч нарса қилолмаслигини  англашади.

Шунақа гаплар. Сиз қандай зиёлисиз?

Жоҳилми, қайсарми, етимми, мутаассибми, билмайдиганми, камбағалми, деҳқонми, чўпонми, профессорми, магнатми бу миллат бизнинг миллат.

Саид Комил Холхўжа

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Зиёли кишиларга хеч ким эътибор бермайди...

745 14:00 03.04.2021
« Орқага