Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Икки йўл орасидаги қабристон тарихи

2483

Шаҳар қурилиши жараёнида баъзан айрим қабристонларнинг кўчирилгани, ҳатто бузилгани каби ҳоллар ҳам учраган. Бироқ Тошкентнинг Чилонзорида, Қатортол кўчасида йўлни иккига бўлиб турган қадимий қабристонни ҳамма билади. Шаҳарга биринчи марта келиб бу ердан ўтган одамга ҳам йўлнинг нега қабристонни айланиб ўтиб кетгани қизиқ бўлса керак. Ташкил этилганига 1041 йил бўлган Қатортол қабристони ҳамон асл ҳолича сақланиб келинмоқда. Бу қабристон йўлнинг ўртасида жойлашгани, у ерда кимларнинг қабри борлиги бизни қизиқтирди ва у ерни бориб ўрганишга ундади. Айни дамда қабристон таъмирланаётганлиги сабабли кўркам қиёфа касб этган. 

Қабристоннинг тарихи, унинг ташкил этилиш вақти ва бу ерда кимлар дафн этилганлиги ҳақида қабристон ходими Маҳмуд ака Қаюмов шундай ҳикоя қилади: 

«Ушбу қабристон 980 йил очилган ва шу йили мана шу ерларни обод қилган инсоннинг жасади кўмилган. Бу ҳақида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган шундай тарихий воқеа бор. Унга кўра шу қабристонда илк дафн этилган инсон Шайх Абдулқаюм Бузлуқий бўлган. Ҳозир биз турган мана шу жойлар қадимда шаҳарнинг чет жойларидан бири бўлганлиги сабабли аҳоли яшамаган. Лекин  Шайх  Абдулқаюм Бузлуқий бу жойларни обод қилиш мақсадида ариқ тортиб сув олиб келади ва ариқнинг бир томонига мевали дарахтлар, иккинчи томонига эса қатор қилиб тол дарахтини экади. Вақт ўтиб дарахтлар ўсади, Шайх  Абдулқаюм Бузлуқий эса шу ерда яшаб ўз манзилини обод қила бошлайди. Қадимда ҳозир биз турган жойдан анча пастроқда Чорсу бозорига олиб борадиган эски йўл бўлган. Шу карвонлардан бири ўз туялари ва отларини суғормоқчи бўлиб сув излаб шу ерга келишади. Қарашса, бир ариқ тўла сув оқяпти, атрофида мевали дарахтлар ва қатор қилиб толлар экилган. Улар ўз уловларини суғориб йўлида давом этади ва Чорсуга бориб у ердаги одамларга «биз йўлда бир манзил кўрдик, катта ариқда сув оқмоқда атрофи обод қилинган. Ариқнинг бир томонига мевали дарахтлар иккинчи томонига қатор қилиб толлар экилган», - деди. Буни эшитган чорсулик савдогарлар «Қатортол қандай жой экан», деб шу томонга йўл олади ва бу жойнинг ободлиги, сувнинг кўплигини кўриб шу ерга дала ҳовли қура бошлайди. Аста-секин одамлар кўчиб келиб бу жой кичик бир маҳаллага айланади. Маҳалла аҳли бу жойларни обод қилган Шайх  Абдулқаюм Бузлуқийни жуда ҳурмат қилишади. У обод қилган жойларда толлар кўплиги сабабли «Қатортол» деб атала бошлаган. Вақтлар ўтиши билан Шайх  Абдулқаюм Бузлуқий бу оламни тарк этганда уни мана шу Қатортол маҳалласининг ёнгинасида жойлашган кичик бир тепаликка дафн этишади. Шайх  Абдулқаюм Бузлуқийдан кейин шу маҳаллада яшаб оламдан ўтган кўплаб инсонлар ҳам унинг атрофига кўмила бошлайди. Шу зайлда Қатортол қабристони пайдо бўлган. Маҳалла аҳли кейинчалик қабристоннинг ўнг томонига масжид барпо этишган. Бу масжид 1960 йилгача сақланган, лекин қачон қурилгани аниқ эмас. 1960 йилга келиб бу жойлардаги ҳовлиларни бузиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қуриш бошланганда мана шу қабристон турган жойдан тўғри йўл ўтказиш режалаштирилган. Режа бўйича қабристонни бошқа жойга кўчирилиши, ўрнидан тўғри йўл ўтказиш эди. Бироқ қабристон бузилишига маҳаллий аҳоли қаршилик кўрсатган. Айтишларича, қабристонни бузишни буюрган раҳбарнинг қўли етти ой ишламай қолган. Сўнг Аллоҳ йўлига бир қўй сўйиб эҳсон қилгандан сўнг қўли тузалиб кетган экан. Мана шу инсоннинг аёли илмли инсон бўлганлиги сабабли эрига бу бошлаган иши ёмонлиги, қабристонни бузиш оқибати яхшилик билан тугамаслигини уқтирган. Шундан сўнг қабристоннинг шайх  Абдулқаюм Бузлуқий дафн этилган жойи ва атрофидаги ҳозиргача сақланиб келинаётган 181 та қабр қолдирилади. Қабристоннинг икки томонида жойлашган қабрлар бошқа қабристонга кўчирилади ҳамда қабристоннинг икки ёнидан йўл ўтказилади. Мана шу йўл ўтказиш жараёнида Қатортол қабристони ёнида жойлашган Қатортол жоме масжиди ҳам бузиб ташланган.

Ушбу масжиднинг фақатгина бир дона сурати сақланиб қолган.
Қатортол қабристонига 1961 йилгача марҳумлар дафн этилган, ундан сўнг «Қатортол берк қабристони» деб қарор чиқарилади ва марҳумлар кўмилиши тўхтатилади. Шундан бери қабристон бор ҳолича сақланиб келинмоқда».

Маҳмуд ака бу қабристонда ўз даврида Тошкентнинг катта қозиларидан Рустамхўжа қозининг ва Тошкент мингбошиларидан бири Исломбек мингбоши ҳамда Ҳасанхўжа эшон сингари қориларнинг ҳам қабри борлигини таъкидлаб ўтди.

Юртимиз тарихи қадимий ва турли воқеаларга бой. “Қатортол” қабристони каби юзлаб қадимий қабристонларимизда минг-минглаб буюк авлиёлар, миллат фидойилари, олиму фузалолар ётишибди. 
Аллоҳ барчаларини раҳматига олсин!

 

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қабристондаги аёл ва файласуф...

2961 21:40 15.02.2021

Испанияда улкан қадимий мусулмонлар қабристони топилган

1981 08:20 26.11.2020

Япониялик мусулмонлар қабристон учун ер масаласида қийналяпти

1130 21:16 18.09.2020

Қабристон зиёратига оид муҳим масалалар...

1294 21:40 02.09.2020

Қирғизистонда коронавирусдан вафот этганларни кўмиш қоидалари ишлаб чиқилди

1839 12:25 07.07.2020
« Орқага