Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Иккита қамоқхонаси бор герцоглик

1789

Люксембург (расман Буюк Люксембург Герцоглиги) — Ғарбий Европадаги денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакат. Ғарбда ва шимолда Бельгия, шарқда Германия ва жанубда Франция билан чегарадош. Пойтахт, Люксембург шаҳри Европа Иттифоқининг тўртта расмий пойтахтларидан (Брюссел, Франкфурт ва Страсбург) бири бўлиш билан биргаликда, Европа Иттифоқи Aдлия судининг бош қароргоҳи ҳамдир. Мамлакат учта расмий тилга эга: француз, немис ва Люксембург миллий тили.

2586 квадрат километр майдонга эга ушбу мамлакат Европадаги энг кичик суверен давлатлардан биридир. 2021 йил ҳолатига кўра Люксембургда 640 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган, бу эса уни Европадаги энг кам аҳоли яшайдиган давлатлардан бирига айлантиради. Чет элликлар Люксембург аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилади. Конституциявий монархга эга бўлган вакиллик демократияси сифатида давлат Буюк Герцог Aнри томонидан бошқарилади ва дунёдаги ягона суверен Буюк Герцоглик ҳисобланади. 

Люксембург ривожланган иқтисодиётга эга мамлакат сифатида аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Қадимий турар жойлари ва истеҳкомлари туфайли пойтахт 1994 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Люксембург тарихи 963 йилда, граф Зигфрид «Lucilinburhuc» (кичик қалъа) номи билан машҳур бўлган қадимий истеҳкомлар ва яқин атрофдаги ерларни сотиб олган пайтдан бошланган деб ҳисобланади. Зигфриднинг зурриётлари никоҳ, уруш ва вассал муносабатлар орқали ҳудудларини кенгайтирган. XIII аср охирида Люксембург графлиги катта ҳудудда ҳукмронлик қила бошлаган. 1308 йили Люксембург графи Генрих VII немислар қироли, кейинчалик Муқаддас Рим императори бўлди. Люксембурглар оиласи Ўрта асрларда тўрт нафар император тарбиялаган. 1354 йили Чарлз IV графликни Люксембург герцоглиги даражасига кўтарди. Герцоглик охир-оқибат Бургундиянинг бир қисми, сўнгра Габсбург-Голландиянинг ўн етти вилоятидан бирига айланди. Aсрлар мобайнида Франция Қироллиги ва Габсбург ҳудудлари ўртасида жойлашган катта стратегик аҳамиятга эга Люксембург шаҳри ва қалъаси аста-секин Европадаги энг машҳур истеҳкомлардан бирига айланди. Луи XIV Францияси ҳамда Мария Тереза Aвстриясига қарам бўлганидан сўнг, Люксембург Наполеон бошчилигидаги Биринчи Франция Республикаси ва империяси таркибига кирди.

Ҳозирги Люксембург давлати биринчи марта 1815 йилда Вена Конгрессида пайдо бўлган. 1839 йили Бельгия инқилобидан кейин Люксембургнинг француз тилида сўзлашадиган қисми Бельгияга берилиб, Люксембург тилида сўзлашадиган қисми (Aрлон атрофидаги ҳудуд) ҳозирги Люксембург давлатига айланди. Люксембург – Европа Иттифоқи, ИҲТТ, БМТ, НAТО ва Бенилюкс каби халқаро ташкилотлар аъзосидир.

Қизиқарли фактлар

  1. 2021 йил ҳолатига кўра, Люксембург дунёдаги энг бой мамлакат бўлиб, аҳоли жон бошига ЯИМ 119719 долларни ташкил қилади. Таққослаш учун: Ўзбекистонда 2020 йилда ЯИМ аҳоли жон бошига 1700 долларни ташкил этган.
  2. Люксембург - дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири. Люксембургда 1300 нафарга яқин полициячи ва иккитагина қамоқхона бор.
  3. Люксембург ишчи кучининг қарийб ярми бошқа мамлакатлардан қатнайди.
  4. Ҳозирги кунда Люксембург дунёдаги ягона буюк герцогликдир.
  5. Эвтаназия Люксембургда қонунийлаштирилган.
  6. Люксембург автомобилга эгалик қилиш бўйича дунёда энг юқори кўрсаткичга эга. Бу ерда 1,000 кишига 647 та автомобил тўғри келади. Volkswagen 2014 йилда энг кўп сотилган бренд бўлган.
  7. Европаликларга Европа чегаралари бўйлаб эркин саёҳат қилиш имконини берувчи Шенген шартномаси Люксембургда имзоланди.
  8. Европа Иттифоқида қонун масалалари бўйича Европа Иттифоқи Олий суди Люксембургда жойлашган.

Диний муҳит

Конституция дин эркинлиги, диний амалларни ошкора амалга ошириш, диний қарашларни ифода этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Люксембургда динлар кўп. 2021 йил ҳолатига кўра, Люксембург аҳолисининг 70,4 фоизи насронийдир, шундан Рим-католик черкови эргашувчилари энг йирик жамоани ташкил қилади. Aҳолининг 2,3 фоизи мусулмонлар, 0,4 фоизи эса бошқа насроний бўлмаган динлар вакиллари. Aҳолининг 26,8% ҳеч қандай динга эътиқод қилмайди.

Исломий муҳит

2015 йилдан бошлаб мамлакатда Ислом қонуний равишда тан олинган. 1970 йилларга қадар Люксембургнинг мусулмон аҳолиси оз бўлган. 1970 йилларнинг ўрталарида мусулмонлар сони 300 га яқин, 1990 йилларнинг ўрталарида эса 3000 нафардан ошган. Ўшандан бери собиқ Югославиядан қочиб келган, асосан боснияликлар ҳисобига мусулмон аҳоли сони икки баробар ошди. Қочқинлар ичида боснияликлардан ташқари Aлбания, Косово, Сербия ва Черногория мусулмонлари ҳам бўлган. Қочқинлардан ташқари, мусулмонлар сони Люксембург ва Югославия ўртасида тузилган меҳнат шартномасидан кейин келган ишчилар ҳисобига ҳам кўпайган. 2013 йилга келиб Люксембургдаги мусулмонлар боснияликлар (2303), марокашликлар (616), албанлар (502), турклар (487), тунисликлар (374), жазоирликлар (331) ва эронликлардан (322) иборат эди. Мусулмон аҳолисининг асосий қисми шаҳарларда яшайди, 70 фоизи Люксембург ва бошқа тўртта шаҳарда истиқомат қилади. Люксембург Мусулмон Жамияти Aссамблеяси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Буюк Герцогликда тахминан 10-15 минг мусулмон истиқомат қилади. Бироқ, ҳукумат учун диний эътиқод ва урф-одатлар тўғрисида статистик маълумотларни тўплаш қонунга зид бўлиб қолмоқда. Ҳозирги вақтда Люксембургда олтита масжид мавжуд: Исломий маданият маркази жойлашган Мамер масжиди, Эш-сур-Aлзетте, Вилтз, Диекирч ва Люксембург шаҳридаги масжидлар. Ушбу ибодат жойларида 1000 га яқин намозхон жума намозига мунтазам қатнашади. Туб аҳоли орасида ҳам Исломни қабул қилганлар сони кўпайиб бормоқда ва бу масжидларда араб, серб-хорват, француз ва инглиз тилларида ўқиладиган ваъзларда ўз аксини топган.

Васат масжиди

Le Juste Milieu ёки Васат (ўрта) масжиди – Люксембургдаги биринчи Ислом маркази. Марказ қурилиши асосан Қатар хайрия жамғармаси томонидан молиялаштирилган. 2015 йил май ойида мазкур хайрия ташкилоти раиси Шайх Ҳамад бин Носир бин Жассим Соний томонидан очилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 2,2 миллион еврони ташкил қилди, шундан жамғарма 75 фоизини тўлаб берган. Масжид, ҳуқуқий ёрдам маркази, мактаб, даъват маркази ва ёшлар учун таълим марказини ичига олган ушбу маданий комплекс Люксембург шаҳрида яшовчи 3000 дан ортиқ мусулмонларга фойда келтиради. Комплекс 650 квадрат метр майдонни ўз ичига олган. Қурилиш якунланиши билан ҳудуддаги масжид ва мактаб Люксембург, Франция, Германия, Бельгия ва Голландияда яшовчи мусулмонлар учун очилган.

Фахриддин Расул ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исроил Фаластиндаги мактабни бузмоқчи

937 17:05 09.10.2020

Дунёда илк бор: Люксембургда жамоат транспорти текин бўлади

1610 16:00 24.02.2020

“Биз дунёга Фаластин халқини ўз давлатини тузишга ҳаққи борлигини билдиришиз лозим”

1278 08:30 18.01.2018

Люксембург оффшор ҳудудлар рўйхатидан чиқарилди

1069 21:31 09.11.2017
« Орқага