Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Илихон

601

Айтиш керакки, “Озодлик учун кураш” китобида 1944–1946 йиллардаги Шарқий Туркистон инқилоби маркисизм-ленинизм нуқтаи назаридан тадқиқ этилади. Бу инқилобда Алихонтўра Шокирхўжаев гўё иштирок этмаган. Иштирок этса ҳам, унга тўсқинлик қилган, унинг сафларига сотқин кишиларнинг кириб қолишига сабабчидай қилиб тасвирланади. Фақат икки жойда унинг исми “Илихон” тарзида тилга олинади. 

Китобнинг ҳар саҳифасига эътироз билдириш, Зуннун Тейиповнинг фикрларини тарихий маълумотлар асосида қайтариб ташлаш қийин эмас. Аммо биз бундай қилмадик. Чунки муаллиф ўз китобини қандай шароитда ёзганини тушунамиз. Зеро, ўзимиз ҳам  ўша совет тузуми шароитида яшадик ва ёздик. Минг афсуслар бўлсинки, ҳамма ёзувчи ва олимлар, ҳарбий саркардалар ҳам Алихонтўра Соғуний бўлолмаслигини замон кўрсатди. Золимнинг қиличи бошинг узра ярақлаб турар экан, ҳамманинг ҳам рост гапни ёзишга тили айланмайди, қалами юрмайди. Жон ширин-да!

Шуларни ёзяпману, ўйлайман: Нима, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий, Алихонтўра Соғуний каби ўнлаб Ватан фидойиларининг жонлари ширин эмасмиди? Ҳа, уларнинг ҳам жонлари ширин. Аммо бу одамлар халқ ва Ватан озодлигини ана шу ширин жонларидан ортиқ кўра билишди. Ҳамма гап шунда!

Аммо З.Тейиповнинг “1945 йил январь ойида Шарқий Туркистон Вақтли ҳукумати қайта ташкил этилди, ҳукумат раиси этиб, Аҳмаджон Қосимий сайланди” деган иддаоси ҳақиқатга зид эканини кўрсатиб ўтмасак, адолатдан бўлмас, деб ўйладик.

“Олти империянинг олишуви: Шинжон учун кураш” китобининг муаллифи В. Обухов ўз асарида Шарқий Туркистон миллий армияси майори Никифор Студенков хотираларига катта ўрин беради:

– Биз гоминданчилардан шаҳар ортидан шаҳарни озод қилар эдик, – деб эслайди майор. – Биринчи бўлиб Шихо, кейин Чугучак, тез орада эса Олтой ва Тарбағатой округлари эгалланди, Монас дарёси эса Чан Кайши армияси билан ўртамизда чегара вазифасини бажарарди. Шинжон пойтахти Урумчи билан отлиқ бригадамизни борйўғи 250 километрлик масофа ажратиб турарди. Менга пастки чегара − чап фронтни ушлаб туриш буюрилди. Дарёдан ўтиб, “тил” ушлаб келардик. Шинжоннинг бошқа округларида ҳам гоминданга қарши қуролли қўзғолонлар бошланди. Биз ҳужум қилиб бутун Шинжонни озод қилиш юзасидан буйруқни кутардик. Бироқ қўмондонлик бошқача йўл тутди...

1945 йил сентабрь ойида Миллий армия қисмлари Шихо шаҳрини қаттиқ жанглар билан озод қилиб, Монас дарёсининг ғарбий соҳилларига бориб етди ва Урумчига хавф туғдирди. Фақат бир Шихо ва Цинхэ шаҳарларини эгаллаш пайтида 4000 дан ортиқ гоминдан солдат ва офицери асирга олинди. 19 та станокли пулемёт, 18 та миномёт, 15 та тўп, 1800 та милтиқ, 2 та танк, 1 та самолёт, 332 авиабомба, 68 та яшиқда мина, 4 та радиоузатгич, шунингдек, бошқа кўплаб аслаҳа ўлжага олинди. 15 сентабрда Шарқий Туркистон Миллий армияси қисмлари Душанцзидаги нефтни қайта ишловчи корхоналарни тўла эгаллади. Бу билан қўзғолончиларнинг ёқилғига бўлган талаби бирмунча қондирилди.

Ўша пайтда Шинжондаги гоминдан армияси қўмондони бўлган Тао Чжиюе зудлик билан Чан Кайшига телеграмма нотасини жўнатди: “Биз қийин вазиятда қолдик. Қўзғолончилар армияси Монас дарёсига яқинлашиб қолди. Уларга қарши туриш учун аскарлар етишмайди, ташқаридан эса ҳеч қандай ёрдам йўқ. Урумчининг ишғол этилиши хавфи туғилди. Шу боис вилоят пойтахтини Хами шаҳрига кўчиришга рухсат беринг”. Чан Кайши ўз навбатида мазкур телеграмма билан танишгач, шундай жавоб қилади: “Миллий армия Монас дарёсидан жилмайди. Пойтахтни кўчиришга зарурат йўқ!” Бу пайтга келиб Чан Кайши жанговар ҳаракатларни тўхтатиш юзасидан Иосиф Сталин билан келишиб қўйган эди.

Айрим тадқиқотчиларга кўра, Совет раҳбари ўз олдига қўйган мақсадига эришгач, хусусан, Шинжоннинг шимоли-ғарбидаги табиий бойликларни қўлга киритгач, Миллий армия қўмондони генерал Иван Полиновга Монас дарёсидан нарига жилмасликка буйруқ беради.– Шундай  бир афсона бор, – дея В. Обухов китоб қаҳрамони Студенковнинг  юқоридаги  хотираларини шарҳларкан, заҳарханда қилади, – Шарқий Туркистон Республикаси Президенти Алихонтўра Шокирхўжаев генерални ҳузурига чақириб, ҳужумни тўхтатишга қандай асоси борлигини тўғридан-тўғри сўрайди. Бу саволга жавобан Иван Полинов, Москвадан келган буйруқни бажарганини айтади. Бундан ғазабланган Алихонтўра Шокирхўжаев: “Полковник, мана бу генераллик погонларини сенга Москва эмас, мен берганман”, дея Иван Полиновнинг генераллик нишонларини юлиб олади.

Шу тариқа Обухов ёки у ишора қилган манбалар, гарчи, заҳарханда билан бўлса-да, Алихонтўра Шокирхўжаевнинг Уч вилоят инқилоби советлар томонидан бўғиб қўйилганига қадар ҳукумат раиси лавозимида турганини тасдиқлайдилар.

Бундан ташқари, Алихонтўра Шокирхўжаевнинг Шарқий Туркистон Республикаси Президентлигидан ўз хоҳиши билан кетганини ва бу ҳодиса Зуннун Тейипов айтганидек, 1945 йил январь ойида эмас, балки 1946 йилнинг ёзларида, яъни ўн бир моддадан иборат “битим” шартларини “қўлтиқлаган” Аҳмаджон Қосимий раҳбарлигидаги делегация Урумчига жўнагунга қадар ҳам ўз лавозимида турганини бошқа манбалар ҳам исботлайди. Бу ҳақда аниқ тарихий маълумотларга асосланган Увайсхон Шокиров ўзининг “Алихонтўра Соғуний” тарихий-биографик китобида бундай ёзади: 

“Чан Кайши ҳукуматининг Совет Иттифоқи билан муносабатларни яхши қўшничилик талабларига мослаштиришга масъул бўлган генерал Жанг Чежунг Ғулжадан битим муҳокамасини якунлаш учун келган вакилларни илиқ кутиб олди. Аслида, у битимнинг умумий мазмунини  ўрисларнинг Урумчидаги вакил-элчиси билан олдиндан келишиб бўлган эди. Бу вакилларни ҳам шу элчининг одамлари ҳисоблаб, битим моддаларини жуда синчиклаб, келажакда ўрис фойдасига бурилиб кетмаслиги учун ҳар тарафлама ўйлаб қоғозга туширишга ҳаракат қилди. Олтмиш уч кунлик узоқ тортишув натижасида икки томон вакилларини қаноатлантирадиган ўн бир моддали битим тузилди ва имзоланди.

Бу битимга кўра, Шарқий Туркистон Вақтли ҳукумати тугатилиб, марказ Урумчидаги ўлка ҳукумати янгидан ташкил қилинадиган бўлди. Унинг таркибига Ғулжа тарафдан олти вакил киритилиб, ҳукумат раислигига Жанг Чежунг сайланди, Аҳмаджон Қосимий  муовин  этиб тайинланади. “Мус тақиллик” сўзи чиқариб ташланган бу битим Чан Кайши ҳукуматининг ўша пайтдаги халқаро вазият ҳамда умумий ички аҳволидан келиб чиқиб, Шинжондаги Совет манфаатларини мажбуран эътироф этганини кўрсатар эди, холос. Мазкур  келишув қийин шароитларда мустақиллик учун инқилоб қилган Шарқий Туркистон халқининг туб манфаатларини тўлиқ ифода этмади. Бундан ташқари унинг бажарилишига ишонч йўқ эди. Чунки у ҳеч қандай кафолатга эга эмасди. Шунга қарамай, Аҳмаджон Қосимий раҳбарлигидаги вакиллар қабул қилинган битимни кўтариб, зўр хурсандчилик билан Ғулжага қайтиб келишади”.

Увайсхон Шокиров Шарқий Туркистон ҳукуматининг бўлажак охирги мажлисига ҳукумат аъзоларидан ташқари, яна турли идора, бошқарма, жамоатчилик ташкилотларининг бошлиқлари, ҳарбийлар ҳам таклиф этилганини ёзади. Мажлис ҳукумат идорасининг катта залида очилди. Ҳукумат раиси Алихонтўра одатдагидай хонасида ўтириб, бош котиб Абдурауф Махсум ва Аҳмад афандилар (Аҳмаджон Қосимий – Ё.Х.) тайёрлаган кун тартиби билан танишиб чиқди.

Аҳмад афанди кеча битим тафсилотларини ўзига сўзлаб берган эди. Алихонтўра битимдан қаноат ҳосил қилмади. Битимда ҳатто олий мухторият ҳақида бирор оғиз сўз айтилмаганидан у киши қаттиқ хафа бўлди. Суҳбатда Аҳмад афанди Алихонтўрага бўлажак марказий ҳукумат аъзоси ва Ила вилоятининг раиси вазифасини бериш таклифи Урумчида муҳокама қилингани ва бу ерда ҳам шу маслаҳат бўлганини айтиб, у кишининг бунга муносабатини билмоқчи бўлди. Лекин Алихонтўра бу таклифларга эътибор ҳам бермади, муносабат ҳам билдирмади.

Алихонтўра ҳамма жамланган мажлис залига кираркан, раис ҳурматига “дув” этиб ўрнидан турган амалдорларга, таниш чеҳраларга бир-бир назар ташлади-да, ўзининг одатдаги раислик ўрнига ўтирди ва бошини силкитиб кўришди. Залда чуқур сукунат ҳоким эди. Алихонтўра бир неча дақиқа залга тикилиб туриб, салмоқли сўз бошлади:– Ҳурматли мажлис аҳли! Бугун биз муборак Шарқий Туркистон ҳукуматимизнинг охирги мажлисида иштирок этмоқдамиз. Мустамлака зулмидан қутилиш, миллий, диний эркинлигимизни таъминлаш, мустақил давлатимизни қуриш учун инқилоб қилган эдик. Бунинг натижасида Ватанимизнинг учта: Ила, Тарбағатой, Олтой вилоятларини тўлиқ озод қилиб, миллий ҳукуматимизни қурдик. Қолган яна етти вилоятни озод қилишга доир шарт-шароитни ҳам тайёрлаган эдик. Бамисоли чўлпон юлдузи каби ярқираган бу озодлик инқилобимизни кўролмаганлар тезлик билан бутун имкониятларини ишга солиб, уни ўчиришга эришдилар. Қанчадан-қанча қурбонлар бериб қўлга келтирилган мустақиллигимизни, Ватанимиз озодлиги, эркини, ҳақ-ҳуқуқимизни “ихтиёрий равишда” яна уларнинг қўлига топширишга мажбур бўлмоқдамиз.

Бу тузулмиш “битим”га қаршиман, чунки улар бизга ҳокимиятни эмас, ўзлари ҳукм юритадиган давлатнинг оддий дастёрлари бўлишни таклиф қилмоқдалар. Бундай хизмат қилишни миллатга нисбатан хиёнат деб биламан, чунки халқимиз бундай хиёнат пардаси остида яқин келажакда бутун миллий ҳиссиётларидан ажраган ҳолда бу аждаҳоларга ем бўлиб ютилиб, охири инқироз чуқурига юзтубан йиқилиб, ҳалокатга учраши, шубҳасиздир.

Бунинг олдини олишнинг бирдан-бир шарти ҳар бир миллат, катта-кичиклигидан қатъи назар, ўз юртига эгалик қилиш, унинг ижтимоий-сиёсий муҳитини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлишдадир. Бу менинг имон-эътиқодим, шаҳид кетган фарзандларимиз олдида Қуръон ушлаб ичган қасамим. Шу боис бугундан эътиборан мен раислик вазифамни ўз бошимдан соқит қиламан.

Мен ҳеч кимдан ранжида эмасман, пешонамизга тақдири илоҳий шундай ёзилган экан. Биз муносабат боғлаган имонсиз кимсалар ўз зотларига тортди. Хиёнат қилишди. Ҳақ талашиб, улуғ мақсад йўлида тўкилган қонлар, берилган қурбонлар учун Аллоҳ кечиргай!

Алихонтўра овози шу жойга келганда титраб чиқди... Нафас чиқармай уни тинглаётган мажлис аҳлининг йиғи аралаш бўғиқ овозда:

– Тўра отамизга Худо мадад бергай! – деган садолари бино шифтини ларзага келтирди.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

100 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

224 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

273 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

212 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

333 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

298 18:58 18.08.2022
« Орқага