Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Имом Абу Ҳанифа ва ҳанафий мазҳаби

2815

Ушбу бобда икки фасл мавжуд:

Биринчи фасл: Имом Абу Ҳанифа мазҳаб асосчиси.

Иккинчи фасл: Ҳанафий мазҳабининг ривожланиши, боқичма-босқич тараққий этиши ва ёйилиши.

Биринчи фасл

Имом Абу Ҳанифа мазҳаб асосчиси

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ шуҳрати барча юртларга тарқалган машҳур уламо ва мусулмонларнинг энг кўзга кўринган имомларидан биридир. Бу ажабланарли ҳол эмас, чунки умматнинг ярмидан кўпи Аллоҳга айнан ушбу имом мазҳаби асосида ибодат қиладилар. Зеро, ислом қиёматгача мавжуд экан, имом Абу Ҳанифа зикр қилинади. Бу Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўғри ва мақбул эканига аломатдир.

Аба Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг сийрати, ахлоқи, илми ва ибодати ҳақида баҳс юритган одам кўплаб ажойиботларга гувоҳ бўлади. Ҳатто у зотнинг сийратлари ва таржимаи ҳоллари ҳақида алоҳида жилд-жилд китоблар ёзилган ва фазилатлари борасида юзлаб саҳифалар қораланган.

Биз ушбу рисолада барчасини қамарб ололмаймиз. Лекин энг фоидалиларини тўплаб, гул-чечакларини териб ушбу рисолани безаймиз. Буни малол келадиган узун ва тушунарсиз бўлиб қоладиган даражада қисқа ҳам қилмасдан баён этишга ҳаракат қиламиз. Ушбу фаслда зикр қилинган баъзи маълумотларимиз “ҳанафий мазҳабининг ривожланиши, боқичма-босқич тараққий этиши ва ёйилиши” ҳақидаги иккинчи фаслга хизмат қилади.

Мен ушбу фаслни икки баҳсга бўлиб ёритдим:

Биринчи баҳс: Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг ҳаёти, ёшлик даври ва шунга боғлиқ бўлган воқеъалар. Мазкур баҳсда ўн битта мавзу мавжуд.

Иккинчи баҳс: Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг илми, фиқҳи, мақоми ва шунга боғлиқ бўлган маълумотлар. Мазкур баҳсда кириш ва саккизта мавзу мавжуд.

Биринчи баҳс

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг ҳаёти, ёшлик даври ва шунга боғлиқ бўлган воқеъалар

Мазкур баҳсда ўн битта мавзу мавжуд:

Биринчи мавзу: Исми, наслу насаби ва туғилиши.

Иккинчи мавзу: Имомнинг кўриниши ва хулқий сифатлари.

Учинчи мавзу: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг табақаси. У зот саҳобийлардан бирортасини кўрганми?

Тўртинчи мавзу: Илм талаб қилишни бошлаши.

Бешинчи мавзу: Фатво ва дарс беришни бошлаши.

Олтинчи мавзу: Ўз касби орқали кун кўриши ва мукофатларни рад этиши. 

Еттинчи мавзу: Ибодати, тақвоси ва Аллоҳ таолодан хавфи.

Саккизинчи мавзу: Ахлоқлари. Бунда бир нечта бўлимлар мавжуд.

Тўққизинчи мавзу: Мансабга ўтиришдан бош тортганида кўрган қийинчиликлари.

Ўнинчи мавзу: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг вафоти.

Ўн биринчи мавзу: Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ яшаган аср.

Биринчи мавзу

Исми, наслу насаби ва туғилиши

Соймарий Умар ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифадан ривоят қилади: Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зувтой. Зувтой Қобил аҳлидан бўлган. Собит Исломда туғилган. Зувтой Бани Таймуллоҳ ибн Саълабага қул бўлиб, сўнг озод қилинган.

Соймарий Исмоил ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифадан келтирган бошқа ривоятда шундай дейилган: Мен Исмоил ибн Ҳаммод ибн Нўъмон ибн Собит ибн Нўъмон ибн Марзубон Форснинг ҳур фарзандлариданман. Аллоҳга қасамки, бизга қуллик етмаган. Бобом 80-санада туғилган. Собит ёшлик чоғида Али розияллоҳу анҳунинг олдига борган. Али розияллоҳу анҳу унинг ва зурриёдининг ҳаққига барака тилаб дуо қилган. Биз Али розияллоҳу анҳунинг биз ҳаққимизда қилган дуосини Аллоҳ ижобат қилишидан умид қиламиз.

Муҳаққиқ уламолар наздида қабул қилинган сўз, у зотнинг ажам бўлганлиги. Бироқ бобосининг исми ва қул бўлгани борасида ихтилоф бор.

Кавсарий икки ривоятни ўртасини жамлаб, Зувтой Собитнинг бевосита отаси эмас улар ўртасида Нўъмон ибн Марзубон бўлган, деган.

Албатта насаб эмас, тақво ва илм эътиборга олинади. Кавсарий ушбу ўриндаги мавлоликни, озод қилиш ёки исломдаги мавлолик эмас, балки ўзаро биродарликдаги валоят деб таъвил қилган. 

У зотнинг асли қайси юртдан эканлиги ҳақида ҳам турли гаплар айтилган. Баъзилар Қобилдан, баъзилар Бобилдан, баъзилар Насодан, баъзилар Термиздан ва баъзилар Анбардан дейишган. Ушбу ривоятларни жамлаб, боболари Қобилдан бўлган, сўнг у ердан мазкур юртларга кўчган дейиш мумкин бўлади.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ ҳижрий 80-сана Куфада Абдулмалик ибн Марвон халифалик даврида туғилган. Баъзилар ҳижрий 81 – санада туғилган, деганлар. Бошқалар 70 – йилни ҳам айтишган.

Иккинчи мавзу

Имомнинг кўриниши ва хулқий сифатлари.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ чиройли, очиқ юзли, соқоллари кўркам кийимлари гўзал зот бўлган. У гўзал суратли, ташқи кўриниши ҳайбатли, узун соқолли, виқорли, кийим, салла ва пояфзал кийишда нозиктаб, яхши муомалали, фасоҳатли, ширин оҳангли, кўп хушбўйлик сепиб юрадиган зот эди.

Соймарий ва бошқалар Абу Юсуфдан ривоят қилиб айтади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ узун ҳам қисқа ҳам эмас ўрта бўйли, чиройли сўзловчи, ширин оҳангли ва айтмоқчи бўлган фикрини очиқ баён қилиб берадиган зот эди”.

Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ривоят қилади: “Абу Ҳанифа узун бўйли, буғдойранг, доим чиройли либосда гўзал кўринишда юрадиган, кўп хушбўйлик ишлатганидан бирор жойга келса ёки чиқса, хали ўзи кўринмасдан хушбўйлигининг ҳидидан билинадиган зот эди”.

Икки ривоят ўртасини жамлаб, узунга яқинроқ эди, дейиш мумкин бўлади.

Учинчи мавзу

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг табақаси. У зот саҳобийлардан бирортасини кўрганми?

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу саҳобалар замонасига эришгани борасида хилоф йўқ. Лекин саҳобалардан бирортасини кўргани ва улардан ҳадис эшитгани тўғрисида ихтилоф қилинган. Кўпчилик муҳаддис ва тарихчилар, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ бир нечта саҳоба розияллоҳу анҳумларни кўрганини, айтишади. Баъзилар бир қанча саҳобалардан ривоят қилганнини ҳам айтишган.

Жумҳур муҳаддислар киши бирор саҳобийни кўриши ва учрашишининг ўзи билан тобеъинга айланади, маълум муддат у билан ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас, деганлар.

Бир жамоа муҳаддис ва аҳли илмлар Абу Ҳанифа Анас розияллоҳу анҳу билан учрашганини очиқ-ойдин айтганлар. Шунга кўра Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алйҳ тобеъин бўлади. Кўплари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобалар билан ҳам учрашган деб, очиқ-ойдин айтганлар.

Улар мазкур саҳобийлардан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жаз Зубайдий, Воила ибн Асқаъ, Оиша бинти Ажра, Абдуллоҳ ибн Абу Авфа, Амр ибн Ҳарийс, Абу Туфайл Омир ибн Воила ва Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳумларни кўрганнии зикр қилганлар. У зот мазкур ва бошқа саҳобийлардан ривоят қилган. Ушбу ривоятлар Суютий, Маккий ва Кардарийлардан нақл қилинган.

Баъзилар: Абу Ҳанифа табаъ тобеъинлардан бўлган. Саҳобалар даврига етган, лекин улардан бирортаси билан учрашмаган, деган. Ушбу фикрни имом Заҳабийнинг “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алйҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўргани тўғридир” деган сўзи рад қилади.Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ нечта саҳобийни кўргани борасида ихтилоф бор. Бу ихтилоф у зотнинг туғилганлик санаси тўғрисидаги ихтилоф туфайли юзага келган. У зотнинг туғилган саналари борасида уч хил ривоят юқорида ўтди.

Тўртинчи мавзу

Илм талаб қилишни бошлаши

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ Куфада ўзига тўқ мусулмон хонадонида улғайган. Отаси тижорат билан шуғулланиб, ипак сотар эди. Абу Ҳанифа ушбу касбни отасидан мерос қилиб олган. Ўспиринлик чоғининг илк даврларида бозорга бориб олди-сотди ишлари билан машғул бўлган. Бу ҳолат имом

Шаъбий раҳматуллоҳу алайҳга йўлиққунича давом этган. Имом Шаъбий раҳматуллоҳу алайҳ у зотни илмга эътибор бериш ва уламолар мажлисини лозим тутишни буюрди. Шундан сўнг у зот бозорни тарк этиб, илмга юзланди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ аввал калом илмини ўрганишга киришди. Чунки бу дин асосларининг илми эди. Бу соҳада бармоқ билан ишора қилинадиган даража етди. У зот динни инкор қилувчи залолат аҳллари билан талашиб-тортишар эди. Басрага йигирма маротабдан ортиқ борган. Баъзида бир йиллаб туриб қолиб мунозаралар қилар ва турли шубҳаларга раддиялар берди. Турли динни инкор қилувчи тоифалар, муътазила ва хавориж каби фирқалар ҳамда ҳаддидан ошган шиъалар билан тортишар ёки Жаҳм ибн Софвон каби шахслар билан мунзара қилиб енгар эди.

Сўнг саҳоба ва тобеъинлар ўзидан кўра имкониятли ва илмли бўла туриб бу каби ишларни қилмагани, балки бундан қаттиқ қайтаргани илҳом қилинди. Дарҳақиқат, саҳобийлар фақат шариат илмларига ва фиқҳ бобларига ҳамда инсонларга таълим беришга уринишиб, турли тортишувларни тарк этган эди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг ушбу фикри қуйидаги ҳодисага тасодифан тўғри келиб қолди. У зот Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннинг илм ҳалқаси яқинида ўтирар эди. Бир куни бир аёл: “эр хотинини суннатга мувофиқ талоқ илмоқчи бўлса, қандай талоқ қилади?”  деб сўраб келди. У зот жавоб бера олмасдан унга Ҳаммоддан сўрашни ва келиб жавобни айтиб кетишни буюрди. У аёл шундай қилди. Шундан сўнг каломни тарк қилиб, Ҳаммоднинг илм ҳалқасига ўтирди ва фиқҳни ўргана бошлади.

Соймарий ва бошқалар ривоят қилади: Абу Ҳанифа илм билан машғул бўлмоқчи бўлганида барча илмларни оқибати ва ғоялари ҳақида мулоҳаза қилиб кўрди. Сўнг фиқҳни ихтиёр қилиб, бошқасидан юз бурди.

Бундан у зот бошқа илмларни чуқур билмас эканда, деган фикр келиб чиқмайди. У зот барча илмларда денгиз эди. Зеро у зот аввалда ақоид илми билан шуғулланган. Фиқҳ илми эса, ҳадис, луғат ва тафсир илмларини чуқур билмасдан туриб ҳосил бўлмайди. Фиқҳий масалалар айнан мана шулар орқали ечилади.

Ҳаммод ибн Сулаймон Куфада Иброҳим Нахаъий вафот этгандан кейин фиқҳ борасида барча унга мурожаат қиладиган муфтий бўлиб қолган эди. Унинг илм ҳалқаси бўлиб, фиқҳдан таълим берар ва фатво айтар эди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ фиқҳни ўрганиш учун унинг илм ҳалқасига ўтди. У зот Ҳаммоднинг барча айтган сўзларини ёдлаб олар ва бошқа шогирдларининг хатолари топар эди. Ҳаммод уни олдинга ҳалқанинг аввалига ўтқазиб қўйди. Мана шу тарзда шогирдликда ўн йил бардавом бўлди. Бир кун ўзи алоҳида устозидан мустақил илм ҳалқаси тузиш кўнглига келиб қолди. Ҳатто бунга азму қарор ҳам қилди. Масжидга кириб устозини кўргач, бундан воз кечиб, яна устозининг илм ҳалқасига ўтирди. Ўша кеча Ҳаммодга Басрадаги қариндошининг ўлган хабари келди. Абу Ҳанифани ўзининг ўрнига ўтиришни буюрди. Ҳаммод Басрага кетиб икки ой бўлмади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳга турли масалалар келар эди. Улар ичида устозидан эшитмаган масалалар ҳам бор эди. У зот жавоб берар ва жавобни ёзиб қўяр эди. Устози Басрадан келгач, унга олтмишга яқин масалани кўрсатди. Қирқта масалнинг жавобида устозига мувофиқ келган, қолган йигирматтаси хато эди. Шунда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ устозидан то вафот этгунича ажралмасликка қасам ичди. Шу билан устозининг ҳузурида ўн саккиз йил, яъни устози вафот этгунича бирга қолди. Ўтган вақт ичида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳустозини ниҳоятда ҳурматлар ва намозида унинг ҳаққига дуо қилар эди. Шунингдек устози ҳам уни яхши кўриб қадрлар эди.

Ҳаммод ҳижрий 120 – санада вафот этган. Устози вафот этганда у зот 40 ёшда бўлган. Бундан у зот ҳижрий 80 – санада туғилгани янада аниқ бўлади. Шунга кўра фиқҳ илми талабини 22 ёшида бошлаган бўлади.     

Доктор Аҳмад Саъийд Ҳаввонинг
“Имом Абу Ҳанифа ан-Нўъмон раҳматуллоҳу алайҳ мазҳабига йўл” китобидан.

(давоми бор)

Мартин Жон Мвайпопо / Ҳожи Абу Бакр Жон Мвайпопо

Табибни даволаган бемор

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бағдоддаги Имоми Аъзамнинг мақбарасини бузиш рад этилди

1403 09:05 14.06.2021

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

1116 18:55 09.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

903 03:30 04.05.2021

Имоми Аъзамнинг вафоти

5661 22:00 03.04.2021

Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва асосий қарашлари (699-767)

1746 08:00 14.03.2021

Имоми Аъзамнинг ота-боболари термизликми?

4410 21:30 19.02.2021
« Орқага