Бақий ибн Махлад Андалусий (ҳижрий 272 йили вафот этган) раҳимаҳуллоҳ илм излаб йўлга чиқди. Бағдод олими Аҳмад ибн Ҳанбалдан таълим олмоқчи эди. Аллома воқеани қуйидагича ҳикоя қилади: “Бағдодга келсам, Аҳмад ибн Ҳанбал уй қамоғида экан. Қаттиқ қайғуга ботдим. Нарсаларимни меҳмонхонага жойлаштириб масжидга бордим, одамлар шайх ҳақида нима дейишаётганини билмоқчи эдим. Масжидда дарс ҳалқасига дуч келдим, шайх ровийлар ҳақида гапирар, баъзиларини ишончли, айримларини ишончсиз дерди. Ёнимдаги одамдан унинг кимлигини сўрадим. У Яҳё ибн Маин экан, унга яқинроқ жойга бориб ўтирдим. Сўнг: “Эй Закариё отаси, мен мусофирман, баъзи саволларим бор, айбга буюрманг”, дедим. Изн берилгач, ўзимни қизиқтирган ровийлар ҳақида сўрадим. Баъзиларини ишончли, баъзиларини ишончсиз, деди. Устозим Ҳишом ибн Аммор ҳақида сўрадим, “Абу Валид Ҳишом ибн Аммор дамашқлик тақводор, ишончли ровий, кўп фазилатларга эга”, дея устозимни мақтади. Мен ўрнимдан туриб Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақида сўрадим, у менга ажабланиб қаради, сўнгра: “Мендан Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақида сўраяпсанми?! Ахир у мусулмонлар имоми, энг яхшиси ва энг фазилатлиси-ку”, деди.
Масжиддан чиқиб “тиланчилик” қилиб уйига бордим, эшикни тақиллатдим. Аллома остонада мени – бегона одамни кўрди. “Эй Абдуллоҳ отаси, мен мусофирман бу шаҳарга биринчи келишим, мен ҳадис ёдлайман, шаҳарга фақат сиз учун келдим”, дедим. “Ичкарига кир, биров кўриб қолмасин” деди. Ичкарига кирдим.
– Қаерликсан?
– Юқори Марокашдан.
– Африкаданми?
– Африкадан ҳам узоқ.
– Узоқ юртдан келибсан, сенга ўхшаган талабаларга ёрдам беришни яхши кўрардим, лекин ҳозир бошимга нима кулфат тушганини эшитгандирсан?!
– Ҳа, эшитдим, мени бу шаҳарда ҳеч ким танимайди, ижозат берсангиз, ҳар куни тиланчи қиёфасида келаман. Тиланчилар айтадиган гапларни айтаман, лоақал битта ҳадис айтиб берсангиз ҳам розиман.
– Розиман, лекин дарс ҳалқаларига бормайсан.
– Хўп.
Шу кундан бошлаб қўлимга ҳасса тутиб, бошимга латта ўраб, қоғоз-қаламимни қўлтиқлаб шайхникига кела бошладим, “Аллоҳнинг раҳмати ёғилгурлар, ажрга шошилинглар”, деб, бағдодча тиланчилик қилардим, шайх чиқиб уч-тўртта ҳадис айтиб берарди. Бир мунча вақт “тиланчилик” қилиб юрдим, охири мўътазилий халифа вафот этиб, сунний халифа сайланди. Имом Аҳмад озодликка чиқиб, ҳаммага дарс бера бошлади. Талабалар карвонлар билан Бағдодга оқиб кела бошлади. Шайх дарсда мени ўзига яқин ўтирғизарди, талабаларга менинг ҳийлам ҳақида айтиб берарди, мен шайхнинг хос шогирди бўлиб қолдим, ҳадисларни ўқиб ўтказиб олардим” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламин нубалаа”).
Бақий ибн Махлад илм йўлида чеккан заҳматлари эвазига катта аллома бўлиб етишди, Андалусни илмга тўлдирди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан “Муснад” ёзди, Тоҳир ибн Абдулазиз айтади: “Бақий ибн Махладнинг “Муснад”идан бир жузини Муҳаммад ибн Исмоилга кўрсатдим, муаллифнинг илмига тан бериб, “Бу китоб илм денгизидан олинган”, деди” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламин нубалаа”).
Абу Муҳаммад ибн Хазм Зоҳирий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бақий ибн Махлад “Муснад”ида 1103 саҳобийдан ҳадис келтирган. Ҳар бир саҳобийнинг ҳадисларини фиқҳ боблари бўйича тартибга солган, китоб ҳам “муснад”, ҳам “мусаннаф” услубида ёзилган. Ундан бошқа бирор олим шундай қилганини билмайман” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламин нубалаа”).
Бақий ибн Махлад “Муснад”и 200 қисмдан иборат бўлиб, 30969 ҳадисни ўз ичига олган, яъни устози имом Аҳмаднинг “Муснад”идан 969 та ҳадис кўп жамланган. У зот ҳақида имом Заҳабий яна шундай ёзади: “Бақий ибн Махлад солиҳ, мужтаҳид, содиқ, раббоний, ихлосли, илму амалда бош эди. Иккинчи асрнинг саноқли мужтаҳидларидан эди, ҳеч кимга тақлид қилмай, далил билан фатво берарди” (Имом Заҳабий. “Сияру аъламул нубалаа”).
Таассуфлар бўлсинки, Бақий ибн Махладнинг “Муснад”и бизгача етиб келмаган, Муборакфурий “Туҳфатул ахвазий”да Германиянинг Берлин шаҳрида сақланмоқда, деб ёзган. У ё хато қилган ёки ростдан ҳам бир қисми сақланмоқда.
Бақий ибн Махладнинг катта аҳамиятга эга бошқа китоблари ҳам бор. Ибн Хазм айтади: “Бақий ибн Махладнинг “Мусаннаф” асарида саҳоба ва тобеинларнинг фатволари жамланган. У Ибн Абу Шайба, Абдурраззоқ, Саид ибн Мансурнинг “Мусаннаф”идан каттароқдир. Унинг китоблари Ислом қоидалари бўлиб қолди. Бухорий, Муслим, Насоий каби буюк муҳаддислар етишишида ҳам Бақий раҳимаҳуллоҳнинг ҳиссаси бор” (Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”).
Бақий ибн Махладнинг тафсири ҳақида Ибн Хазм раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бақий ибн Махладнинг тафсиридек тафсир ёзилмаган деб аниқ айта оламан, ҳатто, Муҳаммад ибн Жарирнинг тафсиридан ҳам яхши ёзилган” (Хожи Халифа. “Кашфуз зунун”).
Имом Заҳабий ёзади: “Бақий ибн Махлад катта мужоҳидлардан эди, Аллоҳ йўлида етмишдан ортиқ жангда иштирок этган”. Шайхнинг солиҳ амалларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ҳисоблай олмайди, Аллоҳ таоло айтади: “Бас, мусобақачилар мана шу (неъмат) йўлида мусобақа қилсинлар” (Мутаффифун сураси 26-оят).
(давоми бор)
“Ислом ва олам” китобидан Бекмуҳаммад Алибоев таржимаси