Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Имом Бухорийнинг “40 миллион сўм”лик эҳсони

1683

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ нафақат ҳадис илмида, балки саховатпешаликда ҳам пешқадам бўлган. У зотнинг 40 миллион сўмлик хайр-эҳсони сўзимизни исботлайди. Келинг, бу улуғ зотнинг саховатли ишлари билан яқиндан танишамиз.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ аҳли илмнинг ҳолидан доимий  тарзда хабар олиб турар эди. Ҳатто ёнида махсус бир ҳамён олиб юрар, бирор ҳожатманд аҳли илмни кўрса, мазкур ҳамёнидаги пулларни уларга ёрдам бериш мақсадида сарфлар эди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ эҳтиёжманд аҳли илмларга йигирма ёки ўттиз дирҳам пул беришга одатланган эди. Ҳатто бир сафар Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир аҳли илмга ҳамён тўла дирҳамларини эҳсон қилиб юборган. У вақтда бундай ҳамёнлар уч юз дирҳам кумуш тангани ўзига сиғдира олган.

Ислом дини тарихида маошлар, савдо-тижорат ишлари, нафақалар ва хайру эҳсонлар, асосан, дирҳам ва динор тангалар кўринишида амалга оширилган. Дирҳам узоқ вақт давомида Ислом ўлкаларида асосий пул бирлиги сифатида муомалада бўлган. Дирҳам ҳозирда истеъмолдан қолган бўлса-да, баъзи диний аҳкомларни амалга оширишда ўз аҳамиятини сақлаб қолган. Дирҳам ҳар бир давлат ва шаҳарда турлича вазнда зарб этилган бўлиб, уларнинг қийматини ҳозирги пул бирликлари билан солиштириш деярли имконсиз. Лекин дирҳамнинг шаръий миқдори ҳозирга қадар сақланиб қолган. Мазкур шаръий миқдорга суянган ҳолда Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг аҳли илмга берган ёрдам пуллари ҳақида бир оз бўлса-да тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Дирҳам кумуш танга бўлиб, қадимда кенг қўлланилган пул бирлиги саналади. Дирҳамнинг шаръий вазни ҳанафийлик мазҳабида 3,125 граммни ташкил қилади. Ҳозирда дирҳамни пул бирликлари билан ифодалашда закот нисоби эътиборга олинмоқда. Яъни 200 (икки юз) дирҳам закот нисоби ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлар идораси томонидан 1442 ҳижрий йил Рамазон ойи (2021 йил апрель-май) учун закот нисоби 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм этиб белгиланди. Ушбу закот нисобига кўра ҳисобласак, 1 дирҳам ҳозирги миллий валютамизда 136 минг (бир юз ўттиз олти минг) сўмга тенг бўлади.

Демак, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ илм йўлида заҳмат чекаётган олим ва талабаларга қуйидаги миқдорда хайр-эҳсон қилиб турган:

20 дирҳам –  2 миллион 720 минг сўм;

30 дирҳам –  4 миллион 80 минг сўм;

300 дирҳам – 40 миллион 800 минг сўм.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу пулларни аҳли илмга тутқазар экан: “буни бошқа биров билмасин! Бирор жойда мендан шунча пул олганингни бировга айтиб қўмагин!” – деб шарт қўяр экан. Ҳа, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ илмнинг ривожига мана шундай ҳисса қўшган!

Аҳли илмга ёрдам бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш бизга аждодларимиздан мерос. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур сахийлигини эслар эканмиз, миллатимизнинг минг йиллик қадриятларидан бири кўз ўнгимизда гавдаланади.

 

Абдуллоҳ Абдулмажид

Ушбу ҳикоя “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим муассасаларига хорижлик фуқаролар ҳам қабул қилинади

498 18:20 21.06.2022

Абу Ҳанифа улуғ муҳаддис ҳам эди

531 20:50 07.06.2022

«Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати кўргазмаси» ўтказилади

722 11:40 03.01.2022

Имом Бухорий маркази вакиллари дунёдаги энг йирик қўлёзма кутубхоналаридан бирига борди

782 09:15 06.11.2021

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида ўн минг ўринли масжид қурилади

1178 13:50 25.09.2021

Имом Бухорий мажмуасида қарийб ўн минг намозхонга мўлжалланган масжид қурилади

958 17:05 10.08.2021
« Орқага