Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Имом Ибн Касир – моҳир муфассир (1-қисм)

1225

Имом Ибн Касир ислом оламидаги улуғ муфассирлардан бири эди.  У кишининг “Тафсир Ибни Касир” асарлари ўз йўналишидаги бебахо манбаалардан ҳисобланади. 

Асл исмлари Абул Фидо Исмоил ибн Умар ибн Касир ал-Бусравий аш-Шофеъий ад-Дамашқий. Ҳижрий 700 йилда Сурияда, Бусро шаҳридаги “Маждал” қишлоғида туғилганлар. Оталари Бусро шаҳридан, оналари эса Маждал қишлоғидан эди. 

Ибн Касир илмий муҳитдаги хонадонда улғайган. Зеро, оталари масжидда хатиб бўлган. Ибн Касир  4 ёшлик пайтларида оталари Хатиб Шиҳобуддин вафот этган ва шу сабабли туғишган акаларининг қўлида тарбия топганлар. Ибн Касир ўз акалари ҳақида: “У бизга ҳам ака, ҳам дўст, ҳам ҳамроҳ эди”, деганлар. Оталарининг вафотидан кейин оилавий Дамашқ шаҳрига кўчиб ўтиб, “Нурий” мадрасасининг яқинига жойлашишди. Бу вақтда бўлажак олим 5 ёшда эди. 

Ибн Касир дастлаб Ибнул Фаркаҳ номи билан машҳур Шайх Иброҳим ал-Фазозийдан сабоқ олган. Кейинчалик эса Дамашқда Исо ибн Матъам, Аҳмад ибн Абу Толиб, Қосим ибн Асокир, Ибн Шерозий, Исҳоқ ибн Амадий, Муҳаммад ибн Зирод каби олимлардан дарс олди. Асосий илмларни эса машҳур “Таҳзийб ул-Камол” асарининг муаллифи Абул Ҳажжождан олади. Абул Ҳажжож Ибн Касирнинг истеъдоди ва хулқини кўриб, унга ўз қизини турмушга беради. Ибн Касир машҳур олим Ибн Таймия ҳузурида ҳам кўп муддат таҳсил олган. 

У кишининг эътиқодлари борасида салафийлар ва ашъарийлар орасида тортишув мавжуд. Ашъарийлар Ибн Касирни Ашъарий эътиқодида бўлган дейишади. Сабаби Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Дурар ул-Камина” китобида Ибн Касир ва Ибн Таймия ўртасидаги суҳбатни зикр қиладидар. Унга кўра, Ибн Касир Ибн Таймияга: “Сиз мени ёқтирмайсиз, чунки мен ашъарийман”, деганлар. Ибн Таймия эса: “Агар сиз сочингиздан оёғингиз учигача ашъарийман десангиз ҳам, устозингиз Ибн Таймия бўлгани учун (ўзларини назарда тутмоқдалар) бу гапингизга одамлар ишонмайдилар”, деб жавоб берганлар. 

Салафийлар эса Ибн Касир салафий эътиқодида бўлган деб даъво қиладилар. Бунга далил қилиб эса асосан у киши Ибн Таймиянинг шогирди бўлганлигини айтишади.   

Имом ибн Касирнинг шайхлари:

•  Қуръон илмида 730 ҳижрий йилда вафот этган Ибн Ғайлон Баълабаккий ал-Ҳанбалий.
•  Қироат илмида ҳижрий 724 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Лаббод.
•  Наҳв илмида 723 йилда вафот этган Зиёуддин Зарбандий.
•  723 ҳижрий йилда вафот этган Ҳофиз ибн Асокир.
•  Тарих илмида 739 ҳижрий йидла вафот этган ал-Барзалий.
•  727 йилда вафот этган ибн Замалконий.
•  726 йилда вафот этган Ибн Қозий Шиҳба.
•  727 йилда вафот этган Ибн Таймия.
•  Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий.
•  Шайх Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Фазорий.
•  Имом АлоуддинМуҳаммад ал-Қосим ал-Барзали.
•  Шайх Шамсуддин Абу Наср Муҳаммад аш-Шерозий.
•  Шайх Шамсуддин Муҳаммад ал-Асбахоний. 

Имом ибн Касирнинг шогирдлари:

•  Ҳофиз Алоуддин ибн Ҳожий аш-Шофеъий.
•  Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳизр ал-Қураший.
•  Шарофиддин Масъуд ал-Антокий ан-Наҳвий.
•  Қироат илми шайҳларидан бўлган Муҳаммад ибн Абу Муҳаммад ибн ал-Жазарий.
•  Ўз ўғиллари Муҳаммаб ибн Абу Муҳаммад ибн Исмоил ал Касир.
•  Ибн Абул Иъзз ал-Ҳанафий.
•  Ҳофиз Абул Маҳосин ал-Ҳусайний.
•  Ҳофиз Зайниддин ал-Ироқий.
•  Имом Зайлаъий.

Имом ибн Касирнинг ёзган асарлари:

•  “Тафсиру Ибни Касир” номи билан машҳур бўлган “Тафсиру Қуръонил Карим”. Бу асар Имом Ибн Касирнинг шоҳ асарларидан ҳисобланади.
•  “Ал-Бидоя ван Ниҳоя”. Бу асар борлиқнинг яратилишидан тортиб ҳижрий саккизинчи асргача бўлиб ўтган тарихий воқеаларни ўз ичига олади.
•  “Ат-Такмил фи жарҳ ва таъдил ва маърифати сиқоти ваз зуъафаи вал мажаҳил”. Бу асар “Санадлар жамланмаси” номи билан билан машҳур. 
•  “Ал-Боис ул-Ҳасис фи ихтисору улум ул-ҳадис”. Бу асар Ибн Салоҳга тегишли “Муқаддима”нинг қисқартирилган шакли ҳисобланади.
•  “Жомеъ ус-сунан вал масонид”.
•  “Шарҳул Бухорий”. Бу китоб Саҳиҳ ул-Бухорийнинг шарҳи бўлиб, афсуски, бизгача етиб келмаган.
•  “Сийратун Набавия”.
•  “Китабу табақотуш Шофеъийя” ва бошқалар

Манбаалар асосида 
Муҳаммадсодиқ Абдуолимов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Ибн Касир – моҳир муфассир (2-қисм)

866 05:05 14.08.2021
« Орқага