(Давоми. 1-қисм бу ерда)
Имом Табарий бизларга улкан илмий мерос қолдириб кетдилар, бу мерос у кишининг дин илмлари борасида энциклопедик олим бўлганликларини кўрсатади. Қуйида у зотнинг машҳур қитобларидан баъзиларини келтирамиз.
- “Жомеъ ул-баян фи тафсирил Қуръан”. Бу асар “Тафсиру Табарий” номи билан машҳур.
- “Тарихул умам вал мулук”. Бу асар “Тариху Табарий” номи билан машҳур.
- “Китабу зайлул музайял”.
- “Ихтилафи улама ил-амсор фи аҳками шароиъ ил-Ислам”.
- “Латифул қовл фи аҳками шароиъ ил-Ислам”.
- “Ал-хофиф фи аҳками шароиъ ил-Ислам”. Бу китобда фиқҳ илмининг тарихи ҳақида сўз боради.
- “Бастул қовли фи аҳками шароиъ ил-Ислам. Бу китобда фиқҳ илмининг тарихи, уламолари ҳақида батафсил сўз боради.
- “Тазҳиб ул-асар ва тафсийл ус-сабит ан росулиллаҳи минал ахбар”.
- “Адаб ул-қузот”. Бу асар ҳукм қилиш фиқҳи ва қозиларнинг одоблари ҳақида баҳс қилади.
- “Адабун нуфусул жаййида ва ахлақул ҳамийда”.
- “Китабу муснадил мужаррад”. Бу китобда Имом Табарий ўз шайхларидан ривоят қилган ҳадисларини келтирадилар.
- “Ар-Родду аъла зил асфар”. Бу асар “Зоҳирийлар”дан ҳисобланган Довуд ибн Али Асбаҳонийнинг фикрларига раддия сифатида ёзилган.
Имом Табарийнинг шу ва шу каби жами 29 та асарларини келтириш мумкин. Бу асарларнинг баъзилари тўлиқ ҳолда, баъзиларининг бир неча қисмларигина бизгача етиб келган.
Доктор Муҳаммад Маҳмуд ал-Ҳалабий Имом Табарийнинг тафсир илмидаги ўрни ҳақида шундай дейди: “Имом Табарий Қуръони Карим тафсирида ўзгача услубга эга эди. Дастлаб ояти каримани келтириб, ундан кейин саҳоба ва тобеъинларнинг бу оят ҳақидаги сўзларини зикр қилар эдилар. Ортидан эса саҳиҳлиқ ва қувват жиҳатидан тартиблаштириб, бошқа олимларинг фикрларини келтирганлар. Қироатдаги фарқлар ҳам у кишининг эътиборидан четда қолмаган. Кейин бошқа оятга ўтганлар ва шу тартибда давом этганлар. У киши бирор бир асарни танқид ёки таржиҳ қилсалар, ўша асарнинг санадидаги кишиларнинг заъиф ёки қувватли эканини, илмий қиёсларини ҳам айтиб ўтганлар”.
Имом Табарий ўз тафсирларида мисли кўрилмаган маълумотларни келтирадилар ва ўзларидан кейинги муфассирларга янгича услубни меърос қолдирдилар. У киши ўз тафсирларида маъно, таъвил, луғат, оят ҳақидаги ҳадислар, эъроб кўринишларини жамлаган эдилар. Бу Имом Табарий тарих, нақл, иқтибос, луғат, санад, таржиҳ каби йўналишларда нақадар кучли эканини кўрсатади. Бу асарни яратиш жуда катта сабр ва қирқ яилга яқин умрни талаб этди.
Имом Табарийнинг бу асарни ёзишдан мақсадлари, Қуръон оятларининг тушуниш қийин бўлган жиҳатларини очиб бериш ва тадқиқ қилишдан иборат эди. Имом Табарийнинг бу асарлари ажойиб ихлос билан ёзилган эдики, йиллар ўтса-да, бугунги кунга қадар тафсир илмида асосий манбаа сифатида қадрланиб келмоқда. Шунингдек, у зотнинг “Тариху Табарий” номи билан машҳур бўлган “Пайғамбар ва подшоҳлар тарихи” номли асарлари ҳам ўз йўналишидаги асос китоблар сирасига киради. Бу асар дунёнинг яратилишидан бошлаб, то ўзлари яшаган давр – 302 ҳижрий йилгача бўлган воқеаларни ўз ичига олган.
Имом ибн Касир у киши ҳақида шундай дейдилар: “Имом Табарий Китоб ва суннатни билиш, унга амал қилиш борасида умматнинг ҳақиқий имоми эдилар”.
Имом Заҳабий эса: “Буюк олим, муфассир Имом Табарий бу умматнинг энг ишончли имомларидан эдилар. У тафсир илмида пешқадам, фиқҳда имом, тарих илмида тенгсиз, қироат ва луғат илмларида билимдон эди”, деган.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма айтади: “Мен бу дунёда Муҳаммад ибн Жарирдан бошқа билимдонроқ кишини билмайман”.
Имом Табарий умрининг сўнгига – 85 ёшига қадар илм билан машғул бўлиб, ибодатда яшадилар. Имом Хатиб айтади: “Имом Табарийнинг жанозасига тумонат одам йиғилганди. Бир неча ой кеча-ю кундуз у кишига атаб шогирдари хатм Қуръонлар қилишган”. Бу воқеа ҳижрий 310, милодий 923 йил шаввол ойиинг 26 кунида содир бўлганди ва у зот Бағдодда дафн этилганлар. Аллоҳ у зотни Ўз раҳматига олсин.
Манбалар асосида Муҳаммадсодиқ Абдуолимов тайёрлади