Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Имомлик: лавозимми ёки вазифа? (давоми)

2223

(Аввалги қисм бу ерда)

(давоми)

2-қисм

Бугунги кунда имомларнинг оладиган маоши оила тебратиш ва бирон бир нархи қиммат нарса олиш учун етмайди. Албатта, оила бўлганидан кейин қийматли нарсалар олиниши табиий. Инсонлар фаровон ва бахтли, моддий етишмовчиликсиз яшашни исташади. Бу табиий истак. Нафсул амрни айтсак, яъни, бўладиган гап шуки имомлик фидоийликдир. Ҳам хизмат қиласан, ҳам таъна-ю маломатларга қоласан. Кимдир «имомлар динини сотиб емоқда, йиғинлардан, маросимлардан пул олишади», дейишади. Яна кимдир «булар ҳақиқатни гапиришмайди, сотилган, сарой муллалари», дейди. Яна бошқаси «масжидни еб ётибди», дейди. Ва ҳоказо.

Ёки бўлмасам имом бирон яхшироқ улов ёки уй олиб қолса, ана, булар маросимлардан тушган пулларга, масжид пулларига уй, машина ва ҳоказоларни олишяпти, дейилади. Бошқа ҳамма соҳа вакиллари ўзига тўқ, уй, машина ва ҳоказолар олиши жоиз ва оддий ҳол. Лекин, имом худди шуни олиб қолса балога қолишади. Бу ҳолат асосан бизнинг диёримизда шундай. Инсоф тариқасида айтамизки ҳамма ҳам шундай эмас, ҳавас билан яшайдиган ва имомларга доимий ёрдам қиладиган холис инсонлар ҳам кўплаб топилади.

Сафар юзасидан ўзга юртларда бўлганимизда ўша юрт имомларини яшаш тарзи билан танишиш насиб қилган. Аксар юрт имомлари ўзига тўқ, моддиётда яхши яшашади. Замонавий уйларда ва қувватли маркабларда юришади. Бу ўша юрт аҳолиси учун оддий ҳол. Бизда эса... Кўп ҳолларда буни аксини кўрамиз. Айниқса, шаҳардан йироқроқ, чекка қишлоқлар имомларининг моддий ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас.

Қизиқда, халқимизнинг баъзилари (чеккароқ жойларда эса аксарининг) наздида имомлар камбағал, иложи бўлса машинаси йўқ бўлиши керак. Имом кун бўйи масжидда ўтириши керак, чунки у бунга масъул. 

Тўғри бир неча йиллардан бери масжидлар тизимида ойлик йўлга қўйилган. Ва чеклов йўқ, имом хоҳлаганича ойлик олиши мумкин, фақат бу масжид даромадидан тушган тушум эвазига амалга оширилади. Энг нозик жойи шу ерда: масжидга тушадиган тушум марказий шаҳарларда жуда ҳам яхши бўлгани билан чекка вилоятларда жуда кам. Ҳозир 500 минг сўм ойлик оладиган имомлар кўпчилик. Вақф ташкилотидан ҳам ёрдамлар берилади, аммо масжид ходимларининг маошини тўлиқ ва етарли таъминлашни бу жамғарма ҳам бўйнига олмаган.

Имом Шамсуддин Қўҳистоний раҳимаҳуллоҳ китобларининг муқаддимасида келтирилади: «Подшох мени чақириб атрофингизга олимларни йиғинг, фиқҳга доир китоб ёзинглар. Бошқа нарсалар билан машғул бўлманглар. Олимлар оиласининг барча харажатлари  бизнинг зиммамизда, деди.

Шу зотнинг ҳиммати боис тўрт жилдлик “Жомеъ ур-румуз” китоби ёзилди».

Тўғри, авваллари имомлар масжидда ўтиришган, аммо, илгари имом оиласи таъминоти халқ ёки ўша жойнинг серҳимматлари зиммасида бўлган. Уйи, жойи, оиласи ва моддий харажатларини халқнинг сахий зотлари холис Аллоҳ учун кўтаришган. Имом ҳам доимий масжид ва халқ хизматида ўтирган. Чунки, тирикчилик ташвиши бўлмаган-да!

Ҳозирда буни акси, имом оилавий моддиёти сабаб масжидда доимий бўла олмайди. Чунки оила етишмовчилиги, фарзандлар қарови, ўқитиш, уйлаш ва ҳоказолар сабабли имом ҳам масжид хизмати, ҳам оилавий ташвишлари билан юради. Чунки, масжидда ўтираверса оиласини ким боқади? Ким унга уй қуриб беради, фарзандларни ўқитиш, уларни уйлаш, уй-жой қуриш...

Бу ерда таъна ёки таъма ҳақида эмас оддийгина имомлар ҳаёти ҳақида мулоҳаза қилинмоқда.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига домлаларга хизмати учун ҳақ бериш ҳақида сўралганида “бошқаларга  хизмати учун индамай берасизлар, нега айнан домлалар ҳақида бунақа савол беряпсиз?”, – деб айтган эдилар.

Имом агар етарли моддий таъминотга эга бўлса, умрини дин ишларига, китоб таълифига, мавъизаларга сарф этади. Жуда кўпчилик имомлар ана шундай. Фақатгина тирикчилик ташвишлари ва моддий таъминот етишмовчилиги сабабли асосий ишларидан четланиб, иккинчи даражали ишлар билан машғул бўлишмоқда.

Бу мақолада маросим эвазига ҳақ олиш жоиз ёки жоизмаслиги эмас, имомлар таъминоти яхшиланиши мақсад қилинган. 

Агар имомлардан доимий масжидларда бўлиш, маросимларда доимий қатнашиш талаб қилинадиган бўлса, уларнинг ойликларини кўтариш ёки улар учун бирон бир таъминот манбаси йўлга қўйилиши керак.

Чунки моддий қониқмаган имомдан қавми ҳам қониқмайди, ноўрин миш-ишлар ва гап-сўзлар кўпаяверади. Мақсадимиз – юртимиз имомлари жамиятдаги ўринларини топиб, қавмнинг ҳақиқий маънодаги пешвоси бўлсин.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имомларга 420 млн сўм тарқатилди

1437 22:17 06.09.2021

Ҳаж пайтида зиёратчиларга олимлар ва имомлар ёрдам беради

492 12:15 15.07.2021

Германияда имомлар тайёрлаш бўйича баҳс кетмоқда

658 16:35 01.07.2021

Шарқий Туркистон: масжидлар бузилмоқда, имомлар ҳибсга олинмоқда

5384 11:20 21.05.2021

“Хитой уйғур имомларни нишонга оляпти”

1598 14:05 14.05.2021

Диний идора сўров ўтказган эди, жавоби нега эълон қилинмади?

2618 11:44 02.03.2021
« Орқага