Кеча пойтахтимизда янги масжид очилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бундай шарқона усулда қурилган янги масжидлар нафақат бизнинг диёрда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларда ҳам барпо этилмоқда. Жумладан, Индонезияда яқин кунларда улуғ муҳаддис Имом ал Бухорий номидаги масжид очилди.
Бу масжид Ўзбекистоннинг Индонезиядаги Туризм элчиси Эко Шри Маргианти ташаббуси билан барпо қилинган бўлиб, масжид Гунадарма университети архитектор талабалари томонида лойиҳалаштирилган.
Ушбу масжид юртимизда мавжуд архитектура ечимлари асосида барпо этилган. Масжид нақшлари Шоҳи Зинда зиёратгоҳидан андоза олинганлиги билан бирга, масжид ғиштларини теришда Бухородаги Пойи Калон масжидига ўхшаш тарзда ёндашилган. Масжиднинг олд тарафида Ҳасти Имом масжидида мавжуд миноралар каби икки минора қад ростлаган.
Ушбу масжиднинг очилиши Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6165-сонли Фармони доирасида Индонезияда Ўзбекистоннинг бой исломий меросини тарғиб қилишга ва икки мамлакат дўстлиги рамзи ҳамда мамлакатимизнинг кичик бўлаги бўлиб хизмат қилиши мумкин.