Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Инсон нега гуноҳ қилади?!

1663

1-қисм

Инсонни Аллоҳга осий бўлишга, гуноҳ ишга ундайдиган бир қанча сабаблар бор. Бу сабаблар турлича бўлиб, уларнинг баъзиси шахснинг ўзидан, баъзилари эса жамиятдан келиб чиқади. Нима учун одамлар гуноҳ қиладилар?

Касалликни даволаш учун, аввало, унга тўғри ташхис қўйиш даркор. Сўнгра касалликни келтириб чиқарадиган омилар бартараф қилинади, кейин эса уни даволашга киришилади.

Қуйида бандани гуноҳга олиб борадиган баъзи сабаб ва омилларни санаб ўтамиз.

1.  Мақсаддан чалғиб кетиш.

Инсоният ўзининг яратилишидан кўзланган мақсадни унутган пайтида маъсиятга қўл уради.

Инсонларнинг кўп қисми ўзларининг яшашдан мақсадларини тўғри англаб етмайдилар. Натижада бор куч-ғайратларини шаҳватларини қондиришга сарфлаб юборадилар. Баъзи кишиларнинг эса, афсуски, ҳаётдан кўзлаган мақсадлари ҳам йўқ. Улар дунёда ҳудди онгсиз ҳайвондек яшайдилар. Нима учун яратилганларини, нима учун бу дунёда яшаётганларини билмайдилар.

Аслида эса борлиқни яратган Зот инсониятнинг яратилишидан қўзланган мақсадни аниқ кўрсатиб берган. “Инсонлар ва жинларни менга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, дейди Роббимиз.

Демак, инсониятнинг яратилишидан, унинг бу дунёда яшашидан кўзланган мақсад Аллоҳга ибодат қилиш экан.

Ибодат ўзи нима? Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятдаги “ибодат қилишлари учун” жумласини “мени танишлари учун”, деб тафсир қилганлар. Бошқа уламолар эса: “Аллоҳ таолони рози қиладиган барча ошкора ва махфий сўзлар, зоҳирий ва ботиний амаллар ибодатдир”, дейишган.

Демак, тил орқали айтаётган ҳар бир сўзимиз, жисмимиз билан бажараётган ҳар бир ҳаракатимиз, ўйлаётган ҳар бир фикримиз Аллоҳ томон йўлланган бўлмоғи даркор. Ана шунда майда, арзимас мақсадлар олий мақсад таркибига кириб кетади.

Инсоният ўзининг яратилишидан кўзланган мақсадни тўла англаб, ана шу мақсад сари ҳар дам интилса ўз-ўзидан Роббиси билан боғланиш ҳосил бўлади. Ўз яратувчиси блан боғланган банда эса ҳаргиз маъсият ишга қўл ўрмайди.

2.  Иймоннинг заифлиги. 

Шубҳа йўқки Аллоҳ ва охират кунининг ҳақлигига нисбатан ишончнинг – иймоннинг сустлиги гуноҳга сабаб бўладиган сабабларнинг энг асосийси ҳисобланади. Гуноҳкор, осий банда Аллоҳ ёмон кўрган нарсаларни яхши кўриб, У яхши кўрган нарсаларни ёмон кўради. Ҳақиқий, комил иймон соҳиби эса Аллоҳ суйган нарсани яхши кўриб, ғазаб қиладиган нарсаларини ёмон кўради. Набий алайҳисалом: “Сизлардан бирингиз ҳавои нафси мен келтирган нарсага тобе бўлмагунча мўмин бўлмайди”, деганлар. 

Гуноҳ қилаётган вақтда банданинг кўзига Аллоҳ ҳам, савоб ва гуноҳлар ҳам кўринмай қолади. Унга фақат шайтоннинг қутқуси ва гуноҳнинг ўткинчи лаззатинигина кўради. 

Гуноҳ ишга қўл ураётган банда ҳудди тузоқдаги донга маҳлиё бўлиб, тузоқни кўрмаётган қушга ўхшайди. Қуш нафси туғёнига берилиб донни чўқилай бошлайди ва оқибатда ҳалокатга юз тутади. 

Демак банда тинимсиз равишда Аллоҳ ва охират кунига, унда бўладиган савол жавобларга нисбатан ишончини – иймонини мустаҳкамлаб бормоғи лозим. Ана шунда гуноҳнинг лаззати унинг кўзларини кўр қилиб қўймайди. 

3.  Аллоҳнинг буйруқ, қайтариқ, жазо ва мукофотларидан бехабар бўлиш. 

Жаҳолат гуноҳ қилувчи бандаларнинг энг асосий белгиларидан ҳисобланади. Зеро, агар улар Аллоҳни ҳақиқий маънода таниганларида эди, Унинг иботадга, итоатга энг лойиқ зот эканини англаб етишар ва Унга сўзсиз бўйсунишарди. Агар Аллоҳнинг шариъати инсониятни фақат саодатга етаклашини тушунганларида эди, асло шариъат чегарасини бузишмасди. Демак, гуноҳ ишга сабаб бўладиган омиллардан яна бири жаҳолат экан. 

Набий алайҳиссалом: “Қиёматнинг белгиларидан бири илмнинг кўтарилиши, жаҳолатнинг ортиши, шаробхўрлик ва зинокорлик”, деганлар. Яъни, шаробхўрлик ва зинокорликка олиб келадиган сабаб сифатида илмнинг кўтарилиши ва жаҳолатнинг ортишини кўрсатмоқдалар. 

Ибн Қайюм роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илмсиз жоҳил нафслар (кимсалар) хорлик либосини бошқалардан кўра тезроқ киядилар”.  

Қасални даволашдан олдин уни келтириб чиқарадиган сабаблар йўқ қилиниши даркор. Биз ҳам гуноҳни келтириб чиқарадиган сабаб ва омилларнинг баъзиларини санаб ўтдик. Агар улар бартараф этилса, гуноҳ-маъсиятлар ҳам камаяди деган умиддамиз.

(давоми бор)

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

987 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1064 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

705 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1385 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

726 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1476 15:30 07.06.2023
« Орқага