(3-қисм)
Инсонни Аллоҳга осий бўлишга, гуноҳ ишга ундайдиган бир қанча сабаблар бор. Бу сабаблар турлича бўлиб, уларнинг баъзиси шахснинг ўзидан, баъзилари эса жамиятдан келиб чиқади. Нима учун одамлар гуноҳ қиладилар?
Касалликни даволаш учун, аввало, унга тўғри ташхис қўйиш даркор. Сўнгра касалликни келтириб чиқарадиган омилар бартараф қилинади, кейин эса уни даволашга киришилади.
Қуйида бандани гуноҳга олиб борадиган баъзи сабаб ва омилларни санаб ўтамиз.
8. Яхши ниятни баҳона қилиш.
Кўп одамлар “Нега фарзларга бепарвосиз, нега гуноҳ қиляпсиз”, деган саволга, “Бизни ниятимиз пок, қалбимиз тоза”, деган баҳонани келтирадилар. Уларнинг фикрича, қалб тоза бўлса, ният яхши бўлса, фарзни тарк қилиш ҳам гуноҳ қилиш ҳам зарар келтирмайди.
Аслида қандай? Динимиздаги ботинни (қалбни) ислоҳ қилишга қаратилган ҳукмлар ва зоҳирий (жисм билан бажариладиган) ҳукмлар доимо бирга чамбарчас амалга оширилади. Ҳеч қачон бири қолиб иккинчиси ислоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳам “Гуноҳнинг ошкорасини ҳам махфийсини ҳам тарк этинглар. Албатта гуноҳ қилганлар қилмишлари учун жазоланурлар”, дейди Анъом сурасида.
9. Узун хомҳаёллар
Кишини гуноҳга қўл уришига сабаб бўладиган омиллардан яна бири – узун орзу ҳисобланади. Яъни, баъзи кишилар ўзларининг умрларини узун, улим уларга ҳали яқин эмас деб ўйлайдилар.
Бу каби ҳомҳаёллар кишини ҳақиқатлардан ғафлатда қолдиради. Ўлим, қабр азоби, ўлгандан кейин қайта тирилиш, қиёматдаги сўроқ саволлар ана шундай ҳақиқатларларда баъзилари ҳисобланади.
10. Ҳавои нафсга эргашиш.
Набий алайҳиссалом “Ақлли одам нафсини бўйсундирган ва ўлимидан кейин учун амал қилган кишидир. Ожиз(ақлсиз) киши эса нафси ҳавосига эргашган ва Аллоҳдан ноўрин умид қилган кишидир”, деганлар. Бошқа бир ўринда эса “Уч нарса ҳалок қилади: ҳаддан зиёд очкўзлик, ҳавои-нафс ва кишининг ўзидан ажабланиши”, деганлар.
Ҳавои нафс ўз соҳибини оқибати ҳақида ўйламасдан нақд лаззат сари интилишга ундайди. Оқибатда азоб ва оғриқ бўлса ҳам тезда ўша лаззатга етиш учун ҳаракатга келтиради. Мисол учун, киши гоҳида келажакда бетоб бўлишини била туриб совуқ, муздек нарсаларни истеъмол қилиб қўяди-ку, ҳудди шу каби.
11. Шубҳали нарсалардан қўрқмаслик.
Одамларнинг кўпчилиги ҳалол ёки ҳаромлигини билмайдиган нарсалар шубҳали нарсалар дейилади. Айтишадики: “Шубҳали нарсалар ҳаром нарсаларнинг биродаридир”. Пайғамбаримиз ҳам бу ҳақда: “Албатта ҳалол очиқ-ойдин, ҳаром ҳам очиқ-ойдин. Бу иккисининг орасидаги нарсалар (ишлар) шубҳали бўлиб, кўпчилик улардан бехабардир. Ким шубҳалардан тақво қилса дини ва обрўсини поклаган бўлади. Ким шубҳаларга ғарқ бўлса, ҳаромга ҳам ғарқ бўлади. Бу ҳолат ҳудди чегара бўйида қўй боқаётган подачининг ҳолатига ўхшайди. Қўйлари бир эмас бир кун чегарани бузади. Огоҳ бўлинг ҳар бир подшоҳнинг ўз чегаралари бор. Аллоҳнинг чегаралари эса У ҳаром қилган нарса(иш)лардир”.
12. Кибр.
Аллоҳ таоло айтади: “Унга “Аллоҳдан қўрққин” дейилса, ғурури уни гуноҳ ишга ундайди. Унга фақат жаҳаннам бас келур. Нақадар мудҳиш жой у”. Кибр кофир ва мунофиқларнинг сифатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Биродари “Аллоҳга тақво қил!”, деганда, “Мена насиҳат қилганингдек ўзингни ҳам бил”, деган кишининг гуноҳи гуноҳ ўлароқ унга етарлидир”, деганлар.
Кибр туфайли Абу Жаҳл каби бир қанча мушриклар иймонсиз қолдилар. Улар Набий алайҳиссаломнинг ростгўйликларига заррача шубҳа қилмас эдилар. Уларни иймондан фақатгина кибр ва қайсарлик тўсиб қўйди.
13. Ёмон хулқли ва фосиқ кимсалар билан яқин юриш.
Баъзи салаф уламолар айтадилар: “Фосиқлар билан бирга юриш ва уларнинг қилмишларига қараб туриш қалб учун энг зарарли ишдир. Менга дўстинг кимлигини айт, мен сенга сен кимлигингни айтаман”.
Фосиқ кишилар билан бирга бўлиш қалбни гуноҳга улфат қилиб қўяди. Қалб аста секин улар ортидан эргаша боради. Шунинг учун ҳам ёмон дўст кишини Аллоҳдан узиб қўяди. Фосиқлар билан дўст бўлган кишилар охиратда “Эҳ, қани эди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда! Эҳ, қанийди фалончини дўст тутмаганимда, вайл бўлсин менга, вайл”, (Фурқон сураси 27-28 оятлар) деб надомат қиладилар.
Қасални даволашдан олдин уни келтириб чиқарадиган сабаблар йўқ қилиниши даркор. Биз ҳам гуноҳни келтириб чиқарадиган сабаб ва омилларнинг баъзиларини санаб ўтдик. Агар улар бартараф этилса, гуноҳ-маъсиятлар ҳам камаяди деган умиддамиз.
(давоми бор)
Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади