(4-қисм)
Инсонни Аллоҳга осий бўлишга, гуноҳ ишга ундайдиган бир қанча сабаблар бор. Бу сабаблар турлича бўлиб, уларнинг баъзиси шахснинг ўзидан, баъзилари эса жамиятдан келиб чиқади. Нима учун одамлар гуноҳ қиладилар?
Касалликни даволаш учун, аввало, унга тўғри ташхис қўйиш даркор. Сўнгра касалликни келтириб чиқарадиган омилар бартараф қилинади, кейин эса уни даволашга киришилади.
Қуйида бандани гуноҳга олиб борадиган баъзи сабаб ва омилларни санаб ўтамиз.
14. Фитнанинг кенг тарқалиши.
Одамлардан нега гуноҳ қиляпсан деб сўрасангиз кўпчилик “Ана ҳамма шундай қиляпти-ку. Нега ҳамма қилган ишни мен қилмаслигим керак!? Шунча одам хато қилиши мумкинми, Аллоҳ таоло шунча одамни азоблайдими?”, каби жавобларни эштасиз.
Аллоҳ таоло эса ҳудди шундай жавоблар бўлишини билиб қуйидаги оятларини нозил қилган: “Агар ер юзидаги кўп кишиларга итоат қиладиган бўлсангиз, улар сизни Аллоҳ йўлидан адаштирадилар” (Анъом сураси 116-оят), “Одамларнинг аксарияти, гарчи сиз истасангиз ҳам, мўмин бўлмайдилар” (Юсуф сураси 103-оят), “Лекин одамларнинг кўпчилиги билмайдилар”.
Демак кўпчиликка эмас ҳаққа эргашиш тўғри бўлади.
Аллоҳ таолони гуноҳкорларнинг кўплиги-ю, итоатли бандаларининг озлиги қизиқтирмайди. Агар ер юзидаги одамларнинг барчаси осийлик қилсалар, уларнинг ҳаммасини азоблаш ҳам Аллоҳга заррача зарар келтирмайди.
Демак мусулмон киши кўпчиликка қараб, уларга эргашиб кетавермайди. Набий алайҳиссалом: “Одамлар яхшилик қилса биз ҳам қиламиз, агар улар зулм қилса биз ҳам зулм қиламиз, дейдиган лоқайд, эргашувчи киши бўлманг! Балки ўзингизга ўзингиз жавоб беринг. Одамлар яхшилик қилса, сизлар ҳам яхшилик қилинг. Агар улар зулм қилсалар, сизлар зулм қилманглар”, деганлар.
Заифлик ва фосиқ кишиларнинг кўплиги Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳлар учун баҳона бўлмайди. Фосиқ кишиларнинг кўплиги сизни маҳзун қилмасин. Аллоҳнинг ери кенг.
15. Амру маъруф ва наҳий мункарнинг камайиб кетиши.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳ ишни бўлган ёки кўрган вақтда сукут қилиб туришдан қаттиқ қайтарганлар. Балки киши ўз тоқатига қараб мункар ишдан атрофидагиларни қайтариши лозим бўлади.
Аллоҳ таоло амру маъруф ва наҳий мункарни тарк этган қавмларни лаънатлаган. Бу ҳақда Моида сураси 78-79 оятларда айтиладика: “Исроил авлодидан кофир бўлганлари Довуд ва Исо ибн Марям тили билан лаънатландилар. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди). (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!”.
Демак, гуноҳ ишларнинг кенг тарқалишига амру маъруф ва наҳий мункарнинг камайиб кетиши сабаб бўлар экан. Амру маъруф ва наҳий мункарнинг камайиб кетиши эса Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўлади.
Қасални даволашдан олдин уни келтириб чиқарадиган сабаблар йўқ қилиниши даркор. Биз ҳам гуноҳни келтириб чиқарадиган сабаб ва омилларнинг баъзиларини санаб ўтдик. Агар улар бартараф этилса, гуноҳ-маъсиятлар ҳам камаяди деган умиддамиз.
Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади