Ироқ 2016 йилда алкоголли ичимликларни тақиқлашни бошлаган эди.
Бу ҳақдаги Қонун парламент томонидан қабул қилинганидан 7 йил ўтиб, 20 февраль куни Ироқ расмий газетасида эълон қилинганидан кейин кучга кирди. Кечикишнинг расмий сабаби айтилмаган, бироқ таҳлилчилар фикрича, диний партиялар амалдаги коалицион ҳукуматда аввалгиларига қараганда кўпроқ таъсирга эга.
Қонунга кўра, импорт қилинадиган алкоголли ичимликлар тақиқланади ва уларни маҳаллий бозорларда сотиш ёки маҳаллий маҳсулотлар билан алмаштириш мумкин эмас.
Рейтер томонидан кўрилган ҳукумат ҳужжатига кўра, чегара ўтиш жойлари ва аэропорт маъмуриятига саёҳатчилар олиб кираётган ҳар қандай спиртли ичимликларни мусодара қилиш буюрилган.
Тақиқловларга қарамай, пойтахт Бағдод ва баъзи вилоятлардаги спиртли ичимликлар дўконлари бизнес учун очиқлигича қолмоқда, эгалари эса савдони тўхтатишлари кераклиги ҳақида расман хабардор қилинмаганинин Рейтер агентлигига маълум қилишган.
Ироқ ҳукумати расмийлари агентликнинг изоҳ сўрашига дарҳол жавоб бермаган.
Ироқнинг консерватив, асосан мусулмон жамияти спиртли ичимликлардан тийилишади, бу ислом динида тақиқланган.
Ироқда спиртли ичимликларни сотиш учун лицензиялар фақат мусулмон бўлмаганларга берилган ва жамоат жойларида ичиш тақиқланмаган бўлсада, бу ҳолатга яхши қаралмайди. Пойтахт Бағдодда Дажла дарёси бўйида ичимлик ичаётган ёшлар камдан-кам учрайди.
Ироқдаги насроний озчилик депутати Асван Ал-Килданий бу тақиқ Ироқ демократик конституциясида кафолатланган эркинликларга зид эканини айтиб, федерал судга даъво аризаси киритган.
2003 йилда АҚШ ҳарбий амалиёти натижасида диктатор Саддам Ҳусайннинг дунёвий тузуми қулаганидан сўнг парламентда шиа диний гуруҳлари ҳукмронлик қилмоқда.
Бироқ, Ироқнинг алкоголга бўлган муносабати ислом дунёсида узоқ вақтдан бери спиртли ичимликларни сақлаш ва сотиш тақиқланган Саудия Арабистони ва Қувайт каби қўшни давлатлар билан солиштирганда нисбатан либерал деб ҳисобланади.