Альтинг (Исландия парламенти) 1932-1933 йиллардаги Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида тан олди, деб ёзган мамлакат ташқи ишлар вазири Тоурдис Гилфадоуттир Twitter’да.
"2022 йил ноябрь ойида мен Киевдаги Голодомор ёдгорлигини зиёрат қилдим. Бу даҳшатли жиноят ҳақида қайғули эслатма бўлди. Бугун Альтинг Голодоморни Москвадаги тоталитар ҳукумат томонидан Украина халқига қарши амалга оширилган геноцид, деб тан олди", дейди ташкилот раҳбари. Бу ҳақда Исландия ташқи ишлар вазирлиги маълум қилган.
Ўз навбатида, Украина президенти Владимир Зеленский Исландия парламентарийларига мамлакат учун муҳим резолюция қабул қилишгани учун миннатдорчилик билдирди. "Бу қадам шу каби жиноятлар жазосиз қолмаслиги ва уларга даъво муддати йўқлигидан далолатдир", деди у.
Аввалроқ Белгия, Ирландия, Руминия, Молдова, Чехия ва Германия парламентлари Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида тан олган эди. 2018 йилда АҚШ Сенати ҳам Украинадаги Голодоморни ҳам геноцид сифатида тан оладиган резолюцияни қўллаб-қувватлади.
2022 йил декабрида бундай резолюция Европа парламенти томонидан маъқулланган эди. Қабул қилинган ҳужжат билан Европарламент депутатлари Украина халқи билан бирдамлик изҳор этиб, сталин режимининг сунъий очарчилик уюштиришга қаратилган мақсадли ҳаракатлари туфайли ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирадилар ҳамда тоталитар тузумнинг ҳаракатларини кескин қоралайдилар.
Украинада 1932-1933 йиллардаги воқеалар расман геноцид сифатида тан олинган. Украина тарихи институти маълумотларига кўра, мамлакатдан деярли 4 миллион киши ва Иттифоқнинг бошқа минтақаларида яна 3 миллион киши очликдан жабр чеккан. Украинада Голодомор қурбонларини хотирлаш куни ноябрь ойининг тўртинчи шанбасида нишонланади.