Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ислоҳ қилинг!

1082

Аллоҳ таоло Ўзинг каломида инсонларга амр қилган, улуғ ажр ва мукофотлар ваъда қилган амал ислоҳдир.

"Ислоҳ" сўзи араб тилидан олинган бўлиб, у фасод яъни бузғунчилик қилишнинг аксидир. У яхшиламоқ, яраштирмоқ, муросага келтирмоқ деган маъноларни ифодалайди. Аммо ислоҳ сўзининг ўзи ҳам тилимизда мана шу сўзларни ўз ичига олувчи сўз сифатида ишлатилади. Ислоҳдан мақсад-инсонлар орасида ҳар қандай жиҳатдан бўлсин яхшилик ва хайрни тарғиб қилишдир. Одамлар орасини ислоҳ қилиш борасида кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган:
“Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз...” (Нисо, 114)

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз...” (Ҳужурот, 10)

Мусулмон инсоннинг елкасидаги вожиб амаллардан бири биродарлари ҳисобланмиш мусулмонларни орасини ислоҳ қилиш, уларни ёмон ишлардан қайтариб яхшиликка чорлаб туриши лозим. Зеро, ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради", дедилар". (Термизий ривояти)

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ амални хабарини берайми?", дедилар. Улар (саҳобалар): "Ҳа", дейишди. У зот: "Инсонлар орасини ислоҳ қилишдир, чунки инсонлар орасида фасод қилиш динни йўқ қилади", дедилар". 
Ислоҳ шу даражада муҳим амал ҳисобланадики, ҳатто ислоҳ сабабли энг ёмон гуноҳ ҳисобланган ёлғонга ҳам рухсат берилган.

Умму Кулсум розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади", деганларини эшитганлар. Имом Муслим зиёда қилиб: "Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган уч нарсадан бошқага рухсат берганларини эшитмаганман: уруш, одамлар орасини ислоҳ қилиш ҳамда эрнинг хотинига ва хотиннинг эрига гапириши", дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Одамлар орасини ислоҳ қилишдаги энг муҳим омиллардан бири тўғри жой ва тўғри вақт танлаш ҳамда зулм қилиб қўймаслик учун икки одам орасида адолатли ҳукм қилишдир. Чунки ноўрин ислоҳга уриниш инсонлар орасини яхшилаш учун эмас, аксинча ҳолатни баттар ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Ислоҳ қилувчи инсон қилаётган ишини холис Аллоҳ учун қилиши, риё, сумъа ва кибр каби иллатларга берилмаслиги лозим.

Ислоҳ борасида бизга энг гўзал намуна бўладиган инсон Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ мушрик бўлсин доим инсонлар орасини ислоҳ қилар, шу билан бирга саҳобалари розияллоҳу анҳумларни ҳам шу ишга буюрар эдилар. Бир куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аҳли Қубо бир-бирлари билан низолашиб, ҳатто бир-бирларига тошлар отиб жанжал қилишаётгани хабари  берилганда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кетдик, уларнинг ораларини ислоҳ қиламиз!", дедилар. Ўзлари икки дунё сарвари, Аллоҳ таолонинг севимли бандаси ҳамда пайғамбар бўлишларига қарамай икки қабилани яраштиришга ошиқдилар. Афсуски ҳозирги пайтда Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ўрнига пайтдан фойдаланиб, икки одам ҳали уришмасидан орага иғво уруғини сочувчилар ҳам йўқ эмас.

Шайтон алайҳиллаънанинг энг кўп ҳаракат қиладиган иши эр ва хотин орасини бузишдир. Эр ва хотинга ёки улар атрофидагиларга васваса қилиб орасига кичик бўлса ҳам кўнгилсизлик туширишга ҳаракат қилади, натижаси эса ажрим ёки талоқ бўлиши учун бор кучини сарфлайди. Шундай ҳолатда ислоҳ энг улуғ ишлардан бирига айланади. Бу вазият жуда ҳам нозик бўлгани сабаб, Аллоҳнинг арши ларзага келишини олдини олиш учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, муносиб вақт топиб уларни яраштириш ана шу энг мақталган ислоҳ турига киради.

Ислоҳ сабабли бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетган икки дўст ярашади. Яна у сабабли узоқ йиллар силаи раҳмни узиб қўйган қариндошлар яна қайта силаи раҳмни боғлашади.

Ислоҳнинг инсон ҳаётидаги фойдалари:

  1. Инсонлар орасида ғазаб ўрнига сакинат, нафрат ўрнига муҳаббат пайдо қилади.
  2. Инсонни Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини оширади.
  3. Улуғ ажру-савоб келтиради.
  4. Жамият ҳаётини ободлаштиради.
  5. Инсонлар орасида турли хил низолар келиб чиқишини олдини олади.
  6. Қариндошлик алоқаларини тиклайди.
  7. Дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди.
  8. Оилавий можароларни олди олинади

Тарихдан ҳам маълумки, ислоҳ сабабли қанчадан қанча инсонларнинг қонлари тўкилиши олди олинган. Бир жамоа иккинчисига қарши уруш очмоқчи бўлиб турганда, ақли расо инсонни ораларини ислоҳ қилиши оқибатида неча неча жанглар бекор қилинган. Ислоҳнинг жамият ҳаётида ҳам жуда муҳим ўрни бор.

Таниқли рус ёзувчиси Лев Толстой: "Зўравонлик билан амалга оширилган ҳар қанақа ислоҳот фойда бермайди. Ислоҳотдаги оқиллик-зўравонликдан йироқ бўлишдир", деган. Чиндан ҳам агар икки кишини яраштириб, уларни муросага келтирмоқчи бўлсак, ҳеч қачон уларга тўғридан-тўғри бориб тезда шу инсон билан муросага келиши кераклиги айтилмайди ёки унга буйруқ берилмайди,  балки аста секинлик билан вазият юмшатилиб, сўнг ҳолатни яхшилаш мумкин бўлади.

Ёки неча йиллаб қамоқхонада айбига яраша жазосини ўтаб, яхши йўлга кирган маҳбусларни кўриш мумкин. Агар қамоқхонада уларга фақат ёмон муомала, жазо, калтак ва қийноқ бўлса, у инсон қилган ишидан пушаймон бўлиши жуда қийин кечади. Уларга ўз вақтида илмий томонлама тушунча бериб, олдин қилиб юрган ишлари ёмонлиги тушунтирилсагина уни ҳолати ислоҳ бўлади ва тавба қилганда ҳам қамоқдан тезроқ чиқиш учун эмас, балки ҳаётини мувозанатга келтириш учун тавба қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчиман, одамлар орасини ислоҳ қилиш ҳар бир мўмин ва мўмина учун вожиб амалдир. Икки мусулмоннинг ораси бузиш эса мўминлик сифатини даъво қилаётган инсонга асло ярашмайди.

Маннобжонова Робия,
Тошкент ислом институти талабаси 
Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ташриъ лафзи

741 20:05 21.09.2021

Ҳақиқий машҳурлик мана шу!

1262 11:35 04.06.2021

Қирқ ёш бандага Аллоҳдан юборилган элчидир

6747 19:00 17.05.2021

Аллоҳнинг иродасисиз бирор нарса юз бермайди! Расул Кушербаев билан Рамазон суҳбати

1412 14:30 08.05.2021

Аллоҳ уни дўзахга ташлашидан қўрқиб...

1451 20:30 06.05.2021
« Орқага