Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ислом иқтисодининг капитализм ва социализмдан фарқи

629

Исломий иқтисодий андоза муқобиллиги тарафдорларининг таъкидлашича, ислом иқтисодиётида  капиталистик ва социалистик тузумлар хўжалик бошқариш усулининг  камчиликлари  бартараф этилади. Бу ислом иқтисодиётида, капитализмдаги хусусий мулкнинг  мутлақлиги (абсолютизация)  ва  советлар намунасидаги социализм томонидан унинг қарийб буткул рад этилиши  ўртасида  “олтин”  мўътадилликка  эришилганида  ўз ифодасини  топади[1].

Албатта, мулкка нисбатан исломдаги муносабат билан капитализмдаги мулкнинг мутлақлиги тўғрисидаги асосий фикрлар таққосланиши, бизнинг наздимизда   буткул нотўғри. Дарҳақиқат  ислом динида  ўринбосарлик  ғояси ҳукмронлик қилади, унга кўра  бу дунёдаги  неъматларнинг  барчаси Аллоҳга тегишли, инсон эса ўз қўлидаги  моддий  ҳамда маънавий неъматларни ишончли бошқарувчи (тасарруф этувчи) ҳисобланади. Аммо бу ерда сўз Яратувчи ва инсон ўртасидаги муносабат ҳақида бормоқда. Одамлар ўртасидаги муносабатда эса мулкка бўлган  ҳуқуқ исломда,  ҳаттоки Ғарбдагига нисбатан ҳам қатъийроқ ҳимоя қилинади.

Шу билан бирга ислом иқтисодиёти капиталистик иқтисодиётдан  ислом ва капитализмда хусусий мулкчилик тан олиниши ва муҳофаза қилиниши билангина қисман ёки умуман фарқ қилмайди деб тасдиқлаш  нотўғри бўлур эди. Худди шуни  капитализм ва исломий хўжалик юритиш усулига  хос бўлган бозор тўғрисида ҳам  айтиб   ўтиш мумкин.

Ҳаммага маълумки, хусусий мулкчилик ва бозор капитализмга қадар ҳам мавжуд бўлган. Хусусий мулкчилик ва бозор капитализмда юқори даражада  ривожланганлиги бу энди бошқа масала. Капитализм  муайян шаклга асосланган хусусий мулкчилик ҳамда маълум бир тоифадаги мулкдор ва ёлланма ишчи муносабатлари тизимини  ўзида акс эттиради.

Бизнинг назаримизда, бир қатор расмий ўхшашликларга қарамай, ислом иқтисодиёти капиталистик иқтисодиёт  билан  айнан  бир хил эмас. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ислом иқтисодиёти муқобиллиги унинг нафақат капиталистик, балки социалистик иқтисодиёт билан ҳам умумий қиёфаларга эга эканлигини инкор этмайди.

Совет Иттифоқида сиёсий воқелик ва фикрлардан ҳоли, фақат иқтисодий тоифалардангина иборат исломий банк ташкил этилишини кўз олдимизга келтирайлик. Ислом иқтисодиётининг ўзига хос ажратиб турувчи   белгиларидан  бўлмиш судхўрликни рад этилиши, ижтимоий йўналганлик ва бошқалар атеистча қарашларга эга социалистик  иқтисодиётга жуда мувофиқ келган бўлур эди. Совет давлатида  чекланган ҳолатда бўлсада, бозор ва хусусий мулкчилик мавжуд эди. Иқтисодиётнинг режали хусусияти, шунингдек, унда  давлатнинг  ҳукмрон мавқега эга эканлиги  ҳам  исломий тамойилларга зид эмас.

XX  асрнинг аксарият  қисмида  дунёдаги  тузумлар капиталистик ва социалистик  тузумларга бўлинган. Лекин капитализм ва социализмдан фарқли равишда, ислом иқтисодиёти – аввал бошдан трансмиллий кўринишга эга бўлиб, ҳеч бир давлатда доимий “рўйхат”дан ўтмаган эди. Ҳеч қандай географик боғлиқлик унга хос эмасдир. Ислом иқтисодиётини Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) аъзолари бўлган мамлакатлар иқтисодиёти билан айнан бир хил деб қарайдиган бир қатор тадқиқотчиларнинг янглиш фикрлари ҳам  етарли даражада  кенг тарқалган.

ИҲТ мамлакатлари иқтисодиёти ва ислом иқтисодиёти ўртасида тенглик белгисини қўйиш  нотўғри  бўлур эди, чунки  ташкилотнинг фақат уч аъзоси бўлган мамлакатлар – Покистон, Эрон ва Судандагина хўжалик фаолиятининг барча бўғинларини унчалик муваффақиятли бўлмаган исломийлаштиришга уринишлар амалга оширилди[2]. Бошқа мамлакатларда эса бундай ислоҳотлар умуман ўтказилмади.Бундан ташқари, ИҲТнинг  айрим аъзо мамлакатларида, масалан Собиқ СССРнинг  Ўрта Осиёдаги республикаларида, Африка (Мозамбик, Сьерра-Леона ва бошқалар)  ва Лотин Америкасининг (Гайана, Суринам) бир қатор давлатларида бирон-бир исломий молия муассасалари  умуман мавжуд эмас ва уларда анъанавий хўжалик юритиш усули ҳукмронлиги сақланиб қолмоқда.

Шундай қилиб, ислом иқтисодиётининг таркибий қисми бўлган исломий молия тизими ҳақида фикр юритилар экан,  сўз анъанавий  нуқтаи-назардаги молия тизими ҳақида эмас, балки исломий молиявий  муассаса ва  воситаларнинг  уйғунлиги талқинидаги тизим ҳақида бораётганини назарда тутиш лозим бўлади. Анъанавий тушунчадаги исломий молия тизими ҳақида  сўз юритишнинг  янглишлиги шундаки, жаҳонда   фақат  бир мамлакат – Суданда молиявий сектор буткул исломийлаштирилган. Аксарият мамлакатларда исломий молия муассасалари мавжуд анъанавий молиявий  тизимнинг бир қисми ҳисобланади.

ИҲТ доирасида Ислом Тараққиёт банки, исломий молия муассасалари (банклар, жамғармалар, суғурта компаниялари ва бошқалар)  сингари  обрўли муассасавий иқтисодий тузилмалар мавжуд бўлсада, улар мусулмон мамлакатлар иқтисодиёти билан яхлит  ҳолатда эмаслар. Масалан, мусулмон фиқҳи меъёрлари кенг қўлланадиган мамлакатлардан бири ҳисобланувчи Саудия Арабистонида фуқаровий  ва  молиявий қонунчилик ғарб намунаси бўйича ташкил этилган ва исломий молиявий муассасалар қоида сифатида эмас, балки истисно сифатида кўриб чиқилади. Дастлабки  тўлақонли исломий банклар қиролликда 1990- йилларда  пайдо бўла бошлади.

Шу билан боғлиқ равишда, айрим совет ва рус шарқшуносларининг Саудия Арабистони мисолида  исломий  иқтисодий андозанинг яшовчан эмаслигини исботлашга уринишлари ажабланарлидир. Масалан, “Дунёқарашнинг исломий концепцияси” асари  муаллифи Н.В.Ждановнинг фикрича, ислом иқтисодиётининг амалга ошмаганини  Саудия Арабистони тимсолида назария ва амалиёт ўртасида  фарқ борлигида кузатиш мумкин: қиролликдаги аксарият банклар ғарб банкларидаги мана шундай  амалиётлардан фарқ қилмайдиган амалиётлар билан шуғулланадилар[3]. Бундай  даъволар  муаллифнинг Саудия Арабистонида нафақат исломий банклар, балки анъанавий банклар ҳам фаолият юритишидан бехабарлигини кўрсатади.

Исломий молиявий хизматлар  кўрсатувчи  барча муассасаларга  бир йўсинда ёндашиш   нотўғри  бўлур эди. Бутун дунё бўйлаб кенг ёйилган исломий молиявий муассасаларнинг  нафақат  амалиёт механизмида, балки  мақсад ва вазифаларида ҳам ўхшашликдан кўра тафовутлар  кўпроқдир. Баҳрайнда исломий молиявий хизматлар кўрсатувчи “Ситибанк” бўлими  ва ўз фаолиятида  исломий тамойилларни қўлловчи Судандаги кооператив банкни солиштириб кўрамиз.Ўта йирик ТМК(трансмиллий компания) таркибий қисми ва асосан қишлоқ жойларида фаолият юритувчи кооператив банкнинг бўлими  фаолиятида расмий ўхшашликлар  бўлсада, ҳақиқатда уларнинг мақсад ва вазифалари турлича эканлиги аёндир. Трансмиллий банк бўлими янги омонатчилар маблағларини жалб этишни  мақсад қилиб олган, унинг фаолияти мусулмон ҳамжамияти  манфаатлари учун йўналтирилмаган ва якунда ўзининг эҳтиёжи учун капитал йиғиш билан машғул бўлади. Шу билан бир вақтда Судан каби қашшоқ  давлатдаги кооператив банк расмий  даражада бўлсада, ўта муҳим ижтимоий вазифаларни бажаришга  сафарбар қилинган. 

Бошқача айтганда, ҳаммаси иқтисодий муносабатлар субъектлари(иқтисодий агентлар)нинг ўз олдига қўйган мақсадларига боғлиқ бўлиб қолади.

Муҳаммад Нажатуллоҳ Сиддиқий ислом иқтисодиётининг асосий вазифаларини  қисқача  шундай  кўринишда  шакллантирди:

  1. Барча инсонлар учун таълим ва тиббий қаров, уй-жой, кийим-бош, озиқ-овқатга бўлган асосий  талабларни қондириш;
  2. Барча учун истисносиз тенг  имкониятларни таъминлаш;
  3. Бойлик жамлашни олдини олиш ва  даромадлар ҳамда ресурслар тақсимотида нотенгликни бартараф этиш;
  4. Руҳий  камолот учун барчага бирдай имконият  бериш;  
  5. Юқоридаги  мақсадларни амалга ошириш учун барқарорлик ва иқтисодий ўсишни  таъминлаш.

Шундай қилиб, ислом иқтисодиётининг вазифаларини аниқлаб олишда энг аввало руҳий ва аҳлоқий қадриятларни амалга ошириш талаб этиладики, у тор доирадаги эмас, балки универсал, умуминсонийлик  руҳидаги  исломий  қадриятлар  бўлиши лозим. Бу  ислом иқтисодиётига,  фақатгина  иқтисодий муаммолар доирасида ўралашиб қолишдан чиқиб олиш ва оддий иқтисодиётдан  кўра юқорироқ  мавқеда  бўлиш  имконини  беради.Ислом иқтисодиётида нафақат иқтисодий, балки  аҳлоқий  муаммоларга ҳам эътибор қаратилади.

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин.
Таржимон: Ботирхўжа Жўраев


[1]Масалан, Эроннинг собиқ президенти Ҳ.Рафсанжонийнинг фикрига кўра,”ижтимоий(умумий) мулк  сектори ислом иқтисодий тизимининг бир томондан социалистча ва иккинчи томондан капиталистча  тизимлардан асосий фарқи ҳисобланади.Бу сектордан ташқари исломда хусусий, кооператив ва давлат мулки секторлари ҳам дахлсиз саналади.”Ислом иқтисодиёти” таснифланиши бўйича “аралаш иқтисодиёт” деб номланадиган хўжалик таркибига яқин туради”.

[2] Бугунги кунда Покистонда дуалистик андоза ҳукмронлик  қилаётган бўлиб, бунда исломий ва ноисломий молиявий муассасалар бир ҳуқуқий майдонда фаолият юритиб  келмоқда.Эронда ислом иқтисодиёти тамойилларига содиқлик таъкидлансада, амалда эса хўжалик амалиёти бундан анча йироқдадир. Судан молиявий секторни исломийлаштириш бўйича тажриба умуман олганда,  муваффақиятли амалга ошган  ягона мамлакат бўлиб турибди.Бу ҳақда кейинроқ батафсил сўз юритилади.

[3]  Н.В.Жданов. Дунёқарашнинг исломий концепцияси. – M., 2003. – 325-бет.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Имомлар таърифи

672 21:05 15.10.2021

Қозоғистонда қорилар мусобақасининг ғолиблари эълон қилинди (фото)

449 17:30 15.10.2021

Жума мавъизаси: Исломда қарз олди-берди масаласи

404 09:30 15.10.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Энциклопедия иловалари

598 22:05 14.10.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Кувайтда амалга оширилган Фиқҳий энциклопедия лойиҳасининг босқичлари

587 22:00 13.10.2021

Франция: мусулмон шаҳар ҳокими миллатчилар устидан ғалабасини нишонлади

522 16:11 13.10.2021
« Орқага