Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Ислом иқтисодиёти» тушунчасининг пайдо бўлиши

364

«Ислом иқтисодиёти» атамаси илк бор  ҳиндистонлик мусулмон олими Сайид Маназир Ғилонийнинг[1] 1947 йилда урду тилида чоп этилган «Ислом иқтисодиёти» китобида баён этилган. Ғилоний ислом дини талабларига мувофиқ келувчи мукаммал иқтисодий модель ҳақида ёзган эди. Лекин жаҳондаги дастлабки исломий молия муассасаларини ташкил этиш “Ислом иқтисодиёти ” чоп этилишидан ўн беш йил ўтгачгина,  амалга оширилди. ”Ислом иқтисодиёти”[2] атамасининг ўзи илмий доираларда  фақат 1970-йилнинг ўрталарига келиб   ишлатила  бошланди.

Шундан бери мусулмон иқтисодий адабиётида  ҳанузгача “ислом иқтисодиёти” тушунчасининг   умумқабул қилинган  ягона  равшан  тавсифи тақдим этилмаяпти. Мусулмон иқтисодчилари томонидан шакллантирилган таърифлар баъзан  бир ёқламалик касб этмоқда ва ислом иқтисодиётининг капиталистик ёки социалистик иқтисодиётдан  қандай  фарқланишини  яққол  гавдалантириб   бера олмаяпти.

Хусусан, машҳур саудиялик иқтисодчи Муҳаммад Умар Чапранинг фикрича, ислом иқтисодиёти –  ноёб ресурсларни  ислом  дини таълимотига мувофиқ равишда  тақсимлаш  воситасида инсон фаровонлигига эришиш учун  ёрдам берувчи билимлар тармоғини ўзида акс эттиради, бунда шахс эркинлигининг  дахлсизлиги таъминланади ҳамда давомий макроиқтисодий ва экологик   номувофиқликка   йўл қўйилмайди.[3]

Бошқа тадқиқотчилар томонидан  тақдим этилган тавсифлар ҳам у қадар ёрқин  маъно касб этмайди. Ислом иқтисодиёти  Қуръон ва суннатга асосланган иқтисодий сиёсат сифатида (Сайфуддин Тожиддин[4]); инсонлар  иқтисодий муаммоларини исломий қадриятлар таъсири остида  ўрганувчи ижтимоий фан сифатида (М.А.Маннон[5]); мусулмон мутафаккирларининг ўз даврлари иқтисодий  даъватларига жавоби сифатида (М.Н.Сиддиқий[6]); ўзига хос хусусиятларга эга  мусулмон жамиятидаги мусулмоннинг аҳлоқ усули сифатида (С.Р.Х.Нақвий[7]); роҳат-фароғатга эришиш мақсадида Аллоҳ томонидан ишониб берилган мулкни, яъни ресурсларни бошқарувчи мусулмоннинг аҳлоқи тўғрисидаги таълимот сифатида (М.Каҳф[8]); моддий ресурсларга эга бўлиш (молик бўлиш) ва бошқариш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ноҳақликни бартараф этиш мақсади ила шариат кўрсатмалари ва тақиқларини қўлловчи билим сифатида (Ҳасан аз-Замон[9]) таърифланади.    

Ислом иқтисодиётига бағишланган асарларни исломга мувофиқ келувчи хўжалик тизимини ташкил этиш бўйича муаммоларга  боғлиқ қарашлардан келиб чиқиб, таҳлил этган ҳолда,  мусулмон тадқиқотчиларини    уч гуруҳга ажратиш мумкин.

Биринчи гуруҳ вакиллари (мутаассиблар)нинг фикрича, Қуръон ва ҳадисларда асосий иқтисодий низомлар мукаммал  тарзда шакллантириб қўйилган ва шунинг учун ислом иқтисодиёти деб аталувчи махсус фанни тадқиқ қилишга ҳеч қандай  зарурият  йўқ. Машҳур марокашлик  илоҳиётчи ва сиёсий арбоб  Аллол ал-Фосий ўз даврида: “Қуръон – бу энг мукаммал асосий қонун, энг яхши сиёсий иқтисод асаридир. Замонавий мусулмонлар учун у “Инсон ҳуқуқлари декларацияси” ва “Капитал”нинг ўрнини муваффақият ила  боса олади” деган эди. Биринчи гуруҳ вакилларининг фикрича, замонавий молия муассасаларининг  муқобили бўлган  махсус исломий таркибларни тузишнинг умуман ҳожати йўқ.[10]

Мазкур гуруҳга шунингдек, ислом ва иқтисодиёт – бир-бирига  мутлақо боғлиқ бўлмаган икки ашёдир деб ҳисобловчи (скептик)ларни ҳам киритиш мумкин. Жамият ҳаётига  ислом таъсирини кучайтиришнинг изчил  тарафдорлари орасида ҳам баъзан ислом иқтисодиётига нисбатан ишончсизлик билан қаровчиларни учратиш мумкин. Мана шу нуқтаи-назарни Туркия етакчиси Р.Эрдўғон жуда  аниқ баён этди. У Исломий умумий бозор ва умуман, ислом иқтисодиётини ривожлантиришда ҳеч қандай маъно кўрмаяпман деб баёнот берди. Эрдўғоннинг фикрича, иқтисодий ривожланишнинг асосий таркиблари инсонпарварлик, ахборот ва пул-кредит сиёсати ҳисобланади, иқтисод ўз ҳолича диний  жиҳатларга эга эмас.[11]

Иккинчи гуруҳ  асосан  илоҳиётчи ва анъанавий фиқҳшунослардан иборатдир[12]. Улар учун ислом иқтисодиёти – Қуръон қироат қилиш илми, фиқҳ илми  ва ҳк.лар каби  исломий фанлардан бир фан ҳисобланади. Шунга мувофиқ равишда иқтисодий муаммолар билан шуғулланувчи тадқиқотчининг сайъ-ҳаракатлари мусулмон диний-фиқҳий фанлар  доирасидан четга чиқмаслиги лозим. Ислом иқтисодиёти бутун инсониятнинг мақсади учун эмас, балки фақат мусулмон жамоаси манфаатлари йўлида ривожланиши шарт, яъни  бу  билан  унинг  серқирра  табиати  бевосита ёки билвосита  рад этилади.

Учинчи  гуруҳга  кирувчи олимлар ислом иқтисодиётини -  жаҳон иқтисодий тафаккури йўналишларидан бири деб ҳисоблайдилар. Мазкур гуруҳ доирасида ислом иқтисодиётини капиталистик иқтисодиётнинг муқобили сифатида кўриб чиқадиганларни ҳамда исломий иқтисодий андозани ғарб (буржуаз) иқтисодий фани талқинида ўрганувчи мўътадил қарашлар соҳибларини  ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин.

Айни кўриб чиқилаётган тадқиқотда бизни мана шу учинчи гуруҳ иқтисодчиларининг нуқтаи-назари қизиқтиради, чунки айнан улар  ислом иқтисодиёти (“иқтисодиёт” сўзига урғу билан) деб номланувчи  тушунчанинг қобиғини ташкил этадилар. Шуни ҳам эътиборда тутиш лозимки, ислом иқтисодиётига бағишланган кўплаб асарларда сўз  асосан  исломий молиялар хусусида бўлади.Буни ажабланадиган жойи йўқ, чунки айнан молия соҳасида исломий иқтисодий андозанинг хусусиятлари кўпроқ намоён бўлади ва бу фоиз асосида молиялаштиришнинг муқобилини қидириш борасидаги унинг асосий мақсадига мувофиқ келади. Исломий молиявий тизимни шариат томонидан шакллантирилган  асосий тамойилларни бузмаган ҳолда, иқтисодий фаолият юритишга  имкон берувчи молиялаштириш механизмлари ва усуллари  мажмуи сифатида тавсифлаш  мумкин.

Иқтисодий андозанинг ер ва меҳнат муносабатлари, мулкчилик масалалари сингари  бошқа муҳим таркиблари ҳақида тўхталадиган бўлсак, улар қоидага кўра, эътибордан четда қолиб кетади ёки иқтисодчилар – ислом иқтисодиёти бўйича мутахассислар  томонидан  юзакигина эсга олинади  ва мулк ҳуқуқи (шунингдек, ерга нисбатан ҳам)  ҳамда бизнес юритишнинг аҳлоқий қирралари ҳақида қалам тебратадиган мусулмон фиқҳшунослари учун айниқса, тадқиқот  мавзуси  бўлиб хизмат қилади. Ушбу масалалар  сўзсиз,  иқтисодчилар томонидан энг кўп  ўрганишга   арзийдиган ва  тадқиқотчисини кутаётган  жиҳатлар ҳисобланади.

Юқорида биз қайд этиб ўтгандек, бир қатор муаллифлар ислом иқтисодиётини капиталистик ва социалистик (маъмурий буйруқбозлик) иқтисодиётларнинг муқобили сифатида кўриб чиқиш тарафдори ҳисобланадилар[13].Мана шундай қарашлар 1990-йилларнинг ўрталарига қадар кўпчилик тадқиқотчилар  томонидан маъқулланган[14].

 

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин. Таржимон: Ботирхўжа Жўраев


[1] Sayyid Manazir Ahsan Gilanii. Islami Ma”ashiyat.- Hyderabad,1947. Айнан мана шу йилда инглиз тилида Шайх Маҳмуд Аҳмаднинг  «Исломда  иқтисодиёт» («Economics of Islam») асари ва мисрлик фиқҳшунос Маҳмуд ал-Ғазалийнинг  «Ислом  ва иқтисодий низомлар» китоби араб тилида  нашрдан чиқди.

[2]1976 йилда Макка шаҳрида  бўлиб ўтган ислом иқтисодиёти бўйича Биринчи ҳалқаро конференция исломий иқтисодий андоза учун аҳамиятли сана ҳисобланади.

[3] Chapra M.U. What is Islamic Economics? – Jeddah, 2001. – P.33.

[4]  Seif el-Tag el-Din. What  is Islamic Economics?// Review of Islamic Economics. -1994. – Vol.3, №2. –P. 97-100.

[5]  Mannan M.A. Islamic Economics: Theory and Practice.- Lahore,1970. –P.18.

[6]  Siddiqi M.N. History of Islamic Economics Thought// -Jeddah,1992. – P.69.

[7]  Naqvi S.N.H. Islam, Economics and Society. –London,1994.  – P.13.

[8] Monzer Kahf. Islamic Economics: Notes on Definition and Methodology // monzer.kahf.com

[9]  Hasanuzzamon S.M.Definition  of Islamic Economics. – 1984. –P.52.

[10] Ислом иқтисодиётига утилитар(манфаатпараст)ча ёндашувни шакллантирган малайзиялик фиқҳшунос Закий Бадавийнинг фикрича, хўжалик ҳаётида мусулмонлар манфаати учун хизмат қиладиган барча усуллар ислом иқтисодиёти деб номланиши мумкин(Badawi Z.M. Islamic  Finanse and the Role of the State //  Islamic Banker. – 1999.- №45,- October. – P.16). Бизнинг назаримизда, бу мусулмон фиқҳида маълум бўлган манфаатлар назариясининг  ўта кенг талқинидир.

[11] Р.Эрдўғондан фарқли равишда унинг ғоявий вазифадоши, Туркиянинг собиқ Бош вазири ва Фаровонлик  партияси раҳбари Н.Эрбақон Туркияда ислом иқтисодиёти муассасаларини ривожлантириш ва Умумисломий бозор  тузишни ўзининг коалицион ҳукумати бош мақсадларидан бири сифатида   кўрди.Лекин у бу соҳада у қадар муваффақият қозона олмади.Бу ҳақда ушбу монографиянинг “Анъанавий  моделдан дуалистик андоза томон  тадрижий ривожланиш(Туркия мисолида)” бўлимида батафсил маълумот берилган.

[12] Исломга мувофиқ келувчи  иқтисодий  қоидалар тўғрисида 1970-йилларга қадар қалам тебратган аксарият муаллифлар иккинчи гуруҳга киради.

[13]  Aziz T.M. An Islamic Perspective of Political Economy: // www.al-islam.org.

[14] Исломий  социализм  исломий тафаккур соҳибларининг марксча сиёсий иқтисодга қарши қўйилган, исломий ижтимоий тизимга асосланган ва унчалик муваффақиятли бўлмаган дастлабки уринишлари ҳисобланади.Бу маънода исломий социализм концепциясини ислом иқтисодиётидан олдин ўтган  таълимот сифатида кўриб чиқиш мумкин.

 
УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага