Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ислом иқтисодиётининг фан сифатида шаклланиши

462

Ислом иқтисодиётини, таянч тамойиллари мос равишда социализм ва капитализм маълум бир даври ривожланиш босқичларидаги айрим социалистик ва капиталистик хўжалик юритиш усулларига зид келмайдиган хўжалик тизими сифатида таърифлаш мумкин. Охир-оқибат, 1940-йиллардан бошлаб, капитализм ҳам худди социализм каби Адам Смит, Давид Рикардо ва Карл Маркслар тасаввур эта олмайдиган даражада ўзгаришларни бошидан ўтказди. Бундай туб ўзгаришларга Совет Иттифоқидаги ижтимоий ислоҳотлар, ишчилар ҳаракатининг ўсиши, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги коммунистик партиялар таъсирининг ортиши туртки бўлди.

Аксарият ғарб мамлакатларида кенг кўламда миллийлаштириш ўтказилди, оммавий таълим жорий этилди, соғлиқни сақлаш тизими ислоҳ қилинди ва ҳк. ишлар амалга оширилди. Шундай қилиб, ғарбий жамиятга коммунизмдан ўзига хос “пайвандлаш” амалга оширилди, бу эса капиталистик тузумнинг кейинги ривожланишига ўз таъсирини ўтказди. Лекин 1970-йиллар бошига келиб, ғарб дунёсида меҳнаткашларнинг аввалги қўлга киритган натижаларидан ортга чекиниш кузатилди. Шу даврда Совет Иттифоқида ҳам иқтисодий кўрсаткичлар пасая бошлади ва мамлакат нефть сотишдан келувчи тушумларга суяниб қолди.

Худди шу пайтда жаҳон иқтисодиётига янги иштирокчилар - исломий банклар кириб келди. Мана шундай тарихий шарт-шароитда, капитализм ва социализмда ўз ечимини топмаган кўплаб иқтисодий муаммолар ечими калити мусулмон олимлари томонидан ислом иқтисодиётида ҳис этила бошланди.

Лекин кейинчалик кўплаб мамлакатларда коммунистик тузум қулай бошлади, мусулмон оламида ислом иқтисодиётининг муассасалари пайдо бўлишидан кўтаринкилик вужудга келгач, аксарият тадқиқотчилар, ислом иқтисодиёти 1990-йилларнинг ўрталарида Ғарбда кенг оммалашган ва аҳлоқан ижтимоий йўналган тизимнинг бир қисми сифатидагина кўриб чиқилиши мумкин деган хулосага кела бошладилар.

Агар саноқ сифатида Ғилонийнинг китоби чоп этилган 1947 йилни оладиган бўлсак, у ҳолда ислом иқтисодиёти 60 ёшдан салгина ошди, холос. Ҳозирги кунга қадар унинг умумий тамойиллари, фаолият механизмлари аниқ шаклланмади. Шариатга мувофиқ келувчи амалиёт қоидаларини қарашлар тизими сифатида шакллантирилган ғоявийлик мавжуд, лекин ушбу механизмни яхлит иқтисодиёт миқёсида қўллаш тўғрисида аниқ тасаввур йўқ. Бошқача айтганда, тизимнинг унсурлари қандай фаолият кўрсатаётганини ҳис этиш мавжуд, лекин мана шундай тизим қандай ишлаши тўғрисида тушунча йўқ.

М. У. Чапранинг ҳаққоний эътирофича, ислом иқтисодиёти ўзининг макроиқтисодий мақсадларига эришиш учун микроиқтисодий пойдеворга эҳтиёж сезади. Фундаментал умумназарий тадқиқотларнинг нуфузида, замонавий ислом иқтисодиёти учун кун тартибидаги энг биринчи масала - турли исломий молиявий муассасалар фаолияти ва улар ўртасидаги муносабат, мазкур муассасалар ишлатадиган молиялаштириш усулларига тааллуқли масалалар бўлиши шарт. Ҳуқуқий тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратиш лозим – шунда ислом иқтисодиётининг мақсадлари мусулмон мамлакатлари бюджет-молия, пул-кредит, фискаль, валюта сиёсатида ўзини аниқ гавдалантиради.

Агар ушбу ишлар амалга оширилса, у ҳолда ислом иқтисодиётининг муқобиллигини тасдиқловчи расмиятчиликлар барҳам топади ва “исломий” сифати “ислом иқтисодиёти” сўз бирлиги ила ғоявий мавҳумлик кўринишига эга бўлмайди.

Исломий иқтисодиётнинг ижобий ва салбий томонларини таҳлил қилган айрим иқтисодчилар, “исломий” сўзининг таърифи исломий иқтисодий андозанинг номусулмон ҳамжамиятларда қўлланишини чеклаб қўяди деб ҳисоблайдилар. Монзер Каҳфнинг ўринли муқоясасига кўра, Ибн Халдуннинг бутун инсониятга йўлланган асарларида исломий иқтисодиёт тўғрисида ҳеч бир сўз айтилмасада, унинг китоблари ҳар бир гапида “исломий” сўзини эсга олувчи кўплаб муаллифларнинг асарларидан кўра исломийроқдир. Ислом мусулмонлардан иқтисодиётга “исломий” деган таъриф беришни талаб қилмайди. У худди Ибн Халдуннинг фаровонлик тўғрисидаги таълимотида таъкидланган мурожаати каби нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга қаратилган бўлиши лозим.

Иқтисодчилар “ислом иқтисодиёти” бирикмасининг тўғрилиги ҳақида қанчалик баҳс юритмасинлар, ўн йиллар давомида шаклланган ушбу бренддан воз кечиш бутун дунёдаги исломий молиявий таркиблар учун маълум бир йўқотишларга олиб келиши ҳақида ҳам фикр юритишларига тўғри келади. Айрим исломий банклар ва бошқа молиявий муассасалар номланишида “исломий” сўзининг мавжуд эмаслиги қоидага кўра, амалдаги қонунчилик талабларига кўра чекловлар (масалан, Туркияда) ёки ҳокимиятдагиларнинг исломий молияларга эҳтиёткорлик билан (Озарбайжон ва бошқа давлатлар) ёндашишлари оқибатида пайдо бўлади.

Бизнинг фикримизча, исломий банкинг бўйича россиялик мутахассис А. Ю. Журавлёвнинг “ислом иқтисодиёти” тушунчасига берган таърифи муваффақиятли кўринади. Тадқиқотчи ислом иқтисодиётини – жамият хўжалик фаолиятини ташкил этиш механизми ва тамойилларига мусулмонларнинг қарашлари тизими сифатида таърифлаб берган. Ушбу таъриф етарлича мақбул ҳисоблансада, лекин мусулмонларнинг қарашлар тизими тўғрисида эмас, балки мусулмонларнинг дини, яъни исломнинг ўзи тўғрисида сўз юритиш тўғрироқ бўлур эди, чунки мусулмонларнинг нуқтаи-назарлари ҳар доим ҳам иқтисодий ҳаёт ҳақидаги исломий қарашларга мувофиқ келавермайди.

Шундай қилиб, биз ислом иқтисодиётини мусулмон фиқҳи тамойиллари ва меъёрларига мувофиқ келувчи хўжалик тизими сифатида тавсифлашимиз мумкин. ”Ислом иқтисодиёти”нинг синоними сифатида биз “ислом иқтисодий тизими” атамасидан фойдаланишни таклиф этамиз. Ушбу феномен(тушунча)ни ўрганувчи фан ислом иқтисодиёти фани деб аталиши ҳам мумкин.

Ислом иқтисодиёти фани – мусулмон олимлари меҳнатининг самарасидир. Лекин бизга маълумки, иқтисодий фаолиятга доир айрим чеклов ва тақиқларни нафақат Қуръон ва ҳадисларда, балки Инжилда ҳам топиш мумкин. У ҳолда нима учун бошқа динларнинг вакиллари - насоролар ёки яҳудийлар эмас, балки айнан мусулмонлар тегишли қарашлар тизимини шакллантирдилар? Шу ерда Р. Вилсоннинг фикрларини ўринли деб эътироф этиш мумкин, у Таврот ва Инжилга нисбатан Қуръонда иқтисодий масалаларга кўпроқ эътибор берилган деб ҳисоблайди[1].

Насоролик ва яҳудийликдан фарқли равишда ислом иқтисодий таълимотининг ривожланиши асосий сабабларидан бири - ислом ўз эргашувчилари учун нафақат дин, балки ҳаёт тарзи ҳамдир. Аксарият мусулмонлар ҳаётининг муҳим қисми бўлган амалий муносабатлар, мусулмон ҳуқушунослари томонидан кенг талқин этилган Қуръон ва суннатга мувофиқ келувчи жиддий ҳуқуқий асосга эҳтиёж сезган. Масалан, насороликда инсоннинг Аллоҳ билан муносабатлари черков деворлари билан чегараланган[2]. Диндор ушбу девордан ташқарида диний тақиқларга қарамай дунёвий эркин ҳаёт кечирган, шу жумладан иқтисодий соҳада ҳам. Худди шу нарса яҳудийликда ҳам рўй берди. Аслида барча яҳудийлар Тавротни ўрганишга мажбур эдилар. Агар инсонда бунга имконият бўлмаса, у ҳолда у мана шундай муҳим иш билан машғул бўлганларни моддий қўллаб-қувватлаши лозим бўлган. Бу ерда савоб иш билан машғул бўлган маълум бир гуруҳ кишиларга вакиллик ваколатини ўтказиш сабабидан уларни қўллаб-қувватлаш зарурати келиб чиқмоқда.

Насороликда ҳам дастлабки иқтисодчилар руҳонийлар эди, лекин Янги даврда иқтисодий тадқиқотлар дунёвий олимлар қўлига ўтиб қолди[3]. Исломда бу жараён анча аввал бошланган эди. Жамиятшунослик фанининг асосчиси, қомусий олим Ибн Халдун моҳиятига кўра (ўрта асрларда қай даражада дунёвий бўлиш лозим бўлса, ўша даражада) дунёвий олим эди.

Лекин Ибн Халдунни истисно сифатида айтиб ўтиш мумкин: иқтисодий масалалар билан шуғулланган аксарият муаллифлар мусулмон фиқҳшунослари ва уламолар эди. Ҳукмдорлар томонидан шариат меъёрларига илтифотсизлик билан муносабатда бўлингани ҳолда мусулмон олимлари ўз асарларида орзуларидаги мукаммал андозани баён этиб берганлар, ушбу андозани улар ўзларидан кейин бўлсада, амалиётда кўриш истаги билан яшаганлар.

Янги даврда ислом иқтисодиёти масалаларига эътибор қаратган дастлабки тадқиқотчилар профессионал иқтисодчилар эмас, сиёсатчилар эди. Шариатга мувофиқ келувчи иқтисодий тизим улар учун ҳам интилишга лойиқ зарурат эди. Мазкур сиёсий арбобларнинг қарашларига таянган айрим ислом иқтисодиёти танқидчилари исломий молиявий муассасаларнинг фундаментал оқимлар вакиллари билан чамбарчас алоқалари тўғрисида хулоса қиладилар. Хусусан, Темур Куран[4] сўзларида ислом иқтисодиётига унинг душманлари томонидан қўйиладиган айбларнинг асосийлари жамланган: “Агар исломий иқтисодий фаолият ижтимоий хавф манбаи ҳисобланар экан, у ҳолда унинг сабаби келгуси иқтисодий сиёсатга ўз таъсирини ўтказа оладиган сиёсий кучига яширингандир. Исломий компаниялар мусулмонлар ва номусулмонлар ўртасида маданий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни чеклашга уринувчи фундаментал сиёсий партиялар ва ташкилотларга молиявий ёрдам тақдим этади. Улар исломий фундаментализмни мустаҳкамлаган ҳолда фундаменталистларга қарши тарафни заифлаштиради, диний фаолларни эса жамиятга янги эҳтиёжларни жорий этишга даъват этади. Якунда, исломий радикалларнинг даъво ва ваъдалари қўллаб-қувватланади, чунки алоҳида соҳанинг исломийлаштирилиши бошқа соҳалар исломийлашиши муваффақиятининг гаровидир. Ушбу уринишлар қай даражадаги исломий фундаментализмни хавф дея саналиши даражасига кўра ҳушёр торттиради[5]”.

Биз бу ерда исломий фундаментализм қандай хавф солиши тўғрисида баҳслашмоқчи эмасмиз, чунки биринчидан, уни таърифловчи универсал таъриф мавжуд эмас, иккинчидан, бу мазкур тадқиқот мавзуси ҳам эмас. Юқоридаги парчада келтирилган тезисларнинг қолганлари ҳеч қандай танқидларга арзимайди. Темур Куран исломий иқтисодий фаолият эга бўлган сиёсий куч ҳақида баён қилмоқда. Лекин далиллар шуни кўрсатмоқдаки, мусулмон дунёсида исломий банклар ва бошқа молия муассасалари тартибга солувчи органлар томонидан қаттиқ назоратга олинган ҳамда анъанавий(ноисломий) молиявий муассасалар тарафидан зўр рақобатни доимо сезиб турадилар. Кўпинча исломий банкларга айрим мусулмон мамлакатларига қараганда Ғарбда рухсатнома олиш осон кечади. Бундай ҳолатда улуши мусулмон мамлакатлари молиявий секторида 10%дан ошмайдиган исломий молиявий муассасаларнинг давлат иқтисодий сиёсати шаклланишига таъсири ҳақида гапириш, ноўриндир.

Бир соҳанинг самарали исломийлаштирилиши амалда бошқа соҳаларнинг ҳам муваффақиятли исломийлаштирилишига кафолот бериши ҳақида сўзлар ҳам ҳақиқатдан йироқдир. Агар биз аҳолисининг 50% мусулмон ҳисобланадиган Малайзия сингари давлатни мисол сифатида келтирадиган бўлсак, ушбу мамлакатда исломий молияларнинг ривожланиши жамият ҳаётининг бошқа соҳалари исломийлашишига олиб келмаганини кўришимиз мумкин. Бошқа томондан, Покистондаги исломийлаштириш сиёсати анъанавий(ноисломий) молиявий муассасаларга ўрин қолдирмайдиган ислом иқтисодиётининг монистик(ягона) андозаси мустаҳкамланишига ҳам олиб келмади.

Т. Кураннинг давом этишича, исломий компаниялар мусулмонлар ва номусулмонлар ўртасида маданий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни чеклашга уринувчи фундаментал сиёсий партиялар ва ташкилотларга молиявий ёрдам тақдим этади. Мазкур даъво ҳам ҳеч қандай асосларга эга эмас. Исломий банклар ва бошқа исломий молиявий муассасалар ҳарна ўз мижозлари орасида номусулмонлар бўлишига интиладилар. Айрим тадқиқотчилар томонидан фундаментализм таянчи сифатида кўриладиган Суданда ҳам мусулмонлар томонидан тўланиши лозим бўлган мажбурий солиқ – закот маблағлари насоролар[6] ўртасида ҳам тақсимланади.

Т. Кураннинг исломий молиявий муассасалар жамиятга янги эҳтиёжларни юклаши тўғрисидаги тезислари ҳам буткул тушунарсиз. Исломий иқтисодий андозанинг асоси бўлган тамойиллардан бири – ғарб дунёси замонавий иқтисодий муносабатлари ташриф қоғозига айланган қарз маблағлари ҳисобига тийиқсиз истеъмолни чеклашдир.

Бизнинг фикримизча, исломий молияларни унинг рақиблари томонидан бот-бот такрорланиб турувчи, асос сифатида ишлатилиши мумкин бўлган амалий танқидни, моҳияти мусулмон ва номусулмон жамиятларининг ижтимоий ҳаётига ҳар қандай таъсирини инкор этишга олиб келувчи аниқ исломга қарши мавқедан фарқлаб олиш лозим. Адолат юзасидан шуни қайд этиш лозимки, исломий иқтисодий модель ғанимларининг қарашлари кўп ҳолатларда ушбу тизим моҳиятини тушунмаганликлари ёки билмасликларига асосланган. Масалан, Буюк Британия парламентида мамлакатда исломий молиявий хизматлар бозорини ривожлантириш ва Лондонни исломий молиялар марказига айлантириш тўғрисидаги масалалар бўйича муҳокамада айрим парламент аъзоларида, бу мамлакатда шариатни жорий этилишими? деган мазмундаги саволлар пайдо бўлган. Исломий банклар инглиз қонунларига қатъий мувофиқ фаолият юритиши маълум бўлгач, Буюк Британияда муқобил молиявий воситаларни ривожлантиришга қаршилар сони сезиларли тарзда камайган.

Шуни қайд этиш лозимки, ислом иқтисодиёти фан сифатида ҳали ҳам мусулмон фиқҳи билан узвий ўзаро алоқада бўлиб турибди. Ислом иқтисодиёти ёки унинг алоҳида жиҳатлари бўйича кўплаб машҳур асарларнинг муаллифлари – обрўли мусулмон фиқҳшунослари Юсуф Қарзовий, Тақий Усмоний [7] кабилар ҳисобланадилар.

Ислом иқтисодиётига оид дастлабки профессионал тадқиқотлар фақатгина 1970-йилларнинг ўрталарида пайдо бўлди. Шундан буён ислом иқтисодиёти ва унинг турли жиҳатларига оид кўплаб умумназарий ва илмий-амалий тадқиқотлар ёзилди. Лекин бизнинг кунларда ислом иқтисодиётини мусулмон фикҳий - диний фанлар доирасида эмас, балки дунёвий фанлар тизимидаги мустақил фан деб ҳисоблаш мумкинмикин[8]?

А. Ю. Журавлёв ислом иқтисодиётини назария деб аталишга талабгор эмас деб ҳисоблайдиган олимлар фикрига қўшилади, чунки у учта талабга тўлақонли жавоб бера олмайди: воқеа-ҳодисаларни изоҳлай олиши, шу асосда ривожланишни тахмин қилиши ва қандай бўлиши кераклиги ҳақида эмас, балки нима рўй бераётгани тўғрисидаги саволга жавоб бериши керак. Бошқача сўз билан айтганда, иқтисодиёт фани мавжуд муаммолар ечими бўйича қандайдир андоза ва ўлчамларини таклиф этмай, фақатгина воқеа-ҳодисаларнинг мавжуд қоидаларини баён этиб бериши лозим. Тажрибага асосланган фан сифатида иқтисодиёт жамиятдаги бойликларни тақсимлаш тизимини, бозор қонунлари ҳаракатини тушунтириб беради ҳамда келажакда кутилаётган тахминларни беради.

Ҳақиқатдан ҳам шуни эътироф этиш лозимки, ҳаракатдаги дин сифатида ислом ўз олдига “қандай бўлиш лозим”лиги ҳақидаги аниқ манзарани гавдалантирган ҳолда, жамиятдаги хасталикларни нафақат қайд этишга ҳаракат қилади, балки уларни даволаш чораларини кўради. Ҳар бир мусулмоннинг вазифаси – нафақат у ёки бу исломий қадриятларни баҳам кўриш, балки жамиятни исломий руҳда ислоҳ қилиш учун курашиш ҳамдир. Бунда таклиф этилаётган “шифо” воситалари таъсирчан бўлиши шарт эмас.

Шунинг билан бирга бизнинг назаримизда, эндигина тикланиш йўлига ўтган ислом иқтисодиёти фанига истисно тариқасида меъёрий қиёфа тусини бериш у қадар тўғри бўлмаган бўлур эди. У замонавий мусулмон иқтисодчилар асарлари орқали 1990-йиллардан бошлаб синовларга бардош бериб келмоқда. Бизнинг кунларда ислом иқтисодиёти фани марксча сиёсий иқтисодга нисбатан ижобийроқ ҳисобланади[9]. Шу ерда Муҳаммад Анас Зарқонинг қарашларига кўнмоқдан бошқа иложимиз йўқ: ислом иқтисодиёти икки қисмдан ташкил топади, биринчиси(ижобий қисм деб номланувчи бўлаги) ислом иқтисодий моделининг ўзини ўрганса, кейингиси, ушбу тизимдаги кишиларнинг ўзларини тутиш қоидаларини ўрганади.

Бундан ташқари, мусулмон олимлари томонидан замонавий исломий молиявий муассасалар: банклар, суғурта компаниялари, жамғармалар ва ҳк. лар ўз фаолиятида ишлатадиган бир қатор механизмлар ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилган. Мазкур молиявий муассасалар мусулмон дунёсининг турли қисмларида фаолият юритади ва исломий иқтисодий андозанинг таркибий қисмлари ҳисобланади. Муаммо шундаки, ислом иқтисодиётининг ривожланиши амалиёти аксарият иқтисодий долзарб муаммоларнинг назарий жиҳатдан тушуниб етишликдан илгарилаб кетмоқда[10].

Сўзсиз, ислом иқтисодиётидаги барча иқтисодий тоифалар (бойлик, пул, капитал, ишлаб чиқариш) инсон томонидан исломий аҳлоқий қадриятлар нигоҳи ила кўриб чиқилади. Шахсий истеъмолга йўналган капиталистик иқтисодиёт учун ғайриоддий бўлишига қарамай, мусулмон олимлари томонидан илгари сурилган айрим аҳлоқий талаблар давр талабига жуда мувофиқ келади. Маълумки, ҳар қандай иқтисодий фан чекланган ресурслар шароитидагина долзарбдир. Шу билан боғлиқ ҳолда, Абу Али Султоннинг иқтисодиётнинг бош муаммоси ресурсларни тақсимланиши эмас, балки инсон эҳтиёжларининг чекланганлиги масаласи бўлиши лозим эканлиги ҳақидаги мулоҳазалари эътиборга лойиқдир.

Саудиялик иқтисодчи М. У. Чапранинг адолатли эътирофича, ислом иқтисодиёти фақат анъанавий иқтисодиёт жавоб бера олмаган саволларга жавоб топишга қобилиятли бўлгандагина зарур бўлади. Бунга қўшимча тарзда, нафақат жавоб бериши, балки анъанавий иқтисодиётнинг “тиши ўтмаган”: қашшоқлик, ресурсларни адолатли тақсимлаш ва бошқа муаммоларга амалий ечимларни таклиф этиши ҳам шартлигини айтиб ўтмоқчимиз.

Исломий молиявий тизим исломий иқтисодий андозанинг асосини ташкил этишини инобатга олиб, бир қатор иқтисодий, шунингдек, молиявий соҳага тегишли бўлмаган вазифаларнинг ечими ҳам энг аввало исломий молиявий муассасаларга йўналтирилади.

 

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин. Таржимон: Ботирхўжа Жўраев

 


[1] Wilson R. Economics, Ethics and Religion: Jewish, Christian and Muslim Economic Thougt. – N. Y. , 1997. – P. 117 // Syed Nawab Haider Naqvi. Rodney Wilson. Economics, Etics and Religion. Jewish, Christian and Muslim Economic Thougt(Book Review)// Jounal of King Abdulaziz University. Islamic Economics. – 2002. –Vol. 14. – P. 49. ҳавола бўйича.

[2] Фолькер Нинхауснинг қайд этишича, руҳоний оталар иқтисодий масалалар ҳақида ёзишган, лекин уларни таҳлил этишмаган. (Neinhaus V. Islamic Economics – Policy between Pragmatizm and Utopia // Economics ( Tuebingen). – 1982. – Vol. 25 // www. kantakji. com. )

[3] Шуни эсда тутиш лозимки, капиталистик иқтисодиёт ҳам ўз вақтида насоронийлик оқимларидан бири – протестантлик орасида пайдо бўлган эди. Илоҳий тақдир протестантлик эътиқодида, хусусан, Адам Смит томонидан капиталистик сиёсий иқтисоднинг энг асосий қоидаларидан бири сифатида баён этиб берилган – “ бозорнинг кўзга кўринмас қўли”да намоён бўлган.

[4] Темур Куран – сиёсатшунослик ва иқтисод бўйича қалам тебратувчи АҚШлик мутахассис.

[5] Т. Куран. Исломий иқтисодий тафаккур ва ислом иқтисодиёти. // Насоролик ва Ислом иқтисодиёт ҳақида / М. А. Румянцев, Д. Е. Раскова таҳрири остида. – Санкт-Петербург. ,2008. – 298-б.

[6] Қуръонда закот тақсимланадиган одамлар қаторида исломга мойил мусулмон бўлмаган кимсалар(муаллафати қулубиҳим) ҳам киритилган. Суданда ҳам шуни кўзлаб бу иш амалга оширилган бўлиши керак.

[7] Юсуф Қарзовий – Бутун дунё мусулмон уламолари кенгаши раиси,”Закот фиқҳи” асари муаллифи ҳисобланади. Муҳаммад Тақий Усмоний – ҳиндистонлик исломий олим ва уламо бўлиб, “Исломий молияларга кириш” ва ҳк. каби кўплаб асарларнинг муаллифи ҳисобланади. Ушбу олимларнинг асарлари инглиз ва рус тилларида кўплаб нусхада чоп этилган.

[8] Ислом иқтисодиётининг кенг қамровли эканлиги ва унинг дунёвий фан сифатида ривожланиши ушбу йўналишни исломий диний-фиқҳий фан талқинида ўрганиш имкониятларини рад этмайди.

[8] Аниқки, жамиятдаги ишлаб чиқариш ва уни амал қилиш қонунлари ва ривожланишини, ишлаб чиқариш, тақсимот, айирбошлаш ва инсон жамияти ривожланиши турли босқичларидаги моддий неъматларни истеъмол қилиш

муаммолари асосларини ўрганувчи фан сифатида тушуниладиган сиёсий иқтисод(иқтисодиёт) мусулмон олимлари томонидан ҳанузгача шакллантирилмади. Лекин “исломий сиёсий иқтисод” атамасини мусулмон олимлари асарларида кўплаб учратиш мумкин( масалан, Choudhury M. A. Introducing Islamic Political Economy, Siddiqi M. N. Nature and Methodology of Islamic Political Economy ва бошқалар).

[10] Масалан, исломий облигациялар бўлмиш сукук мусулмон мамлакатлар бозорида 15 йилча аввалроқ пайдо бўлди, лекин мазкур қимматли қоғозларга бағишланган тадқиқотлар атиги бир неча йил аввал юзага келди. Сукук ҳақида ушбу монографиянинг алоҳида бўлимида танишиш мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Икки маънодан бирининг устун келиши ёки уларнинг баробарлиги

73 22:05 30.11.2021

Динимни ўрганаман: намоз ракатлари орасида гапирмаслик ҳақида

571 20:05 30.11.2021

“Швед демократлари” мусулмон мактабларини ёпишга чақиряпти

540 13:28 30.11.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ибронинг қисмлари

584 22:05 29.11.2021

Динимни ўрганаман: намозда зам сурани унутиш

1292 20:05 29.11.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг шаръий ҳукми

607 22:05 28.11.2021
« Орқага