Асрлар бўйи эрларига итоат ва вафодорликни, ҳаё ва оилапарварликни ибодат даражасига кўтарган аёлларимиз – оналар, опа-сингиллар ва қизларимизни умр йўлдошларига бўйсунмасликка, фарзанд тарбияси, оила, рўзғор деган «ортиқча даҳмазалар» билан ўралашиб қолмасликка, ҳамма соҳада эрлар билан тенг ҳуқуқли бўлишга тобора қаттиқроқ даъват қилмоқда. Улар ҳатто аёлларимизнинг қанча туғишларигача аралашмоқда. Оилани режалаш баҳонасида туғишни кескин камайтиришга чорламоқда, ҳаттоки ҳомиладорликни тўхтатишга керакли сунъий воситаларни текинга тарқатмоқда. Чунки дунёда мусулмон нуфузининг ортиб бораётгани, айни пайтда Ғарбнинг ўзида туғилиш тобора камайиб, кучлар нисбати Ислом фойдасига ўзгараётгани уларнинг пайтавасига қурт тушириб қўйган.
Бундай бузғунчилик ва фитналар самарасиз кетмади. Ҳатто Иккинчи Жаҳон урушининг машаққатларига, қаҳатчилигига чидаган айрим ўзбек аёллари бугун бозор иқтисоди қийинчиликларини рўкач қилиб, кўчага чиқиб кетишди. Ўз юрти қолиб, ҳатто хорижий ўлкаларда танфурушлик қилишмоқда. «Аёллар мардикорлиги» деган гапларга ўрганиб ҳам бўлдик. Фарзанд тарбияси, рўзғор, оила масъулиятини елкадан қўймаган айрим ўзбек аёллари бугун тонгдан оқшомгача бозордалар. Ҳаё, иффат, эрларга итоатда дунёга машҳур бўлган аёлларимиз бугун кўча-кўйда айниқса, бозорларда шалоқланиб сўкинишдан, беҳаёларча кийинишдан, тамаки чекишдан, ичкилик ичишдан, номаҳрам эркаклар даврасида базм-ишрат қилишдан асло уялмайдиган, ор қилмайдиган бўлиб қолишди.
Иқтисодий жиҳатдан мустақилликка эришган аёл ҳам негадир бахтиёр бўла олмаяпти. Аёл пул топа бошлагач, молиявий жиҳатдан эркакка қарамликдан «қутилди», эрига боғлаб турган битта ришта узилди. Энди жинсий ҳаётдан ўзга уларни яқинлаштириб турадиган нарса қолмади. Айримлари эса ана шу сўнгги нажот арқонларини ҳам шартта кесиб ташлаб, ўзини «тўла ҳуррият» - фаҳш, зино ва кўча эҳтирослари қучоғига отди.
Бугун Ғарб дунёсида милионлаб ёш қизлар, аёллар турмуш қурмаслик фикридалар. Оила, эр, фарзанд уларнинг «бахтли» ҳаётига тўсиқ, даҳмаза эмиш. Эр-хотин ҳар хусусда бир-бирига эҳтиёжсиз бўлганидан кейин оила, никоҳ деган гапларнинг моҳияти қолармиди?! Бир Ғарб олими таъкидлаганидай, «Зиёли аёллар бола боқиш учун «четга чиқиб қолиш»дан ҳазар қилмасалар-да, ҳақиқий зарар етказиб бўлинди. Оталарни бола боқиш ва уй беклигига қайтариш зафар қозонаётганга ўхшайди».
Қуръони каримда: «(Эй аёллар), ўз уйларингда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33-оят), деб марҳамат қилинган. Бу аёл учун энг шарафли жой –унинг уйи, оила давраси дегани. Аёл учун оиланинг чароғбони, рўзғорнинг ишбошиси, фарзандлар тарбиячиси бўлишдан кўра фазилатли, савобли иш йўқ. Аёл жамоат ишлари билан банд бўлиб, ўзгалар ишини қойиллатсаю ўз болалари бегона энагалар ва боғча тарбиячилари қўлида, она меҳрига, эркалашига зор-ташна улғайса, бундан кимга фойдаю, кимга зарар?!
Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар оналари бутунлай (!) ўзларини жамоат ишига бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғайишар экан. АҚШда қамалганларнинг ярмидан кўпи она меҳрига тўймаган ёшлар бўлган. Бугунги оналар учун бола тарбияси жамият ва рўзғор юмушлари олдида аҳамиятсиз нарса бўлиб қолмоқда. Аёлларга ҳар қанча ҳуқуқ берилмасин, улар қанчалик юксак мақомларга эришмасинлар, агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, миллатини, динини, ватанини танитмасалар ва севдирмасалар, оналик, аёллик ҳаққини адо этмаган бўлишади. Зеро, Ислом олимларидан бири айтганидай, «Авлодларни вояга етказиш ва муносиб инсон қилиб тарбиялаш мақсад қилиб олинмаган никоҳ шунчаки бир айш-ишрат ва маишатдан бўлак нарса эмас. Бу никоҳдан келган болалар ҳам оний ўткинчи ҳирснинг қурбони бўлган бечоралардир».
Ўн тўққизинчи асрнинг машҳур олмон файласуфи Артур Шопенгауэрнинг қуйидаги надоматлари бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган: «Табиат инсон зотини икки жинсга бўлиб, улар орасидаги чегара чизиғини қоқ ўртадан олмаган. Қадимгилар ва шарқликлар аёлларга айнан мана шу нуқтаи назардан қараганлар ва тўғри қилганлар. Ва аёлларга ўзининг ҳақиқий жойини кўрсатганлар. Бизда эса кўҳна фаранглардай бачканалик билан, аёл қошида кулгили тарзда ўзимизни йўқотиб қўйишдек хусусиятларимиз билан аёлларни шу даражада олифта ва безбет қилиб юбордикки, энди улар баъзан-баъзан ўзларининг авлиёсифатлигига ва ҳеч ким қўл теккизолмаслигига ишонч ҳосил қилган Бенареснинг эркатой табаррук маймунларини эслатадиган бўлиб қолишди». («Ёшлик» журнали, 1994 йил, 2-сон).
(давоми бор)
Аҳмад Муҳаммад