Ислом ва аёл, аёллар «ҳуррияти ва эркинлиги» масаласи Ғарб ҳамиша мусулмонларга қарши даъво қиладиган, маломат тошларини отадиган масалалардан саналади. Аммо тарихга холис назар ташлайдиган бўлсак, аксинча мусулмонлар ғарбликларнинг ўзларини аёллар ҳуқуқини поймол қилишда, уларнинг ҳурриятини бўғишда, хотин-қизларни хўрлаш ва камситишда айблашга ҳақлироқ туюлади.
Ислом дини бундан ўн беш аср муқаддам аёлни олий мартабага кўтарган. У бутун инсоният Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом тиллари билан «Жаннат оналар оёғи остидадир», «Ўз хотинига меҳр-шафқатли бўлган кишилар энг яхшиларингиздир»..., дея эълон қилганлар. Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хуш муомалада бўлиш, уларни урмаслик, илм олишларига ва динини ўрганишларига шароит яратиб бериш, таом, кийим, уй-жой ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Динимиз ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни ўлдиришни ман этган.
Ваҳоланки, Исломгача бўлган даврларда ва Ислом таълимоти етиб бормаган ўлкаларда яқин-яқингача аёлни инсон сифатида кўришмаган. Ийсо алайҳиссаломга Инжил нозил бўлган даврда ҳам аёллар ҳақ-ҳуқуқи камситилган. Ер юзида аёлга адолат билан қарайдиган бирорта жамият йўқ эди.
Масалан, қадим Ҳиндистонда аёл турмуш қуриш, мерос олиш ва бошқа ҳақлардан маҳрум эди, эри ўлганда у марҳум эри билан тириклайин гулханда куйдириларди. Будда ўз эътиқодига эргашувчиларни аёлга қарамасликка, у билан суҳбатлашмасликка мажбур қилган. Месопотамиядаги шумерларда эридан ажрашмоқчи бўлган аёлни тириклайин дарёга отишган. Қадимги Юнонистонда ҳам аёл хор ва ҳақир саналарди, у бозорда олиб-сотиладиган мол каби бўлган. Юнон маданияти чўққисига чиққани сайин аёлнинг аҳволи оғирлашган. Аёллар завқ воситаси ва шаҳватларни қондирадиган бир эрмак ҳолига келган. Фарзанд кўриш мақсади йўқолган. Аёлларни эридан бошқа эркакларга қўшиш авжга чиққан. Юнон маданияти бундай ахлоқсизлик ва бузуқликлар туфайли тарих саҳнасидан тушиб кетган.
Қадимги Римда ҳам аёл ночор ва бахтсиз бўлган. Янги туғилган бола қиз бўлса, умумий майдонга ташлаб келишар, уни ҳеч ким олмай очлик, ташналик, иссиқ ёки совуқдан ҳалок бўларди. Қизнинг мулк тутиш ҳаққи йўқ эди. Ўша даврдаги Рим аёли қаторасига бир неча бор никоҳланиб, эрлар ўртасида қўлма-қўл қилинарди. Никоҳсиз муносабатлар одатий ҳолга айланганди. Катта ахлоқ муаллимлари зинони оддий иш, деб аташарди. Фаҳш ва эркин зино шунчалик тарқалгандики, бунинг оқибатида Рим империяси ахлоқий ва маънавий таназзулга учраб, барбод бўлди.
Аввалги яҳудийлар ҳайз кўрган аёлдан жирканишар, бирга ўтирмас, овқатланмас, бир хонада бўлишмасди.
Чин – Хитойда аёл инсон саналмас, ҳатто исм қўйишга орлари келиб, «Бир, икки, уч» каби рақамлар билан чақириларди.
Насронийлик дини аёлни «ифлос», «йўлдан оздирувчи», «иблиснинг қуроли» деган сифатлар билан «улуғларди». Айни насронийликдаги роҳиблик эътиқоди, яъни бўйдоқ ўтиш фикри аёл ҳақидаги манфий қарашларнинг натижаси эди.
Милодий 586 йили Франсияда ўтказилган бир анжуманда «Аёл инсонми ёки инсон эмасми?» деган масала муҳокама қилинган. Ўн саккизинчи аср поёнида Франсия инқилоби қулликни бекор қилиш ҳақида қонунни қабул қилар экан, «Бундан гўдаклар, телбалар, аёллар мустасно», деб қўшимча киритган.
Англияда аёллар Инжилга қўл теккиза олмасдилар. Фақат еттинчи асрга келиб, аёллар Инжил ўқий бошлашди. Инглиз қонунида аёл фуқаро саналмас, мулкдорлик ҳаққидан маҳрум эди.
Аёлнинг мустақил мулкдорлиги ҳуқуқини Оврупа Исломдан ўн уч аср кейин тан олди.
Ислом келмасидан олдинги жоҳилият замонида Араб жазирасида ҳам аёлнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган. Эркаклар беҳисоб уйланишар, жорияларини фоҳишалик қилиб пул топишга мажбурлашар, аёл зоти билан бир хонада ўтиришмас эди. Ўша пайтда Қурайш, Ҳинд каби қабилаларда қиз бола туғилса, тириклайин кўмиб юборишдек қабиҳ бир одат бор эди. Қиз туфайли йўқсиллик келиши ёки унинг оилага доғ тушириши, урушда асир тушиб номуси булғанишини ўйлаб шундай йўл тутишарди.
Никоҳ, мулк тасарруфи, ахлоқ соҳасида уларнинг ҳуқуқлари поймол этиларди, иззат-нафслари камситиларди, инсон сифатида хўрланарди.
(давоми бор)
Аҳмад Муҳаммад