Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Исломободда «покистонча баҳор» бўладими? Ёхуд Ғарбнинг «узун қўллари»

2513

Яқинда ағдарилган бош вазир Имрон Хон 1947 йили Ҳиндистон бўлинганидан кейин Покистонни коррупция ботқоғига ботирган икки сулола – Бхутто ва Шарифларнинг алмашиб келаётган ҳукмронлигини синдиришга уриниб келаётган эди. У мамлакатни бошқа йўлдан олиб боришга, яъни АҚШ ва Ғарб давлатлари таъсиридан узоқлаштириб, аста-секин Хитой ва Россияга яқинлаштиришга ҳаракат қилди.  

Хон 24 февраль куни Россияга бориши ҳақида эълон қилгач, Исломобод ва Вашингтон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган ва у сафарни бекор қилишдан бош тортгани учун кескин фикрлар янграган бўлса, ажаб эмас. Бунинг устига, Имрон Хон Москвада номаълум аскар қабрига гул қўяётган бир пайтда рус қўшинлари Украина чегарасини бузиб ўтаётган эди.

Бу “ўзбошимча” раҳбар ўтган ой парламентдаги ишончсизлик вотумини тўхтатиш учун курашаётган вақтда АҚШ Покистоннинг ички ишларига аралашаётганини иддао қилган эди. 

Собиқ крикет устаси ва миллий қаҳрамон ўзининг бош вазирлик курсисидан четлатилишида АҚШ Марказий разведка бошқармасининг ва бошқа агентликларининг муқаррар “қўли бор” деган фикрда.

Америка ўнлаб йиллардан буён бутун дунё кўплаб давлатларнинг ички ишларига аралашиб келади. Ҳукумат архивларининг очилиши билан АҚШ ва Буюк Британиянинг режимларни ўзгартиришдаги кенг миқёсли иштироки ҳақида фактлар ошкор бўла бошлайди. Ажабланарлиси шундаки, 1999 йили собиқ президент Билл Клинтон АҚШнинг Гватемалага қирқ йиллик аралашуви учун кечирим сўраганди. Америка пуллари 1960 йиллардан бери майяларга қарши геноцид актларини, шунингдек, бошқа инсон ҳуқуқларини бузган Гватемала кучларини тайёрлашни молиялаштириб келган.

Президентнинг узр сўраши Тарихий тушунтиришлар комиссияси ҳисоботида Марказий разведка бошқармасининг қатл қилинишидан олдин ўғирлаб кетилган ва қийноққа солинган 200 минг нафардан зиёд тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган урушда иштирок этганини тасдиқлаганидан кейин юзага келганди. Клинтон АҚШ бундан буён репрессив кампанияларда қатнашмаслигига ваъда берди, бироқ минг йиллик бошида Жорж Буш террорга қарши уруш бошлади ва яна минглаб одамлар ўғирлаб кетилди, экстрадиция қилинди ва қийноққа солинди. 

Жанубий Америка сиёсатига кенг кўламли аралашувдан олдин, 1953 йили Эроннинг демократик йўл билан сайланган бош вазири Муҳаммад Мусаддиқни ағдарилиши ортида АҚШ ва Буюк Британия турган эди. 2013 йилда Марказий разведка бошқармаси Мусаддиқ ва унинг ҳукуматини ағдаришдаги ролини тан олди. Бу аралашишга Американинг нефтга қарамлиги ва коммунизмга бўлган патологик нафрат сабаб сифатида кўрсатилган.

Мусаддиқ 1951 йили мамлакат нефть саноатини миллийлаштиришни эълон қилган пайти худди 2021 йил июнь ойида Имрон Хон Покистон тупроғида америкалик ҳарбийлар ҳаракат қилишининг «мутлақо имкони йўқ» дегани каби АҚШни ғазаблантирган эди.

Вашингтон ҳозирда АҚШ таҳдидининг ҳеч қандай шаклига ҳеч қачон бўйсунмайдиган икки давлат – Эрон ва Афғонистонга қарши оғир санкциялардан фойдаланмоқда, ўз навбатида Покистон ҳам худди шундай антиамерика кайфияти учун нишонга олиниши мумкин. Имрон Хонни ағдариш фитнаси санкциялар учун сохта баҳона ўйлаб топишдан кўра қулайроқ бўлгани айтилмоқда. Қолаверса, АҚШ Афғонистондаги барча ҳарбий базалар устидан назоратни йўқотгани учун минтақада қўшинларга муҳтож; Исломободда келишиш осон режим бошқарувга келишидан яхшироқ яна қандай вариант бўлиши мумкин?!

Покистон армиясида ғарбпараст унсурлар бор. Имрон Хон бир қатор юқори мартабали зобитларни алмаштиришга уринганида ана шу кучлар кескинликни келтириб чиқарганди.

Қўшма Штатлар имкони борича Покистон ишларига аралашган ва ҳатто армия Бош штаб бошлиғини тайинлашда ҳам таъсир ўтказган.

15 апрель, жума куни кечқурун Покистон ҳарбийлари Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги Кунар ва жануби-шарқий Хост вилоятларига бир вақтнинг ўзида ҳаводан зарбалар берди, булар Покистон билан чегарадош чекка ҳудудлардир. Бегуноҳ фуқаролар ўлимига сабаб бўлган бу зарбалар Имрон Хоннинг Покистон бош вазири лавозимидан четлатилиши ҳосиласи сифатида кўрилиши керак. У ҳукмронлик қилганда бунга ҳеч қачон йўл қўймасди.

Хон “Толибон” билан муносабатларни яхшилашга урингани ҳам АҚШнинг Исломободда режим ўзгаришини танлашига яна бир сабаб бўлди. Америка минтақадаги ишғолини тугатган бўлиши мумкин, аммо у ерга яна аралашмоқда. Бу шунчаки одатдан воз кеча олмаслик. Бироқ бу гал АҚШнинг бошқа давлат ички ишларига аралашуви жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Покистон халқи бегоналарнинг ўз ишларига аралашишини ёқтирмайди ва Хоннинг ҳокимиятдан четлатилиши бутун мамлакат бўйлаб узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган Америкага қарши кайфиятни кучайтиради ва жонлантиради. Хон тарафдорларининг оммавий йиғинлари («жалсалар») Покистон халқининг ҳолатдан  тўйгани ва янги сиёсий кайфият пайдо бўлаётганидан далолатдир.  Балки “араб уйғониши”нинг Покистон версиясига гувоҳ бўлишимиз ҳам мумкин.

Хоннинг ағдарилиши ва Шариф ва Бхутто сулолаларининг Покистон сиёсатига қайтиши бир даврнинг тугаши эмас, балки мамлакатдаги нотинч сиёсий тўлқиннинг бошланишидир. Тез орада Исломободда “покистонча баҳор” ва Хоннинг қайтишини кўрамизми? Собиқ крикет қаҳрамони энди инқилобчи лидер бўлиш арафасида сиёсатчига айланадими? Нима бўлганда ҳам, бомбалардан озор чеккан Афғонистоннинг камбағал халқи, шунингдек Покистон аҳолиси чексиз сиёсий беқарорликдан кўра яхшироқ нарсага лойиқдир.

Покистондаги ҳозирги аҳвол, мамлакатнинг бошқарувидаги шахслар алмашганидан кейинги ҳолат тўғрисида Azon.uz сайтининг сиёсий эксперти Камолиддин Раббимов қуйидагича фикрларини билдирди.

“Покистон – дунё геосиёсатида, айниқса, Евросиё халқаро ва географик сиёсатида ниҳоятда муҳим давлат. Покистон – мусулмон дунёсидаги ягона ядровий қуролга эга бўлган, муҳим географик жойлашувдаги ҳарбий қудратли давлат ҳисобланади. Қолаверса, бугун дунёнинг икки қудратли давлати глобал салоҳият учун ашаддий рақобатга киришган, бу АҚШ ва Хитой Халқ Республикаси. 

Мана шу глобал рақобатда Покистон жуда катта рол ўйнаши мумкин. Покистон анъанавий ХХРнинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади. Лекин бу иттифоқчиликнинг замирида Ҳиндистонга қарши манфаатлар турар эди. Кейинги йилларда эса, ушбу иттифоқчиликнинг яна бир муҳим таркибий қисми кучайиб борди, бу расмий Вашингтонга нисбатан Исломободнинг ишончсиз ёки салбий қараши бўлди. 

Олдинги даврларда Исломобод ХХР билан қанчалик яқин бўлмасин, Вашингтон билан ҳам анча ижобий алоқаларни сақлаб келарди. Имрон Хон Покистонни ХХРнинг энг асосий ва кўплаб масалаларда Пекиннинг ишончли ҳамкори мақомига кўтарди. Бу ҳолат Евросиёдаги кучлар нисбатини анчагина Пекин фойдасига йўналтираётган эди. 

Энди Исломободда ҳокимият талашуви янгиланар экан, Вашингтон эски форматдаги АҚШга яқин бўлган ҳукуматни шаклланишидан ва бу билан Покистонни ХХРдан қисман бўлса-да узоқлашувига эришишидан умидвор бўлиши табиий”.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев Покистон президенти ва Бош вазирига табрик йўллади

275 19:40 14.08.2022

Покистонда яна сув тошқини: бу сафар қурбонлар сони салкам 190 та 

307 18:35 13.08.2022

Бухоро 2023 йили ШҲТ туризм форумига мезбонлик қилиши мумкин

240 22:30 05.08.2022

Исломобод баёнот берди: АҚШ Ал-Завоҳирийни йўқ қилиш учун Покистон осмонидан фойдаланмади

322 14:02 05.08.2022

Хайриячилар Покистон учун ёрдам сўрашмоқда

285 14:55 03.08.2022

Покистонда яна бир фалокат: вертолёт ғойиб бўлди 

406 11:40 02.08.2022
« Орқага