Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (4-қисм)

2142

Хўш, ислом маданияти қандай маданият? 

У нимани кўзда тутади? Европа маданияти шарҳидан кейин бунинг изоҳига ҳам зарурат туғилган кўринади. Ҳар ҳолда Исмоилбекнинг «Маданияти исломия» номи билан бир китоби пайдо бўлди ва қисқа муддатда икки марта чоп этилди. Маданият, унингча, кишиларнинг турмуши, иш фаолияти, касб-ҳунарга муносабати билан белгиланади ва уларни тахминан учга (ваҳший, ярим ваҳший, маданий) бўлади.

Гап шундаки, маданият ҳеч қачон ёлғиз бир миллатга ёхуд мамлакатга тегишли бўлиб қолмайди. Турли сабаб ва шароитга кўра бирида озроқ, иккинчисида кўпроқ ёхуд бирида бир, иккинчисида бошқа жиҳати нисбатан фарқли ривожланиши мумкин. Бир вақтлар Европа ундан бебаҳра қолган эди, ҳозирда унинг Осиёдан ўсиб кетганлиги ҳаммага аён. Замонида Европа кийим нималигини билмай, мол терисига ўралиб юрган пайтларда Осиё пахта-ипак матоларини танлаб киярди. Ҳозирда осиёлик от-эшак, қайиқ билан ўн кунда юрадиган йўлни Европа темир йўл ё пароходда бир кунда босиб ўтади. Бу маданият даражасининг самараси. Айни пайтда, у бутун инсониятникидир, — дейди муаллиф.

Кимки бу йўлда хизмат қилса, инсониятга хизмат қилган бўлади. Шу жиҳатдан, мусулмон олами инсониятга нима берди? Умуман, унинг хизмати борми?

Исмоилбек шундай савол қўяди ва «Ҳам бордир, ҳам кўпдур» деб жавоб беради. Шундан сўнг 2 муҳим масалага аниқлик киритади.

1. Ислом маданиятининг биргина араб маданиятидан иборат эмаслиги.

Европада кенг тарқалган бу фикрни муаллиф янглиш ҳисоблайди. Дарҳақиқат у ҳодда француз, инглиз, немис зиёлилари бунёд этган илм-фанни «лотин маданияти» дейиш керак, чунки улар шу тилда ёзилган. Ундай демаймиз ва тўғри қиламиз. Ислом маданиятини ҳам ёлғиз араблар яратмадилар. Унда турк, форс, ҳинд ва бошқа қавмларнинг ҳам улуши бор.

2. Ислом маданиятининг антик ва ҳозирги Европа маданияти билан ўзаро муносабати масаласи.

Инсониятнинг энг қадим маданияти, шубҳасиз, Миср ва Юнон маданиятидир. Ҳозирги баравж маданияти эса, Европа маданияти бўлиб турибди. Хўш, ислом маданиятининг ўрни қаерда? Европа олимларининг кўпчилиги бугунги Европа маданияти қадим Миср-Юнон маданиятининг бевосита давомчиси дейдилар. «Ва лекин бу иддаолари янглишдир ва хатодир, — деб ёзади Исмоилбек. — Чунки Юнон маданияти охири ила Оврўпо маданияти бошина қадар кечмиш минг йил олам маданиятсизми қолди? Оврўпо маданиятни тўғри Юнондан олган бўлса, нима учун минг йил уни олмасдан кутиб ўтирди?»

Муаллифнинг атрофлича асослашича, юнон маданияти Европадан олдин ислом дунёсига ёйилган ва мусулмонлар уни тараққий қилдириб, нуқсонларини озайтириб, Европага топширдилар. Аристотель, Платон каби ўнлаб машҳур юнон олимлари асарларини Европага танитганлар мусулмонлар бўлади. Буни Ғарб олимлари орасида эътироф этгувчилар йўқ эмас. Америкалик Драбер «Европа аклий тараққиёти тарихи» китобида «Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир», деб ёзган. Ояти карима ва пайғамбаримиз ҳадислари, саҳобалар эътирофи. исломият маданиятнинг асоси ва манбаи эканлигига далил эмасми?
Дарҳақиқат, Қуръони каримда «илм» сўзи 751 ўринда учрар экан…

Ислом оламидан узоқ юнон маданияти мусулмонлар ҳаётига қандай кириб келди?

Исмоилбек буни VIII асрдан, Аббосий халифа Абу Жаъфар Абдуллоҳ ал-Мансур замонидан деб белгилайди. Илм-фанни севган бу халифа ҳинд олимларидан илми нужум ва ҳайъатни ўрганган. Юнонларда бу фанларнинг тараққий топганлигини англаб, таржима қилишни йўлга қўйган. Қисқа муддатда Бағдод, Шом илму ҳикмат хазиналарига айланади. Бу борада Хорун ар-Рашид, Маъмун каби халифалар катта ҳиммат ва жасорат кўрсатадилар. Ниҳоят, булар ўз самарасини беради.
Исмоилбек ўз фикрларини далиллаш учун кўплаб мисоллар келтиради. Чунончи, механика илми даражасини кўрсатувчи шундай факт келтирилган. Хорун ар-Рашид (763-809) нинг Франция ҳукмдори Буюк Карл (742-814) га юборган совғалари орасида занг чаладиган соат бўлиб, барча европалиларни ҳайрат ва таажжубга солган.

Абу Жаъфар юнон ҳукмдори билан иноқ эди. Афинадан беадад китоб олдирди. Маъмун даврида Птоломейнинг «Мажистий»и таржима қилинди (Яҳё ибн Холид Бармакий). Санад бин Али ва Холид бин Абдулмалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритдилар. Ер куррасининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилди. Сайёрамиз ҳаракатига доир 3 зиж тартиб қилинди. Аббос бин Саййид Жўшарий ибн Исҳоқ бин Касуф, Абдуллоҳ бин Саййид ал-Фарғоний каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга доир кўплаб хатоларини аниқладилар ва қуёш доғлари, ой-кун тутилиши, думлик юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қилинди…

Европа ҳандаса (геометрия) илмини хуросонлик Абулвафонинг ҳижрий 5-аср бошида тузилган «Аз-зижи Шомил» ва «Мажистий»сидан ўрганди. Исмоилбек фикрича, бугунги телескоплар ўша замонларда кашф этилса эди, ислом уламоси «балки Оврўпо уламосина илми ҳайъатда ҳеч бир иш қолдурмаслар эди».

Афсуски, XI асрдан замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан, ғазнавийлар, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан, Чингиз истилоси, учинчи томондан, Қуддуси шариф учун бошланиб кетган «салиб юришлари» ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузиб юборди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, му-наввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, европалилар эса юз йиллик салиб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар.

Ислом маданиятининг ўчоқлари биргина Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанд эмас эди. Бундай марказлар Африка, Испанияда, қўйингки, ислом оламининг деярли барча нуқталарида бор эди ва ҳаммасида илм-фан ривож топди. Биргина Испания ва Африкада етишган ислом уламосининг кашфиётлари ва ёзган асарлари номларининг ўзи, Исмоилбек гувоҳлик беришича, «йигирма жилд» бўлади.

Муаллиф ислом маданиятининг мазмун ва кўлами ҳақида умумий маълумот бергач, «Улуми табиия», «Қонун ва низом», «Тарих», «Ҳикмат», «Тиб», «Адабиёт», «Улуми риёзиййа», «Фани жуғрофия» каби боблар очиб, тасниф этади. Ҳар соҳанинг энг машҳур намояндаларини тилга олади, асарларидан намуна келтиради, баҳолайди. Тасниф ва баҳо кўпинча Европа илм-фани билан таққослаб олиб борилади.

Чунончи, табиий фанлар борасида сўз юритганда, бир қатор соҳаларда «хожа (муаллим)лари ўлан юнонийлардан кўб ўзуб кетган»ликларини, масалан, набототдан «юнон уламосина ҳеч маълум ўлмаян икки минг жинс наботот кашф ва тажруба этилгани»ни, Андалус подшоҳи Абдураҳмон I Қуртабо шаҳри ёнида улкан Ботаника боғи ташкил қилиб, дунё ўсимликларини тўпла-моқ учун Осиё ва Африканинг ҳар томонига махсус кишилар юборганини қайд этади. Шунингдек, ўсимлик-гиёҳларнинг чангланишини аниқлаш, дори ва гиёҳларни шакарда қайнатиб сақлаш, дорихоналар очиш «ислом ҳукуматининг маърифатлари»дан экан. Исмоилбек ер илми, зироат асбоблари борасидаги ўнлаб кашфиётлар мусулмон оламидан олинганлиги европалик олимларнинг ўзлари томонидан қайд этилганини айтади. «Оврўпода бу кунда мавжуд ўлан наботот (ўсимлик) ва ашжор (дарахт) ва чечакларинг кўписи Андалус мусулмонлариндан олинмишдир ва неча аср олдин ўрганилмишдир», деб ёзади.

«Тиб» бобида Хорун ар-Рашиднинг табиби Яҳё бин Мискавейҳ тиббиётга доир 30 жилд китоб ёзгани ва уларнинг арабий, иброний тилдаги нусхалари европаликлар қўлига тушгани, Аб-босийлар даврида етишган Абу Бакр ар-Розий илк бор чечак ва қизамиқни эмлагани, икки юздан ортиқ китоб ёзгани, асарлари XVI асрда итальян тилига таржима қилингани, ундан 50 йил сўнг Эронда яшаган Али бин Аббос юнонийларнинг тиббиётдаги кўплаб хатоларини кўрсатиб, 20 жилд китоб ёзгани, буюк Ибн Синонинг асарлари асрлар давомида Ғарбда дастури амалда келаётгани каби маълумотлар келтирилади.
Ислом олами илмда янги-янги йўналишларни бошлаб берди.

Ҳикмат ва Қуръон оралиғида «Ақоид» ва «Тасаввуф» дунёга келди. Ғаззолий диний ҳикматга доир юзга яқин китоб ёзди. Тасаввуф Муҳйиддин Арабий, Жўнайд Бағдодий, Мавлоно каби улуғ зотларни етказди. «Оврўпода «филўсўф», «мистиқ» дедиклари уламонинг «Сўфиюн» фирқасидир», — деб тугатади «Ҳикмат» бобини муаллиф.

«Қонун ва низом» бобида шариат, мазҳабларнинг жамиятдаги ўрни, Имоми аъзам Абу Ҳанифа, Имом Шофеъи, Имом Молик ва Имом Ханбалларнинг ислом маданияти тарихидаги хиз-матлари ҳақида гап кетади.

«Тарих ёзишга мусулмонлар ҳар миллатдан зиёда хизмат этмишлар, десак жоиздир», — деб бошланади «Тарих» боби. Котиб Чалабий (1609-1658) «Кашфуз-зуннун…»ида 1300 муаррих номини келтирган экан. Исмоилбек уларнинг энг машҳурлари Абул-Фараж, Бурҳониддин, Ибн Халдун, Масъудий кабилар ҳақида маълумот беради, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалардан ҳикоя қилади. Табиий фанлардан «ҳисоб», «ҳандаса», «жабр»ни қайта яратганликлари, «фани махоикия» (машинасозлик), «фани абсор» (оптика)га буюк хизмат қилганликларини далиллайди. Шунингдек, Муҳаммад Бағдодийнинг ер сатҳини ўлчаш ва харитасини тузиш борасида махсус китоб ёзганини маълум қилади.

Бугунги соатларимиздаги «соат» ва «дақиқа» тақсимхоналари мусулмонлар ҳунари бўлиб, ўрта асрларда Абул Ҳасан Мағрибийнинг китобида муфассал баён қилинган экан. Машҳур Умар Хайём ва Абдураҳмон ал-Харожийнинг «Санайи жалолия» ном олган йил ҳисоби Европа Рум (Григорян) календаридан бир неча аср илгари ва аниқ тузилган.

Жуғрофиячи? Батлимус (Птоломей) «Жуғрофия»си Маъ-мун замонига келиб эскирди. Унинг амри билан махсус ҳайъат тузилиб мукаммал жуғрофия китоби — «Расмул-арз» яратилди, олдингисига тузатишлар берилиб, хариталар илова этилди. Ва улар асрлар давомида Европада дастуруламал бўлдилар. Шоҳруҳ топшириғи билан Абдураззоқ Самарқандий Ҳиндистон ва Хитой жуғрофиясини ўрганди: Мирзо Улуғбек кўрсатмаси билан Али Қушчи ернинг кенглик даражасини, сатҳини ўлчашда жуда катта ютукларни қўлга киритди.

Денгиз хариталари мусулмонлар ихтиросидир. 1497 йилда денгиз сафарига чиқиб, кўплаб ороллар кашф этган Васко да Гаманинг арабча ёзилган бир денгиз харитасидан фойдаланганлиги маълум.

Исмоилбек айрим Европа олимларининг «турк халқлари зеҳну салоҳиятдан ноқис ва ожиз бўлганлигидан қора ва паст ишлардан бошқасига ярамайди» деган фикри билан баҳсга киришади. Идрок-истеъдоднинг, зеҳн ва ақлнинг бу халқда бошқалардан заррача ҳам кам эмаслигини, ахлоқ ва одобда, садоқат ва тўғриликда, ор-номус ҳимоясида сайёҳлар тилида келишини таъкидлаб кўрсатади ва ўз фикрларини «Бир халқ(н)инг ё бир қавм(н)инг ахлоқ касб этмаси истеъдоду ақлиясиндан туғар. Ноқис ақлдан мақбул ахлоқ ва адаб туғмас», — деб ёзади. Сўнг мисолларга ўтади: «Олами исломиятда машҳур ва Оврўпо Фарангистон ула-мосина маълум «муаллими соний» номини касб этмиш Абунаср Форобий ҳазратлари турк ўғли турқдирки, ҳам биринчи уламодан, ҳам биринчи ҳукамодандир. Али Ҳусайн ибн Сино ҳазратлари Оврўпода «Ависсина номи ила машҳур ўлан экан. Турк ўғли туркдир. Юнон қавми Буқрот каби табиб ва Арасту каби филўсўф ила ифтихор эдар. Ибн Сино эса, ҳам табиби машҳур, ҳам филў-сўфи нодир эди. Ибн Сино Арастунинг акси дагил эди ва лекин Арастунинг шогирди ўлмаюб, ўзининг истеъдоди ақлия ва зеҳ-нияси ила Арастуя баробар келмишдир. Ибн Сино Бухоро мевасидир…»

«Ғазнавийларинг ва темурийларинг саройлари уламо ва ҳука-мо жамиятлари ила шарафландиги тарихларда ёзилмишдир…» Муаллиф «ҳисса» чиқаради: «Ҳар миллат(н)инг ва халқ(н)инг буюклиги, зўрлиги «чўқлик» («кўплик»), «мол ва касб», «шижоат» ила ўлчанилур эса-да, энг шарафли мезон ва ўлчов «илм ва ҳунар»дирки, буларга эга миллат, халқ энг улуғ, энг буюк халқдир».

Сўнгги боб «Исломият ва маданият» деб номланган. Ундан мазкур рисола XIX аср ўрталарида кечган ислом ва илм-фан мавзуидаги баҳсга ўзига хос жавоб эканлиги маълум бўлади. Исмоилбек Европа матбуотида гоҳ-гоҳ кўзга ташланиб қоладиган «исломият маданиятга мутаносиб эмас» деган фикрнинг келиб чиқиш сабаблари устида тўхтаб, уни чаламулла дин пешволаримизнинг жаҳолатидан кўради. Ҳолбуки, буни аниқлашнинг йўли жуда осон.

  1. Диннинг асосини, қоидаларини ўқиб билмак.
  2. Шу диндаги халқнинг аҳволини ўрганмак.
  3. Ҳар икки жиҳатдан ҳам ушбу диннинг мукаммал бир маданият манбаи эканлиги маълум бўлади.

«Қуръони азимуш-шон бир китобдирки, ҳар нуқгаси воситаи маданиятдир, — деб ёзади Исмоилбек. —Пайғамбаримизнинг ҳадислари ва ғайри аозим ислом(н)инг калимот ва ҳукмиёти бир қонуни филлоҳ ва маданиятдур. Дунёда шариати муҳаммадия қадар ҳаққоният ва мусовот асоси узра таъсис ўлинмиш ҳеч бир мукаммал қонун йўқдир.

Маданиятнинг бош ва аркони ўлан маориф, саъй ва амали иттиҳод, мусовот, ҳуррият, муҳаббати ватан каби авсофи мам-дуҳа дини ислом(н)инг биринчи даражада амр ва тавсия этдиги аҳкоминдандир».

Яна бир далил: бошқа миллатлар ўз олимларини қамоқ ва зиндонларда чиритганида, мусулмон уламоларига юксак мар-табалар берилиб, саройларда, шоҳ дастурхони атрофида умр кечирдилар.

Муаллиф иккинчи масалага — мусулмонлар аҳволига тўхталар экан, арабларнинг «жоҳилият» деб ном олган исломгача бўлган тарихини мисол қилиб келтиради. Ислом бу қавмни тамом янгилади, миллат ҳолига келтирди. Улар юз йил ўтмай, Африка ўрталаридан Самарқандгача, Ҳиндистондан Франциядаги Пириней тоғларигача чўзилган салтанатни майдонга келтирдилар. Қанчадан-қанча халқлар бу динни қабул қилиб, маданиятнинг катта кўчасига чиқиб олдилар. «Оврўпо халқларининг ҳозирдаги ҳунар ва маданиятларина асос уламои ислом(н)инг самаройи саъйи ўлдиғини инкор этиб бўлмас», — деб ёзади Исмоилбек ва бунинг да-лили сифатида бугунги илм-фан, шаҳар маданияти, деҳқончилик, боғдорчилик, экология кабиларнинг ҳаммаси ислом маданиятига бориб тақалишини кўрсатиб беради.

Табиийки, ундаги бу ғоялар муайян билим ва идрокка суянган эди. Туркий халқларнинг ўтмиш маданиятини, руҳиятини теран англашдан, унинг кейинги асрларда тақдир тақозоси билан тушиб қолган тутқун ва турғун турмушини теран идрок этишдан, унга йўл излашдан келиб чиққан эди. Бу жиҳатдан Исмоилбекнинг «Туркистон уламоси» китоби муҳим.
 
Бегали Қосимов,
профессор

(давоми бор)
ziyouz.uz’дан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарихда бугун: Исмоилбек Гаспринский вафот этди

1896 13:30 24.09.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (охирги қисм)

2217 23:00 19.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (6-қисм)

1884 22:00 10.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (5-қисм)

2229 23:00 06.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (3-қисм)

1570 22:00 04.05.2021
« Орқага