«Туркистон уламоси»
Ушбу китоб 1900 йилда Бокуда босилди. Муаллиф «Ноширдан бир сўз»да «Оврўпода улум ва фунун бик оз мунташор улан бир замонда Туркистон қитъасинда ақлий ва нақлий илмлара чолишмоқда эмишлар», — деб изоҳ берган.
Гаспринский замондошларини кўҳна Туркистоннинг юздан ортиқ уламоси билан таништирар экан, уларни саҳни кенг гулшандан саралаб олинган бир даста гул сифатида тақдим этади, ўлканинг нодир истеъдодларга бениҳоя бойлигини таъкидлайди. Китоб ўн фаслга бўлинган. Дастлабки фаслда «Туркистонда етишган уламои машойих, муҳаққиқиндан баъзилари» ҳақида гап кетади. Фасл «шоҳ Нақшбанд» — машҳур Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд (1318-1389) билан бошланади. Муаллиф унинг тасаввуфга дахлдор «Далилул- ошиқин» билан «Ҳаётнома»си «арбоби ур-фон»нинг ҳар доим назар-эътиборида келганлигини хабар қилади. Шайх Нажмиддин Кубронинг «618 санаи ҳижриясинда Чингиз аскари тарафиндан шаҳид» этилганини маълум қилиб, асарларини шарҳлайди.
Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ўнлаб машҳур мутасаввифларга мураббийлигига тўхталади. Гаспринский «жоруллоҳ» Замаҳшарийни, қонуншунос, илоҳиёт олими Абуллайс Самарқандий (1075— 1144)ни (Навоийга дарс берган Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг аждодларидан), «Ахлоқи Муҳсиний»нинг муаллифи Ҳусайн Воиз Кошифий (1440—1504) ни «Муфассири киром» (улуғ тафсирчилар) фаслига киритади. «Шуҳрати таъриф ва баёндин мустағни ўлан» Замахшарий ҳақида сўзлаб, «тафсир, ҳадис, фиқҳ, луғат, баён, наҳв илмларинда замонининг энг биринчиси эди»,— деб ёзади. 20 дан ортиқ китобини санаб кўрсатади. Фақиҳи муҳаққиқ Абуллайсийнинг 7 китобини тилга олади. Ҳусайн Воизнинг 4 китобига тўхтайди. Буюк муҳаддислардан Имом Бухорийнинг 19, Муҳаммад бинни Исо Термизийнинг 6 асари ҳақида фикр юритади.
Китобдаги фасллардан бири «улуми адабия» вакилларига бағишланган. Фасл фороблик Абунаср Исмоил бин ал-Аҳмад Жавҳарий (в. 1003) билан бошланади. Унинг «Тож ул-луғати ва саҳиҳ ул-арабияти» номли луғати келтирилган. Араб тилига оид бу китоб, чамаси, ўз даврида бениҳоя машҳур бўлган. Замахшарийнинг, бу тилни мукаммал эгаллагани учун, «жоруллоҳ» (Оллоҳнинг қўшниси) лақабини олгани маълум эди. Муаллиф келтиришича, Жавҳарийнинг замондошлари ушбу китобни араб уламоси қўлига бериб, «Луғатингазни ажнабий бир одамдан ўрганингиз!», деган гапи машҳур бўлиб кетган экан (10-бет).
Сарф, наҳв, маоний, адаб, мунозара, қофия фанларидан баҳс юритган «Мифтоҳул-улум» («Илмлар калити»)нинг муаллифи хивалик Сирожиддин Юсуф Саккокий (в.1229), унинг ҳамшаҳари «Ҳадойиқус-сеҳр»и билан шуҳрат қозонган Рашидилдин Ватвот (в.1188), «Ан-наҳж» («Усул»), «Наводирул-усул» («Усул жилолари») каби китоблар ёзган Абу Абдулло Термизий (Ҳаким Термизий) (в.816) каби ўндан ортиқ уламо ҳақида маълумот ушбу бобда келтирилган.
Навбатдаги фасл «соҳиби девон машоҳири шуаро» (девон тартиб этган машҳур шоирлар) ҳақида. Унда «Сайрул-ибод»и билан илоҳиёт мавзуига янги йўналиш берган Санойи (в.1054)дан «девони мажор-венгр уламосиндан мусьё Вамбери тарафиндан немис дилина даржима ўлинмиш» Махтумқулигача бор. Муаллиф аждодлари Кеш — Шаҳрисабздан бўлганликларини кўзда тутиб, Амир Хисрав Деҳлавийни ҳам киритган. Шунингдек, мақбараси Табризда бўлган, «илми ҳикмат ва шеърда машҳури замон» Зоҳир Фарёбий (в.1202), «қувваи хаёлияи шоирона»да беназир Шавкат Бухорий (1636 йилда Исфаҳонда вафот этган) каби умрининг сўнгги бошқа юртларда кечган қаламкашлар ҳам ўрин олган. Ахсикатлик шоир Асириддин Ахсикатий (в.1212) ни Анварий (Авҳадилдин Анварий, 1105-1187), Ҳоқоний каби «азим шуаро» қаторига қўяди. Сайфиддин Исфаранги деган шоирнинг шеърлари Улуғбек замонасида ғоят шуҳрат топганини маълум қилади: «Девони ашъори 12 минг байт жамъ ўлуб, аксарият Улуғбек мажлисинда қироат ўлинурди», «Исфара Мовароуннаҳрда бир қасабадур», деб изоҳ беради муаллиф. Паҳлавон Маҳмуд (Пурёйвали)нинг «Канзул-ҳақойиқ»и, Лутфийнинг «мусаввада қолан» шеърий «Зафарнома»си ҳақида ҳам айрим қайдлар учрайди.
Муаллиф Алишер Навоий ва унинг адабий муҳити ҳақида кенг тўхталган. Хусусан, Навоий борасида «лақаби зуллисонайн ўлуб, ҳижратинг тўқузунчи асри авохиринда етишан чиғатой ва Ажам шуаросининг энг машҳурларидандур, бохусус, турк(н)инг «раис ул-шуароси» дея талқин ўлинадур. Илми хат, расм, мусиқи, наққошлиқ санъатларинданда воқиф эди…» (13-бет) деб ёзади. «Мавлоно Жомий ила муосир (асрдош) Лутфий»ни «форсий, бохусус туркий назмда сонийи Алишер» атайди. Султон Ҳусайн Бойқаронинг «қувваи табъи»ни таъкидлаб кўрсатади.
Фаслнинг энг диқкатта сазовор жойларидан бири Ойшайи Самарқандий, Меҳри Нуржаҳонбегим, Лола хотун, Асимий, Иффатий ва Дўхтари Қошғарий — жами 7 «турк шоираси» ҳақидаги фикрлардир. Афсуски, улар ҳақидаги материаллар қайддан нарига ўтмаган. Лекин шу ҳолда ҳам унинг Туркистон адабий тарихини ўрганишда мутахассислар учун фойдали эканлигига шубҳа йўқ. «Туркистонда етишган ҳукамо (ҳакимлар) ва атиббо (табиблар)» фасли Ибн Сино билан очилади. Гаспринский уни «доҳий» атайди. Лотинчага таржима қилинган «Қонун»и «Оврўпо дорилфунунларинда тадрис ўлинурди» деб ёзади. Тил билимини юксак баҳолайди: «Ҳақила воқиф ўлдиғи лисонлар: араби, форси, турки, юнони эди». Фаслда 11 ном келтирилган. Булар машҳур Форобий, Хўжа Фахриддин бин Авҳадий Сабзаворий (1384—1463), Ҳаким Азрақий Марвий, Нажибилдин Самарқандий, Абу Язид Балхий, Абдураҳмон ал-Марзуйи, Абу Иброҳим Гургоний (в. 1137), «Ёдгори тиб»нинг муаллифи Шариф Шарафиддин, «маданияти исломиянинг энг буюк ходимлариндан «50 парча асари вор» Абул Аҳмад бин Табиб Сархуший (в. 897) кабилардир. Алжабр асосчиси Ал-Хоразмий, Нилнинг сувини ўлчайдиған «миқёсул-жадид» асбобини яратган Аҳмад Фарғоний (в.861), Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид — жами 12 киши «нужум, ҳайъат ва риёзия уламоси» сирасида берилган.
Мазкур фаслдаги «Зижи Абу Маъшар»ни тузган, риёзиёт ва илми нужумга оид ўнлаб асарлар ёзган Абу Маъшар Балхий, Қозизода Румий китобига шарҳ ёзган ҳайьатшунос Муҳаммад Чағминий, ҳандасага доир китоблари билан шуҳрат қозонган Шамсиддин Самарқандий (в.1204), олтмиш қадамлик устурлоб ясаган Муҳаммад Хўжандий, Ой ҳақидаги кузатишлари ев-ропаликларни маҳлиё қилган, «Ал бадиъ» («Гўзал яратилиш») асарининг муаллифи Абул Ҳасан, Маъмун «байтул-ҳикмаси» (академияси)нинг бир оғиздан эътироф этилган олими Абдулло бинни Суҳайл ал-Фарғоний каби ҳаёт ва ижодлари нисбатан кам ёри-тилган олимлар ҳақида тўпланган маълумотлар, шубҳасиз, ўзининг аҳамиятини бугунги кунгача сақлаб келади.
Муҳими шундаки, Ғарб ва Шарқни баравар билган Гаспринский туркистонлик ушбу олимлар ижоди Европада қандай ўрга-нилаётганлигига ҳам диққат қилади. Жумладан, Улуғбек «Зиж»ининг 1665 йилги Оксфорд нашри, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Абу Маъшар асарларининг Европада кутиб олиниши, баҳоланишига оид маълумотлар келтиради.
«Туркистон уламоси»да «тарих ва жуғрофия уламоси» ҳақида ҳам боб бор. Ўнта тарихчи киритилган. Буларнинг бир қисми таниш, Хондамир, Табарий, Ҳофизи Абрў, Абдураззоқ Самарқандий. Жамолилдин Абдулло Нишопурий (в.1512), Абу Саид Ал-Марвозий (в.1167), Мир Абдулкарим Бухорий (в.1830) номлари кўпчиликка у қадар маълум эмас. Гаспринский Жамолилдин Нишопурийни асли мовароуннаҳрлик деб таништиради. «Равзатул -аҳбоб» («Дўстлар боғи») номли китоби борлигини, «Китоби так-милуссиноа» («Ажойиботга қўшимча»)сини Навоий номига ёзган-лигини, Абу Саид ал-Марвозийнинг эса 28 жилд (шундан 10 жилди «Тарихи Марв», 8 жилди «Тарихи ансоб») асари борлигини, Мир Абдулкарим Бухорийнинг Туркистон ва Афғонистонга доир бир китоби 1876 йилда Парижда мусьё Шефр томонидан французчага таржима қилинганини бизга етказади.
Гаспринский Туркистон уламоси ҳақида тўхталар экан, бир фаслини махсус фақиҳларга (диний ҳуқуқ олимларига) бағишлайди.
XIX асрнинг охирида яшаган ва дунё кўрган зиёлиларнинг бирортаси ҳам Туркистоннинг ўша давр аҳволидан қаноат ҳосил қилмайди. Исмоилбек хонликлар салтанатининг сўнгги давр аҳволини шундай баён қилади:
«Шоҳ Темур замонинда ҳар бири бир арслон ўлан туркистонийлар бу замонда таъсири зулм ва истибдод ила бирор сочсиз хотин, соқолли заифалар поясина кирмиш эди. Эски илм ва уламодан ҳам деярли асар қолмаган. Холис ва ҳалол (киши) қолмай, узун чопонларга, хилъатларга ўралган риёкор кўпайган эди. Золимлар йўлини тўсадиган шариат аҳли тугаб, золимларга фатво топиб бериб, 5—10 тилла-олтун учун сабоҳдан оқшома қадар «омин», «омин» айтиб, миллатни хароб ва барбод этганлар саноқсиз эди. Қандай бахтсизликки, бир учи Садди Чинга, дигар учи Ўрта ер денгизига чиққан салтанат баҳодирларининг авлоди ёшликда баччалик, сўнг эса баччабозлик ҳаромликлари ичида умр кечирадирлар эди. Умаро ва вукалонинг аксари ё Эрон асирларидан, ё баччалик қилганларидан мансабга кўтарилар эди. Шижоат майдонида Темурларнинг, Шайбонийларнинг исми-шарифлари унутилгани каби илм майдонида Ибн Синолар, Форобийлар, маориф майдонида Али Қушчи, Улуғбеклар ёддан чиқиб, бутун Мовароуннаҳр бир хонақойи паришон ва диёри дарвешон ўлмиш эди. Илм, ҳилм, маориф иззат-нафс ва ҳайсият (ҳурмат-эътибор) риёкорликка айланган эди. Бу сўзлар балки аччиқ сўзлардир, лекин тўғри сўзлардир. Тарих ёзадиган муаррих мадҳия ёзадиган мирза эмас».
Мана шу «хонақойи паришон» ватанга, «дарвеш» ва «риёкор»лар миллатга айланмас экан, Туркистоннинг келажаги йўқдир. Бу биргина Туркистон эмас, бутун Русия мусулмонларига тегишли. Исмоилбек фикрича, аҳволни тузатмоқ учун уч нарса керак: 1. Миллий фикр. 2. Миллий тил. 3. Миллий маориф. Миллий фикр, биринчи навбатда, миллат бирлиги фикридир. Тил ягона адабий тил масаласидир. Миллий маориф она тиддаги таълим-тарбияни йўлга қўйишдир. Фикр ва тилни матбуот тарбия қилади. Матбуот ходимларини етказувчи эса маорифдир. Демак ишни маорифдан бошлаш керак. «Таржимон» ҳам, «усули жадид» ҳам шу мақсадда дунёга келган эди. У ёзади:
«Йигирма беш санадан бери дедигим, ёздиғим, чолишдиғим будир: йўл очмоқ. Бошқа бир нарса эмас. Чунки қудратли, нажиб, умрли, чидамли ва жасоратли бўлган турк миллатининг пароканда бўлиб, Садди Чин (Хитой девори)дан Оқ денгиз (Ўрта ер денгизи)га қадар ёйилиб, нуфузсиз, товушсиз қолиши тилсизлигидан, яъни «Лисони умумия» эга бўлмаганидан майдонга келгандир. Бу эътиқод билан яшадим. Бу эътиқод билан мозорга киражакман».
Миллат ва унинг манфаатини ҳар нарсадан муқаддам ва муқаддас тутган Исмоилбек «Ҳаёт» газетасига йўллаган табригини шундай тугатган эди: «… Лекин ягона шартни — унутма: ҳар на ёзажак эсанг, қаламни уч капиклик қора сиёҳга ботирма, юрагингга ботириб, қонинг билан ёз, сўзинг унар, виждонлара етар, акс ҳолда бесамар кетади».
Бегали Қосимов,
профессор
(давоми бор)
ziyouz.uz’дан олинди