Қуддус ҳокимлиги Ғарбий соҳилдаги Байтуллаҳим (Вифлеем) шаҳри шимолида жойлашган Гило аҳоли пунктида 400 та турар жой қурилиши лойиҳасини тасдиқлади.
Бу ерда яҳудийлар учун турар жойлардан ташқари савдо нуқталари ва ижтимоий объектлар ҳам барпо этилади.
Гило аҳоли пунктига 1973 йилда, Фаластининг Байт Жала шаҳрига қараган тепаликда асос солинган. Ўтган вақт давомида Гило кенгайгани сайин Байт Жаланинг ҳудуди кичрая борди. Оқибатда Байт Жала аҳолиси даромад манбаларидан ҳам айрилиб қолди.
Фаластинлик тадқиқотчи Халил Тафакжининг айтишича, Исроилнинг мақсади бўш турган Фаластин ерларини иложи борича ўз чегараларига қўшиб олишдир.
Аввалроқ Исроил Байтуллаҳим ва Қуддус ўртасида 3700 та турар жой қурилишини маъқуллаган эди.
Халқаро ҳуқуққа кўра, Исроил босиб олган ҳудудларида ўз аҳолиси учун турар жойлар қуриши мумкин эмас.