Якшанба куни Исроил парламенти билдирган ишонч вотумига кўра, “Ямина” партиясининг етакчиси Нафтали Беннет мамлакатнинг янги бош вазири бўлди.
У ҳукуматни икки йил бошқаради, кейин эса коалицион келишувга мувофиқ ўрнини “Еш Атид” партияси етакчиси Яир Лапидга бўшатиб беради. Парламентдаги депутатлардан 60 нафари янги ҳукуматни қўллаб-қувватлади, 59 нафари қарши чиқди. Коалицион ҳукуматга жами саккизта партия, жумладан, арабларнинг РААМ партияси қўшилди.
Шундай қилиб, Исроилда ўн икки йилдан бери бош вазир лавозимини эгаллаб келган Биньямин Нетаньяҳунинг даври ниҳоясига етди.
Парламентда овоз бериш бошланишидан олдин Нафтали Беннет Нетаньяҳуга миннатдорчилик билдирди. “Биз ҳар доим ҳам бир фикрда бўлмаганмиз, бироқ Исроил давлати учун кўп нарсани қурбон қилганмиз”, – деди у.
Жорий йилнинг 23 мартида Исроилда парламент сайлови бўлиб ўтган, бироқ партиялардан ҳеч бири ҳукуматни мустақил равишда шакллантириш учун керакли миқдорда овоз ололмаган эди. Президент Реувен Ривлин Нетаньяҳуга коалицион ҳукумат тузиш вазифасини топширди, у бунинг уддасидан чиқа олмади. Шундан кейин ушбу вазифа Яир Лапидга топширилди. Ҳукуматни шакллантириб бўлмагани сабабли Исроилда охирги икки йилда тўрт марта парламант сайловини ўтказишга тўғри келди.