Исроил Эроннинг ядровий дастури бўйича Венада бўлиб ўтаётган музокараларда эришиладиган ҳеч қандай келишув шартларига амал қилмайди. Бу ҳақда Исроил бош вазири Нафтали Беннет парламентнинг ташқи алоқалар ва мудофаа бўйича қўмитаси йиғилишида айтиб ўтди.
Беннетга кўра, Эрон Исроилнинг асосий муаммоси ҳисобланади.
«Эрон ва унинг тарафдорлари Исроилга унинг чегаралари бўйлаб доимо таҳдид солиб турадиган саккизоёқнинг бошидир», – деди у.
Бош вазирнинг таъкидлашича, «Исроил ҳукумати Эронга қарши узлуксиз мудофаа концепциясидан узлуксиз ҳужум концепциясига ўтмоқда».
Бундан ташқари, у Венадаги ядровий музокараларга тўхталиб, Исроил Эрон билан ядровий келишувнинг тарафи эмаслиги ва музокараларда натижага эришилса, унинг шартларига риоя қилмаслигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Венада Франция, Британия, Германия, Россия ва Хитой иштирокида Эроннинг ядро дастури бўйича музокаралар давом этмоқда. АҚШ музокараларда билвосита қатнашяпти.