Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Фарзандларимга ҳайкалларни ибрат қилиб кўрсатдим...”

2611

Сафаримиз давом этади. Олдидан айтиб қўяй, бугунги ҳикоямиз бироз маҳзунроқ бўлиши мумкин. Кечаги гал бу ҳақда ёзишга тоқатим етмай, атай сўзни бошқа ёққа бурдим, тоғдан-боғдан гапирдим. Чунки бу воқеалар баёни менга ҳам осон эмас. Аммо қанча аччиқ бўлмасин, ҳақиқат яхши! Зотан, атрофимиз шубҳаларга тўлиб ётибди. Айниқса, тарихимиз... Ёлғончи дунё деб бежиз нолиб қўйишмайди...

Қаерга келган эдик? Ҳа, “Везнечилар” (кассирлар) бекатидан чиқиб, Фотиҳ томонга пиёда кетаётган эдик. Аввал Шаҳзода жомеъ масжиди хаёлимизни олди. Сўнгра унинг рўпарасида муҳташам кўринишдаги бино – шаҳар ҳокимияти ўзига жалб этди. Унинг олдида шундай бир ёдгорлик бор эканки... Ҳайкал дейми, ёки ёдгорликми? Балки макет десам, тўғри ифодалаган бўларман? Шишадан қилинган тўртбурчак шаклдаги... тахминан чоғроқ чайладай келадиган жойда... беш-олтита одам макети турибди. Аниқроғи, олдидаги фонтанга эгилган кўйи қотган. Худди тирик одамга ўхшайди. Бу 2016 йили 15 – 16 июль кунлари Туркияда рўй берган давлат тўнтаришига уриниш (турклар буни “дарба” дейди) чоғида шаҳид тушган фуқароларнинг ҳолати акс этган макет-ёдгорлик экан. 

Бу воқеа ҳақида яна ёзаман. Бироқ аввал бошқа машҳур суиқасдни, яъни буюк давлатнинг биринчи раҳбарини жисмонан йўқ қилишга қаратилган машъум террор гапириб берай... Қизиғи, ўша суиқасд ҳам айнан июль ойда содир бўлган экан. "Дарба"дан нақд 111 йил аввал... 

Усмонли халифалигининг 34-султони Иккинчи Абдулҳамидхон ғайридинларга катта “бош оғриқ” бўлганини биламиз. Бир неча бор уни том маънода сотиб олишга уринишади, аммо Абдулҳамидхон ғанимларнинг ноғарасига ўйнамайди, гарчи султон боболаридан “мерос” қолган қарзлар туфайли давлат иқтисодий танг аҳволда бўлишига қарамай. Биргина мисол: “Пойтахт. Абдулҳамид” сериалини томоша қилганлар яхши билишади, у Фаластин ҳудудларидан бир парча ер учун яҳудийлар томонидан таклиф этилган жуда катта суммани хотиржам рад этади. Душманлари султонни ўлдиришдан бошқа чора тополмайдилар. Бир марта овқатига заҳар қўшадилар, фойда бермайди, табиблар қутқариб қолади. Кейинги сафар хизматчилари орқали кўйлагининг ёқасига кучли заҳар суртиб қўйишади, лекин худодан бўлиб ўша куни ўша кўйлагини киймайди. 

Охири Чор Россиясидан армани дошноқларни ва европалик уста ёлланма қотилларни Истанбулга чақиришади. Улар орқасида бомба тайёрлаш бўйича етук мутахассис белгиялик Чарльз Эдуард Жорис ҳам бор эди. Бир ой синов учун соатли бомба тайёрлаб, портлатиб кўришди. Синов муваффақиятли ўтгач, қаерда портлашиш масаласи ўртага чиқди. Султоннинг ҳар бир ҳаракатини кунма-кун, соатма-соат ўрганишади. Маълум бўладики, Иккинчи Абдулҳамидхон ҳар жума куни “Юлдуз” саройининг пойидаги “Ҳамидия” масжидига жума намозини ўқиш учун келади, намоздан сўнг нақд бир дақиқаю қирқ сония (!) ўтгач, фонтун аравасига ўтириб саройга жўнайди. Масжиддан чиқаётганда кимдир: “Султоним, Сизга арзим бор эди”, деб мурожаат қилиб қолса ҳам, “Саройга боринг, ўша ерда гаплашамиз”, дейдию тўхтамай жўнайди. Ҳар жума шу одат – бирор бир истисно бўлмайди.

Суиқасдни 1905 йил 21 июль куни жума намозидан чиқишга белгилашди. Одатдагидек, Султон Абдулҳамидхон “Ҳамидия” масжидига келиб, намоз ўқигани кириб кетади. Террорчилар 80 кг бомба ва яна 40 кг темир парчалари солинган аравани Абдулҳамидхоннинг фойтуни яқинига олиб келиб қўйди. Савол туғилиши мумкин: “Наҳотки, султоннинг қўриқчилари бўлади, уларнинг кўзи қаерда эди?!” Ҳақли савол, албатта.

Туркиялик тарих фанлари доктори Аҳмад Анапалининг англатишича, Усмонли халифалиги зобитлари аёли билан юрган эркак кишини тўхтатишмас, агар фойтун аравада аёл киши бўлса, уни тўхтатишдан ҳаё қилар экан (айтишларича, ҳозир ҳам бундай ёзилмаган қонун амалда эмиш). Қаттол душман шундай жўмардликни суиистеъмол қилишади. Соатли бомба жойлашган аравани аёл киши ҳайдаб келади ва қўриқчилар уни текширишмайди. Суиқасдчилар кўнгли хотиржам бўлиб, ғайримуслимлар учун ажратилган махсус жойга бориб жойлашади ва ўзлари учун масъуд онларни интиқлик ва ҳаяжон билан кута бошлайди. Мушук бекорга офтобга чиқмайди, ахир улар ҳам жуда катта бойликка эга бўлишади, ваъда қилинган сумманинг қанчалигини айтолмайман, ўзингиз фантазиянгизни ишга солиб тахмин қилаверасиз.

Ҳаммаси рисоладагидек кетяпти, жума намози ўқиб бўлингач, айни кутилган вақтда Абдулҳамидхон масжид эшигидан чиқади. Шу пайт орқасидан шайхул ислом рутбасидаги Жамолиддин Афанди деган зот: “Султоним, маъзур кўринг! Сизга арзим бор эди” деб қолади. Абдулҳамидхон неча йиллик ўз одатига терс тарзда орқасига ўгирилиб: “Сизни эшитаман, шайхул ислом афанди, нима гапингиз бор”, дейди. Бир дақиқаю қирқ сония ўтгач жуда катта портлаш содир бўлди. Ҳамма карахт аҳволда турган пайтда Абдулҳамидхон дарҳол ўзига келади ва: "Қўрқманглар! Қўрқманглар! Ҳеч ким жойидан қимирламасин”, дейдию шартта битта отга миниб, сарой томонга чоптириб кетади. Бу портлашда 26 киши ҳалок бўлди, 56 киши яраланди. Яна 22 та от ўлди.

Султон Абдулҳамидхон хавфсизлик хизмати суиқасдни ташкил этганларни аниқлаб, қўлга олади, ҳатто Эдуард Жорисни ҳам. Бутун дунё унинг қатлини кутаётган пайтда қайсидир сабаблар билан дорга тортмайди, балки қўйиб юборади. Энди бу бошқа ҳикоя...

Хўш, бу тарихни Сизга эслатишимдан нима муддао? Саволга савол билан жавоб бераман. Айтингчи, икки марта султонни заҳарлашга эришишда, Абдуҳамидхоннинг қачон-қаерга-нима учун бориши ҳақидаги маълумотларни қўлга киритишда террорчи қотилларга кимлар ёрдам берган? Ким? Оддий халқми?

Шуларни мулоҳаза қилиб туринг. Унгача мен 2016 йил 15 июлга қайтиб, “Дарба” операцияси қандай содир бўлгани ва қай тариқа барбод бўлгани ҳақида сўзлаб тураман.

•  Расмий хабардан: 2016 йил 15 июль куни Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг бир гуруҳ аскар ва офицерлари давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш қилган. Асосий воқеалар Истанбул ва Анқара шаҳарларида юз берган. 251 киши ҳалок бўлган. 2 мингдан ортиқ киши яраланган. Тўнтариш ташкилотчиси сифатида сиёсатчи ва диний раҳнамо Фатҳуллоҳ Гулен гумон қилинади. Гулен 1999 йилдан буён АҚШда яшаган. Ушбу воқеалардан кейин 50 минг киши ҳибсга олинган. Давлат муассасалари 140 минг кишини ишдан четлаштирган.

2016 йили 15 июлдан 16 июлга ўтар кеча туркияликлар ухламаган. Улар ўзлари сайлаган “давлат башкан”и Ражаб Тойиб Эрдоғанни ва у бошлиқ қонуний ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий равишда кўчага отилганлар. Танклар қаршига тикка бориб, хоинларнинг ўз режаларини амалга оширишларига қарши бўлганлар. Алал-оқибат ўз мақсадларига эришиб, фитначиларнинг уринишини пучга чиқарганлар. Буни миллат қаҳрамонлиги деса бўлади.

Ҳокимият олдидаги макетларга келайлик. Улар турли ёшдаги кишилар бўлиб, бошларидан ўқлар ёмғири ёғилиб турганига қарамай ортга чекинмайдилар. Ўлишлари мумкинлигига ақллари етиб, бу дунёдан бетаҳорат кетишга кўнгиллари бўлмай, ҳокимият олдидаги фавворадан таҳорат олишга киришадилар. Шу ҳолларида улар давлат хоинлари томонидан отиб ташланади. Уларнинг ёши турлича, “чолларам бор, болларам...”

Ватан соғ бўлсин, деб жон берадиган, буни шаҳодатни кўзлаб (бу туркча ибора, аниқ таржима қилолмадим, тахминан, шаҳид бўлишдан умидвор бўлиб дегани бўлса керак, аниғини дўстим Аброр Ўзбекдан сўраб оламан), ўлимга тикка борадиган бу мард инсонларга қараб беихтиёр: “Тирик-ку булар”, деб юбордим. Шунда Аллоҳ йўлида шаҳид кетганларни ўлик деманг, маъносидаги ояти карима ёдимга келди.

Ўша куни шошиб турганимизни айтдим. Эртаси куни айнан шу ерга келиб, Ўзбекистондаги фарзандларим билан видео алоқа шаклида боғландим. Уларга мана шу ИНСОНларнинг макетини кўрсатиб, бошларидан кечирган воқеаларни сўзлаб бердим. Ватанни севиш, унинг учун жон бериш оддий-одатий гап эмаслигини, баландпарвоз ва сийқа ибора эмаслигини тушунтирдим. Фарзандларим жудаям мутаассир бўлишди. Ўзимнинг ҳам бўғзимга йиғи тиқилди. Алоқани узиб, ич-ичимдан йиғладим. Умримда илк марта ҳайкаллардан хушландим (буям туркча ибора). Яъни кўриб мамнун бўлдим. Шаҳиди аълоларнинг руҳига тиловат ва дуойи хайр қилиб йўлимга кетдим. Кўзимдан беихтиёр ёшлар оқар ва бундан хижолат бўлиш хоҳишим ҳам йўқ эди.

Бу ҳолатни бежиз келтирмадим. Мақсадим турк қардошларимизнинг ватанпарварлик фазилатларини мақташгина эмас. 

Юқорида “Юлдуз суиқасди"да қотилларга кимлар ёрдам бергани ҳақида ўртага савол ташладим. Жавоб маълум, озгина дунё матоҳи учун юртини, раҳбарини сотган айрим манфур сарой аъёнлари. Амалдорлар!

“15 temmuz” (2016 йилги ҳодисани шундай дейишади) фитнасини, ёки ўз номи билан айтайлик, давлат тўнтаришга уринишни кимлар уюштирди? Давлат хизматидаги юқори рутбали амалдорлар. Оддий халқ эмас! Аксинча, миллат вакиллари, оддий одамлар эса жонини тикиш ҳисобига Ватанни хоинлар қўлига ўтишига йўл бермади. Бир сўз билан айтганда, ҳурматли Эрдоған жаноблари энг қийин пайтда халққа орқа тутди, миллат ҳам уни ташлаб қўймади. Ўзи халққа суянган давлат кучли, қудратли бўлади. Буни “Темур тузуклари”ни ўқиганлар яхши билади, Соҳибқирон бобомиз ҳам айни шу йўсунда давлат қурган, сиёсат юритган. Давлат тўнтаришга уринувчи хоинларни оддий халқ орасидан эмас, саройлардан, амалдорлар орасидан қидириш керак. Оддий одамларга ҳокимият керак эмас, уларга адолатли бошқарув бўлса, кифоя.

Адолат! Адолат! Адолат! Бўлди, бошқа нарса керак эмас...

Яна нима дейишим мумкин? Ҳа, шу кундан бошлаб интернетдан 2016 йил 15 – 16 июль воқеаларини кўришни бошладим. Айрим кунлари бу ўрганишлар тонггача уланиб кетди. Ҳар бир кўрган видеоларим менга олам-олам таассурот берди, таъсирлантирди, аксарияти йиғлатди. Сизларга ҳам ўша видеоларни кўришни тавсия қиламан.

Эртанги саёҳатимиз кўпгина дўконлари ёпиқ бозорга бўлади. Истанбулда ўзбек маҳалласига айланиб улгурган “Лолали”да нималарни кўрдим? Латиш хоним менга нималар деди? Қўрқинчли туш кўрган кечам... Сафарда синалган дўстим... Туркияда танилган ёш ўзбек олими ҳақида ўйлаганларим... Хуллас, кейинги суҳбатларимиз кўтаринкироқ бўлишига ваъда бераман.

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири 
Тошкент-Истанбул-Тошкент

9-қисмни ўқиш
11-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

БАА ва Нидерландия компаниялари Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциялари қуради

110 09:18 20.01.2022

Шавкат Мирзиёев ва Дмитрий Козак минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашди

188 08:25 20.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: рибавий маҳсулотларда икки томондан қабз қилиш

371 22:05 19.01.2022

Вулқонлар отилиши иқлимга қандай таъсир қилади?

409 21:05 19.01.2022

Динимни ўрганаман: Тилла ва кумуш тақинчоқлардан закот бериш ҳақида

300 20:05 19.01.2022

Индонезия пойтахти чўкиб кетмоқда, қутқаришнинг иложи борми?

1170 19:05 19.01.2022
« Орқага