Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Фотиҳ туманида қанча масжид бор?”

5057

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм)

Яримда тунда Истанбул аэропортидан Фотиҳ тумани Чоршанба маҳалласига келиб жойлашдик. Бомдодга озгина вақт бор экан, ўринларимизга чўзилдик. Ўзбекистон билан Туркия орасида икки соатлик фарқ бор. Мана шу жиҳат бизга қўл келди, яъни тунимиз икки соатга узайди. Озгина ухладик-ухламадик, баланд овозлар шовқинидан уйғониб кетдим.

Бу – ҳамма мақтайдиган, тўлқинланиб гапирадиган, Истанбул масжидларидан янграётган азон овозлари эди. Тўғриси, биров муддат жим қолдим. Бўғзимга ҳаяжон тиқилди. Кўзимга ёш келмасаям, юрагимда қувонч, шу билан бирга, қандайдир ўкинч бор эди. Бу гўзал манзарани бундан 20 йиллар муқаддам ЎзТВда ишлаётганимизда устозим, шоир ва драматург Тўра Мирзо Жабборов жудаям тўлқинланиб айтиб берган эдилар (кейинчалик ҳам қайта-қайта гапираверардилар). Бошқалардан эшитиш – бошқа, ўз қулоқларинг билан, шоирона айтганда, юракларинг билан эшитиш бутунлай бошқа экан. Бундай гўзал манзара қаршисида лол эдим, ичимда исмсиз, номсиз туйғулар ғужғон ўйнайди. Беихтиёр Яратганга шукроналар айтаман... Истанбул осмонида тонг бўй кўрсатмоқда эди. Биз турган иморатнинг учинчи қаватида бизнинг айвонларга ўхшайдиган балкон, ёки тескариси, яъни балконларга ўхшайдиган айвон бор экан. Шу ерга чиқиб ташқарига қарадим. Илк кўзимга ташланган: бири қайсидир мақбараларни эслатиб юборадиган гумбазли бино, бошқаси пойтахтимиздаги Вазирлар Маҳкамасини эслатиб юборувчи катта, оқ мармардан қурилган, ҳар бир қаватининг шифтлари баланд-баланд бўлган етти қаватли муҳташам иморат хаёлимда муҳрланиб қолди (улар ҳақида кейин гапириб бераман). 

Дарров таҳорат олиб, масжидга йўналдим. Исмоил оға жомеъ масжиди энг яқинларидан бири экан. Ўша ерга кирдим. Кирдиму... Худди авлиёлар ҳақидаги кинолардан бирининг ичига тушиб қолгандай ҳис қилдим ўзимни. Ушбу файзли жомеъ жамоати асосан нақшбандия тариқати мансублари бўлгани учун ҳамма чопон-саллада эди. Битта мен бош кийимсиз бўлганим учун бироз ўнғайсизландим, аммо не ажабки, биров олақараш қилмади, дакки бермади. Кейинчалик ҳам кўрдимки, нафақат масжидларда, балки бошқа жойларда ҳам бошқаларга дакки бериш урфмас экан, яъни биз кўриб-билиб юрган масалаларда...

Намозни адо қилиб кўчага чиқсам, қайсидир масжидда бомдод ўқиб келаётган Мубашшир домлани учратиб қолдим. “Юринг, бир денгиз бўйига айланиб келамиз”, дедилар. Масжиднинг орқа эшигидан чиқиб, бетон ғишт (брусчатка) ётқизилган тор, аммо ўзгача файзли кўчадан юриб кетдик. Кетаётиб пастда жойлашган сунъий қопламали майдонга кўзим тушди. Бу жойда маҳалла аҳли, ёшу қари жисмоний тарбия билан шуғулланар экан. Одатий ҳол экан бу... Шароитлари ҳавас қилгудек.

Озгина юргач, бир маҳобатли масжид ёнидан чиқиб қолдик. Бу XVI асрда Усмонийларнинг таниқли халифаларидан бири Ёвуз Султон Салим томонидан Халич бўғози ёқасидаги тепаликда бунёд этилган масжид экан. Масжид ёнидан ўтиб, денгиз кўриниб турадиган жойга бордик. Тепамизда бир тўда балиқчи қушлар учиб юрибди. Пастда денгиз, яъни Халич бўғози. Соҳил ёқасидаги уйлар... Мубашшир домла денгиз манзарасини, атрофда ўралашиб юрган, гоҳида балиқчи қушлардан емиш қизғониб, уларни қувалаётган мушукларни, улардан ҳатто итлар ҳам қўрқишини... шунга ўхшаш бошқа қизиқарли гапларни гапиряптилар. Мен берилиб тинглаётгандай ора-чира “ҳа, ҳа”, деб турибман, аммо фикру хаёлим орқамиздаги қадимий масжидда. Масжиднинг деворию саҳнигача мармардан қурилган экан. Ҳатто 50 метрлар чамаси бўй чўзган миноралари ҳам... Мана шу маҳобатли жомеъ орадан беш юз йил ўтганига қарамай ҳалиям оҳорини тўкмагандай кўзларни қувнатиб турибди. Эгаллаган ўрни ҳам баҳаво, баланд тепалик... Қурганларнинг маҳоратига балли!

Уйга қайтишда масжид дарвозасидан чиқишимиз билан ўнг томондаги ўқув даргоҳига кўзим тушди. Махсус хотин-қизлар лицейи экан. Ҳозирдан ўқувчилар қимирлаб қолган. “Бу каби ўқув юртлари олдида баъзи савобталаб кишилар катта-кичик юк машинасида келиб, машинасининг юкхонасини талабаларга, муҳтожларга текин овқат тарқатиб туради”, – тушунтирдилар устоз, – “Айниқса, турли хорижий мамлакатлардан келган мусофир илми толибларга ош-овқат едириш турк қардошларимиз учун энг ёқимли иш. Хуллас, Истанбулда одам оч қолмайди. Хайру саховат қиладиган яхши одамлар кўп”.

Уйга келганимизда бошқа масжидга – Фотиҳга бомдод ўқигани кетган шерикларимиз ҳам етиб келишибди. Ўзимиз билан Ўзбекистондан олиб келган нозу неъматлар билан дастурхонни тўлдириб нонушта қилишга киришилди. Устоз ва Ҳусан Мақсуддан бошқалар Туркияга илк бор келишимиз, шунинг учун биримиз қўйиб биримиз ҳаяжонли таассуротларни бир-биримизга гап бермай айта бошладик. Кимдир Фотиҳ масжидининг маҳобатидан гап бошласа, кимдир имомнинг гўзал қироатидан ҳайратланганини ифода этади. Дарвоқе, биз боргунимизча Ҳамза, Абдураҳмон, Муҳаммадий ва бошқа укаларимиз барча шароитларни бадастир қилиб қўйишган экан. Ҳатто еб-ичиш учун ҳам турли-туман маҳсулотлардан сотиб олишибди. Аллоҳ рози бўлсин, жудаям мамнун бўлдик. 

Нонуштадан сўнг Мубашшир домла бугунданоқ ишга киришимизни айтиб, ҳаммага тегишли вазифаларни бўлиб бердилар. Чунки бугун пайшанба, яъни ҳафтанинг охирги кунлари, шанба-якшанба куни маъмурий идоралар умуман ишламас экан. Мен, Ҳамза ва Муҳаммад Амин академияга зарур бўладиган рўзғор буюмлари олиш учун бозорга жўнадик. Йўл-йўлакай кета туриб атрофга қарайман, тор йўлнинг икки чети беш-олти қаватли турар жойлардан иборат. Уларнинг биринчи қаватида турли туман ашёлар сотишга мўлжалланган дўконлар, чойхона, кафе, чевархона, музқаймоқхона, дорихона каби ижтимоий соҳа объектлари, бир сўз билан айтганда, тирикчилик ўтказадиган даргоҳлар жойлашган экан. Бир жойда катта қурилиш кетяпти. Катта плакатга ёзилган қурилиш ҳақидаги маълумотларга кўз югуртираман: “Қози аскар Мустафо Афанди мадрасаси”. Унинг рўпарасида қайсидир вақф томонидан яна бир Қуръон курси қурилмоқда.

****

Маълумот ўрнида: Фотиҳ туманида 450 мингга яқин киши истиқомат қилади (2019). Бу расмий рақам, норасмийси тахминан 600 минг нафарни ташкил этади. Истанбул Туркиянинг юраги бўлса, Фотиҳ Истанбулнинг юраги дейиш мумкин. Константинопол шаҳри айнан мана шу туман ўрнида бўлган. Машҳур Аё София мажмуаси ҳам, Айюб Султон майдони ҳам, Фотиҳ, Сулаймония, Айюб Аҳмад, Янги жомеъ, Ёвуз Султон Салим каби қадимий масжидлар ва бошқа тарихий обидалар ҳам асосан мана шу туманда жойлашган. Фотиҳда 182 та жомеъ масжид, 27 та диний билим юртлари фаолият кўрсатмоқда.

***

Озгина юргач, машҳур Фотиҳ жомеъ масжидига етиб келдик. Бу жой битта масжиддан иборат эмас, балки катта бир мажмуа экан. Чиройли мармардан қурилган маҳобатли масжиднинг ички ва ташқи ҳовлиси бор бўлиб, тахминан бир гектар келадиган ташқи ҳовлиси мисоли бир сайлгоҳ: ёшу қари, миллати, дини, ирқи, кийиниш маданияти турли-туман бўлган кишилар маданий ҳордиқ чиқариб юрибди. Усти ёмғир-қордан панали ўриндиқларда кимдир енгил таом еб, бошқа биров газетани икки айириб мутолаа қиляпти, яна кимлардир бир-бири билан суҳбатлашиб ўтирибди. Фотиҳ тумани муфтийлиги ҳам шу ерда жойлашган. Тошкентдаги Ҳасти имом мажмуасига ўхшатса бўлади, менимча. Лекин баланд деворлар билан ўралган масжиднинг олтита дарвозаси бор. Шундай илоҳий сакинат борки, беихтиёр ичингизга хотиржамлик инади, фарахбахш туйғулар юрагингизни энтиктириб юборади.

Масжид олдида қабристон ва машҳур Фотиҳ Маҳмуднинг мақбараси бор. Ён томонида қадимий ҳаммом. Яна қизлар ва ўғил болалар учун Қуръон курслари, шунингдек, 1 – 4-синфлар учун диний таълим ҳам бериладиган бошланғич мактаб (турклар уни илк ўкул дейишар экан), диний таълимга ихтисослашган ўрта ўкул (мактабнинг 5 – 8-синфлари учун) ҳамда қиз ва ўғил болалар Қуръон лицейи жойлашган экан. Ҳаммом ишламайди шекилли, у ерда ҳам турли ёшдаги кишилар (асосан, хорижликлар) учун бепул Қуръон курси очилган экан. Масжиддаги таҳоратхона ертўлада бўлиб, унга тушиш учун эркаклар ва аёлларга алоҳида-алоҳида лифт ҳамда эскалатор ишлаб турибди. 

Масжиднинг нариги дарвозасидан пастдаги кўча тушдик. Озгина юриб, йўл бўйидаги дўконлардан бирига кирдик. Олдидан кичкина дўкондай туюладиган жой аслида биздаги супермаркетлардай келадиган савдо маркази экан. Яъни уч қават пастга, ертўлага тушиб бораверар экансиз. Лоф эмас, ушбу савдо дўконида “йўқ нарсанинг ўзи йўқ!” Бизга дўкон ходимаси, асли эронлик аёл Сахва чин кўнгилдан ёрдамлашди. Биз ярим тожикча, ярим туркча қилиб нима кераклигини тушунтирамиз, у бизга ўша анжомнинг икки-уч баробар арзонини топиб беради. Аллоҳ рози бўлсин ўша мусофир аёлдан, жудаям хурсанд қилди бизни.

Бир дунё юк билан ташқарига чиқдик. Таксида кетмоқчи эдик. Бўш такси келавермайди, келгани ҳам буюртма бўйича чақирувга кетаётган бўлади – тўхтамайди. Биздаги каби қўл кўтаришингиз билан ҳар қандай машина тўхтайвермас экан, хуллас. Фақат сариқ рангга бўялган алоҳида таксилар хизмат қиларкан. Ниҳоят бир ёши каттароқ таксичи тўхтади. Борар жойимизни тушунтирдик, рози бўлди. 15 лира сўради. Солиштириш учун айтай, автобусда борганимизда 4 лирадан уч киши 12 лира тўлардик. Ҳайдовчи ажойиб одам экан, бизнинг ўзбекистонлик эканимизни билиб, алоҳида ҳурмат кўрсатди, Нақшбандий бобомизни эслади, табиийки, сиёсатдан гапирди, жудаям теран фикрлайдиган одам сифатида таассурот уйғотди.

Олган нарсаларимизни жойладигу пешин намозига шошилдик. Шошилиш – шайтондан деган гап ҳақ, биз кўча эшигининг калитини ичкарида қолдириб кетган эканмиз. Деразаларга панжара қадалган, хуллас, кўчада қолдик... 

 

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев ва Дмитрий Козак минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашди

125 08:25 20.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: рибавий маҳсулотларда икки томондан қабз қилиш

365 22:05 19.01.2022

Вулқонлар отилиши иқлимга қандай таъсир қилади?

395 21:05 19.01.2022

Динимни ўрганаман: Тилла ва кумуш тақинчоқлардан закот бериш ҳақида

287 20:05 19.01.2022

Индонезия пойтахти чўкиб кетмоқда, қутқаришнинг иложи борми?

1128 19:05 19.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

403 18:30 19.01.2022
« Орқага