Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Жума намозини Аё Софияда ўқидик...”

5057

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм)

Рўзғор учун сотиб олган нарсаларимизни жойладигу пешин намозига шошилдик. Шошилиш – шайтондан деган гап ҳақ, биз кўча эшигининг калитини ичкарида қолдириб кетган эканмиз. Деразаларга панжара қадалган, хуллас, кўчада қолдик... 

Ўзингга ёқмаган ишда хайр бор! Акам шу гапни кўп такрорлайдилар. Дарҳақиқат, шундай. Буни кўп бора бошимдан ўтказганман. Бизнинг каловланиб турганимизни кўрган икки йигитча келиб, араб тилида нима бўлганини сўради. Вазиятни ярим арабча-ярим туркча қилиб тушунтирдик. Улар қўшни уйда ижарада турадиган малайзиялик ва индонезиялик талабалар экан. Бизга ёрдамга шошилди. Индонезиялик Эдди эпчилгина экан, дараза панжарасига осилиб чиқиб, иккинчи этаждаги деразадан ичкарига кирди ва катта ноқулайликдан чиқарди бизни. Яхшиям иккинчи этаждаги дераза қулфланмаган экан. Шу баҳона улар билан қадрдонлашиб қолдик. Улар олти киши экан, ораларида сингапурлик йигитлар ҳам бор бўлиб, барчалари қайсидир вақфга қарашли мадрасада ўқишар экан. Шароитларини сўрадим, жудаям зўр дейишди. Бепул... Бизнинг ҳам исломий академия очаётганимизни эшитиб, хурсанд бўлишди...

 

Истанбулдаги масжидларни кўриб, имкон қадар ҳар намозни бошқа-бошқа масжидда ўқишга қарор қилгандим. Биз турган уйдан юз метрча юриб каттароқ кўчага чиқилади. Чап томонга 30 метр юрсангиз Исмоил оға жомеъси бўлса, ўнг томонга 27 метр юрсангиз, Ажамўғли масжиди бор. Асрни ўша масжидда ўқидим. Шомни юз метр наридаги Ҳиромий пошо масжидида, хуфтонни эса Фотиҳ жомеъсида ўқидим. Ушбу масжид ичига кирганимдаги ҳайратимни, қанча гапга уста бўлмай, таърифлаб бера олмайман. На ҳайбат, ана маҳобат, ана санъат! 

 

 

Бомдодга азон айтилаётган пайтда Ёвуз Султон Салим масжидига қараб йўл солдим. Бу масжид ҳам Фотиҳдан қолишмайдиган даражада катта экан. Биз турган иморатнинг учинчи қаватидан қараб, бири қайсидир мақбараларни эслатиб юборадиган гумбазли бино, бошқаси пойтахтимиздаги Вазирлар Маҳкамасини эслатиб юборувчи катта, оқ мармардан қурилган, ҳар бир қаватининг шифтлари баланд-баланд бўлган етти қаватли муҳташам иморатни кўрганимни ёзгандим.

Бомдоддан қайтишда атай бошқа кўчадан юрдим. Йўлимдан ўша мақбарасифат гумбази бор иморат чиқиб қолди. Яқинроқ бориб қарасам, дарвозасининг тепасига Маснавийхона деб ёзиб қўйилибди. Жалолиддин Румий ҳазратларини турклар қанақа ардоқлашини яна бир карра гувоҳи бўлдим. Ўзи дўконларга кирсангиз, Румийнинг қайсидир байтини ёзиб қўйилганини кўрасиз. Алоҳида Маснавийхона ҳам қуришган экан, қойил. Унинг рўпарасида Исмат Афанди деган нақшбандия тариқати шайхининг такяхонаси (дарсхона десак бўлар), яна 1515 йили қурилган Тавқий Жаъфар масжиди ва ҳаммоми жойлашган экан. Бир жойда учта маърифат маскани!

Озгина юриб, кўчани тозалаётган фаррош кишини учратиб қолдим. Ундан “Мана бу масжид ишлайдими?” деб сўрадим. У менга бироз ажабланиб тикилиб турди-да, албатта ишлайди, деди. Назаримда бу одам соғми ўзи дегандай ғалати қараш қилди. Кейин: “Масжид бўлади-ю қанақасига ишламасин?!” деб қўшиб қўйди елкасини қисиб. Навбатдаги саволимга: “Маснавийхона ҳам ишлайди. Фақат соат тўққиздан очилади”, деб жавоб берди.  

Виқор билан кўкка бўй чўзиб турган ва мен Вазирлар Маҳкамасига ўхшатган бино эса, Исмоил оға масжидига қошидаги Қуръон курси биноси экан (бу даргоҳ билан боғлиқ бир ғалати воқеа юз берди, мавриди билан айтиб бераман).

 

Истанбул, айниқса, Фотиҳ тумани шунақа таассурот уйғотадики, худди тарихий иморатлар орасига замонавий бинолар қуриб чиқилган дейсин. Яъни ўзингизни гўё тарихда юргандай ҳис қиласиз. Уларни босқинчилар босиб, масжид, мадраса, минора каби азиз биноларини бузиб ташламаган, омборхона, молхона, чўчқахонага айлантириб юбормаган экан. Қизиқ воқеа бўлди. Эминўни майдонида бир сотувчидан мана бу масжиднинг номи нима деб сўрасам, “Ени жамий” (Янги масжид) деб жавоб берди. Яқинда қурилганми, десам, кулиб: “Ҳа, яқинда қурилган. 500 йил бўлди, холос” дейди. Бу беозор ҳазилдан ҳам маза қилиб кулдим, ҳам қойил қолдим.

Истанбулда 3 мингдан зиёд жомеъ масжид бор. Шуларнинг учтаси ва иккита энг машҳури Султон Аҳмад майдонида жойлашган. Бугун жума намозини маълум ва машҳур Аё София жомеъ масжидида ўқийдиган бўлдик. Византия, яъни Шарқий Рим империясининг пойтахти Константинопол, ҳозирги Истанбулдаги Аё София милодий 532 – 537 йилларда император Юстинианус томонидан қурилган ва деярли минг йил давомида дунёнинг энг катта черкови бўлиб саналган.

Константинопол 1453 йилда Фотиҳ Султон Маҳмуд томонидан фатҳ этилгач, шаҳар номи Исломбўлга ўзгартирилади ва кейинчалик Истамбул дея атала бошланди. Шундан сўнг Аё София масжидга айлантирилади. Ўшанда шаҳар аҳолиси мусулмонлардан қўрқиб ҳаммалари Аё Софияга кириб, беркиниб олишган эди. Султон Маҳмуд эса Исломнинг бағрикенглигини кўрсатиб, уларнинг ҳаммасини кечирган ва моли-жонини омон қолдирган. Муҳаммад Али эсдалик учун суратга олиб қўйишимни илтимос қилди.

Шундан кейин Аё София 481 йил мусулмонларнинг масжиди бўлиб хизмат қилади. 1934 йил эса Мустафо Камол Отатурк қарори билан музейга айлантирилади ва ҳозирги кунгача сайёҳлар зиёрат қиладиган музей эди. 2020 йили 10 июль куни Туркия Олий суди ушбу қарорини бекор қилди ва Аё София яна қайтадан масжидга айлантирилди.

Аё Софияга киришда чап тарафда Туркия масжидларида бўлгани каби юмалоқ шаклда қурилган таҳоратхонани кўрасиз. У 1740 йилларда бунёд этилган. 

Аё София обидаси Султон Аҳмад майдонида жойлашган. Унинг шундоққина рўпарасида турк меъморлари томонидан бунёд этилган Султон Аҳмад жомеъ масжиди жой олган. Ўртада бир фаввора ва Ҳуррам Султон ҳаммоми бор, холос. Султон Аҳмад масжиди «Мовий ранг масжид» номини у мовий ва оқ бўёқлар билан чизилган ўзига хос керамик кошинлари сабабли олган, шу боис масжид ичидан мовий рангда кўринади. Унинг яна бир ўзига хос тарафи унда тўртта эмас, олтита минора борлигидир. Қурилиш ишлари Усмонли султони биринчи Аҳмад раҳнамолиги остида 1609 – 1616 йиллари амалга оширилган. Масжидда бир вақтнинг ўзида 10 минг киши намоз ўқиши мумкин. Гумбазининг баландлиги 43 метр, айланаси 23,5 метр. Олтита минораси мавжуд бўлиб, уларнинг узунлиги 64 метрдан иборат. Бу майдонда дунёнинг турли бурчакларидан келган нигоҳларида ҳайрат ва ҳайронлиқ тўла сайёҳларни учратасиз. Ора-сира қулоғингизга ўзбекча гаплар ҳам кириб, ҳаяжонлантириб туради.

Жума намозини адо этиб чиққач, ҳамроҳларимни тополмай қолдим. Аё Софияга кириб кетишда намоздан кейин шу дарвоза олдида учрашишга келишган эдик. Аммо чиқишда қўриқчи ходимлар бизни бошқа дарвозадан чиқишимизни айтишди. Яъни тартиб учун бир дарвозадан кириб, иккинчисидан чиқиб кетиш йўлга қўйилган экан. Кейин билсам, ҳамсафарларим Аё Софияда юртимиздаги таниқли шайхлардан бирини учратиб қолишган экан. 

(давоми бор)

Тошкент-Истанбул-Тошкент

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россиядаги мигрантларнинг Ўзбекистонга қайтиши қандай оқибатларга олиб келади?

431 20:35 28.09.2022

Темурнинг охирги юриши

261 20:05 28.09.2022

Россияда хусусий самолётларда парвозларга талаб кескин ошди

223 18:25 28.09.2022

«Пахта иши»: Президентга мурожаат сабаблари. Россия-Украина: бизнес зарарда(ми?)

206 18:05 28.09.2022

44 кун: қаҳрамонлик, ғалаба ва озодлик

207 17:45 28.09.2022

Россия фуқароси бўлмасангиз, хавотир олманг!

498 17:20 28.09.2022
« Орқага