Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Отатурк жон берган сарой Усмонлига қимматга тушган...”

4253

Сариер туманидаги Büyükdere деган бекатда кемадан тушиб қолдик. Денгиз соҳили ёқалаб кетган серқатнов йўлнинг нариги томонига қийинчиликсиз ўтдик. Пиёдалар йўлкасига қадам қўйишингиз билан бостириб келаётган машиналар дарҳол тўхтаб, пиёдаларни “қўйиб юборар” ва яна йўлига равона бўлар экан. 

Дарвоқе, турклар машинани арава дейишади. Буни кўпчилик билади. Фақат буни эслаганим, бир пайтлар, яъни тилимизга ўрисча-европача сўзлар тиқиштирилгунча ота-боболаримиз ҳам машинани “ўт арава” дейишган экан. Йўлнинг нариги тарафида жойлашган масжидга кириб, намози асрни адо қилишга киришдик. Бизнинг сафаримиз 14 кунлик бўлганимиз учун барчамиз мусофир мақомидамиз. Шунинг учун тўрт ракатлик намозларни қаср қилиб икки ракатдан ўқидик.

Kara Mehmut Kadhuda номли чоғроққина жомеъ 1785 йили барпо этилган. Бошқа масжидларда бўлгани каби, бу ерда ҳам аёллар учун алоҳида бўлмалар ташкил этилган. Масжиднинг каттагина кутубхонаси ва китоб ўқиш учун мўлжалланган қироат зали ҳам бор. Умуман, Истанбулдаги аксарият масжидларнинг иккинчи қавати асосан аёллар учун ажратилган дейиш мумкин. Жамоат намозларида, ҳатто бомдодда ҳам аёлларни учратасиз. Масжидларда болаларнинг овози (ҳатто бемалол тўпалони дейиш ҳам мумкин) эшитилиб турар, аммо бирор кишининг шуни малол олганини кўрмадим. Яъни одатий ҳолга айланган экан. Ҳатто бир сафар бир болакай имом билан теппа-тенг “қироат қилди” – йиғладими, қуръон ўқидими, шеър айтдими, ажратолмай қолдим рости. Намоздан кейин ҳеч ким унинг отасига олақараш қилмади, қовоқ уймади, сўзи ё кўзи билан дакки бермади. Буни яхши ё ёмон дейишдан йироқман. Илло муҳитни яхшироқ англатиш учун ёзяпман, холос.

Масжидда аёл ва эркак қўриқчилар бўлиб, улар намоз вақтида хавфсизликни таъминлаш билан бирга болажонларга ҳам “кўз-қулоқ” бўлиб турар экан. Улар намозларини жамоатдан кейин навбат-навбат билан ўқиб олишади. Бир-икки сафар полиция кийимидаги йигитлар билан ёнма-ён намоз ўқиб, ғалати бўлиб кетдим. Хурсандчиликдан, албатта. Кейин-кейин билдимки, “формали”ларнинг намоз ўқиши одатий ҳол саналаркан. 

Хуллас, аср намозини узун-қисқа бўлиб адо этиб чиққач, ортга автобус ва метро ёрдамида қайтадиган бўлдик. Автобус бекати ёнида 1885 йили қурилган Surp Boğos арман католик черкови бор экан. Буни нимага ёзяпман? 1885 йили ҳали Усмонли халифалиги оёқда, мамлакат бошида машҳур Иккинчи Абдулҳамидхон (Абдулҳамидхони соний) турган пайтда арманлар учун черков қурилиши Сизга ҳам бирор хулосаларга ишора беряптими? Мусулмонлар нақадар бағрикенг, нақадар толерант, бошқа эътиқоддаги кишиларга ҳам умуминсоний қадриятлар асосида муомала қилганидан далолат эмасми бу? Охирги гапим ўзимга қанақадир осмоний, ясама, “қизил гап”га ўхшаб кетди. Эҳтимол охирги пайтларда бу сўзларни ўз ўрнида қўлламаганим учун шундай туюлгандир, яна билмадим. Аммо мен бу эътирофларни самимий ёзяпман. Бу шундай хулоса берди, хуллас. Черков олдида бироз шуларни мулоҳаза қилиб туриб қолдим. Ҳамроҳларимиздан бири, адашмасам, беозор ҳазил қила олиш қобилиятига эга Муҳаммадали бўлса керак, “Черковга кирмоқчимисиз?” деди табассум билан. Унинг нимага шаъма қилганини англаб, менинг ҳам лабимга кулгу ёйилди. Ростдан ҳам кирмоқчи эдим, аммо қулфлоғлик экан. Менимча, якшанба куни очилса керак. Янаям билмадим.

Усмонли халифаларини эсладим. Боя кемада келаётганимизда бир қатор саройлар ёнидан ўтдик. Улар орасида “Юлдуз” саройи ҳам бор эди. Иккинчи Абдулҳамидхон айнан шу ердан туриб улкан мамлакатни идора этган. “Poyıtaht Abdulhamıd” номли сериални қолдирмай кўрганман. Шу сабаб “Юлдуз”га киргим бор эди. Афсуски ёпиқ экан. Ўзи пошшолар яшаган саройларга киргим келади. Бунинг ўзига яраша сабаби бор, аммо ҳозир мавриди эмас.

Эсимга Тошкентда икки йиллар муқаддам юз берган бир воқеа тушиб қолди. Соҳибжон Аҳроров деган қадрдоним оилалари билан меҳмонга келдилар. Мезбон сифатида у кишига пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатдим. Марҳум президент Ислом Каримов ишлаган ва ҳозирда музейга айлантириб юборилган “Оқсарой” қароргоҳига ҳам борайлик, дейишди. Хўп дедим. Ўзим ҳам шу баҳона кўриб оламан, деган ўйда ўша ёққа бордик. Аммо қароргоҳ ёпиқ экан. Фақат ёнидаги каттароқ залда расмларни намойиш этадиган кўргазмалар зали ишларкан, холос. Шу атрофдаги қўриқчиларнинг биридан асосий қароргоҳ қачон очилишини сўрадик. “Билмадим, шу пайтгача очилмади. Қачон очилиши ҳам аниқмас менимча”, деди гапни қисқа қилиб. Ҳафсаламиз пир бўлиб қайтдик. Кейин очилдими, йўқми, билмайман рости.

Юлдуз саройини бежизга эсламадим. “Вапўр”га миниб, Сариер томонларга келар эканмиз, аввал ўнг томонда “Тўпқопи” саройи келди. Озгина юргач, чап соҳилда, Бешиктош мавзесида "Дўлмабоғча", кейин “Юлдуз”, яна бироздан сўнг кўприкдан ўтишимиз билан ўнг қирғоқда "Бегларбеги” саройи келди. Бир-биридан чиройли, бир-биридан ажойиб, турклар таъбири билан айтганда бири бошқасидан муҳташам. Кўриб кўзингиз қувнайди, албатта. Аммо... Бу маҳташам саройларнинг “аммо”си бор.

Истанбул фотиҳи Султон Маҳмуд томонидан шундоққина Аё Софиянинг пойида 1478 йили қурилган Тўпқопи саройи тўрт юз йил мобайнида Усмонли подшоҳлари учун қароргоҳ бўлиб хизмат қилган. Шу қадар каттаки, бир вақтнинг ўзида 4 минг нафар киши яшаган. XIХ асрга келиб Усмонли халифалигининг иқтисодий аҳволи ёмонлаша борди. Бунга кети узилмаётган урушлар ҳам сабаб бўлди. Мана шундай ҳолатда 1839 йили тахтга ўтирган Султон Абдулмажидхон “Дўлмабоғча” саройини қурдиришга фармон берди. Мазкур сарой қанча пулга тушганини аниқ айтолмайман (баъзи манбаларда 5 миллион халтачадаги олтин танга сарфланган дейилади), аммо у Усмонли тарихидаги энг ҳашаматли ва энг қимматбаҳо иншоот бўлгани эътироф этилади. 13 йил давомида европа меъморчилиги таъсирида барпо этилган саройда Султон Абдулмажид бор-йўғи беш йил яшади, холос. Беш йилгина...

Шундоқ ҳам молиявий аҳволи яхши бўлмаган давлатни, туркча таъбир билан айтганда, бутунлай ифлос этди – банкротга учратди. Тасаввур қилишингиз учун айрим маълумотларни келтираман. Абдулмажидхондан кейин тахтга ўтирган Султон Абдулазиз даврида мазкур саройда 5 минг 320 нафар хизматчи бўлган. Агар ўртача ойлик бугунги ҳисобда тахминан минг АҚШ доллари бўлган десак, мана шу сарой учун хазинадан йилига 64 млн долларга яқин маблағ сарфланган. Энди қурилишига кетган пулни ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. Хўш, султонлар пулни қаердан олган? Отасидан қолган бойлик бормиди? Йўқ, халқдан йиғиладиган солиқлар орқали шаклланадиган давлат хазинасидан. 

Худди шу йиллари, яъни 1800 йилларнинг ўрталарида Қўқон хонлиги тахтида ўтирган Худоёрхон солган солиқларни эслаш орқали Усмонлидаги саройларнинг қайси маблағлар эвазига барпо этилганини ҳис қилиш мумкин. Манбалардан бири шундай ёзади:

“Худоёрхон солиқ турларини кашф этишда ва уларни ундиришда тенги йўқ устаси фаранг бўлган. Масалан, бир боғ хашакдан, бир пиёла сутдан, ўнта тухумдан, масхарабозлардан, айиқ ўйнатувчилардан, дўкон қоровулларидан олинадиган ва бошқа хилма хил солиқларни кашф этган...”

(Шу ерда “айиқ ўйнатувчилардан” йиғиладиган солиқ ҳақида бир фикр. Бошқа манбада ўқигандим, қаердалигини эслолмадим, айтишларича, Худоёрхон саройида цирк кўрсатадиган ўйинчилар бўлган. Уларнинг ўргатилган бир айиғи бўлиб, уни боқиш харажатлари учун аҳолига “айиқ солиғи” солинган экан. Қайси бири тўғри, рости билмадим)

Ўзи шундоқ ҳам қашшоқликда яшаётган халқни ғалати-ғалати солиқлар орқали териси шилиб олинган, десак муболаға бўлмайди. Мазлумларнинг оҳини Аллоҳ эшитмайдими? Албатта эшитади! Золим ҳукмдорларга бало юбормайдими? Албатта юборади! Хуллас, Қўқон хонлигининг ҳам, Усмонли халифалигининг ҳам оқибати маълум...

1876 йили Усмонли халифалиги бошқарувига келган Иккинчи Абдулҳамидхон ўзига қароргоҳ сифатида “Дўлмабоғча”дан салгина тепароқда жойланган “Юлдуз” саройини танлади. Унинг 33 йиллик ҳукмронлиги даврида ҳар йили икки марта – Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларидагина “Дўлмабоғча” эшиклари очилган ва шу ерда байрам нишонланган. Бошқа пайтлари чанг босиб ётган. Бундан чиқадики, Султон Абдулмажидхон бор-йўғи беш йил яшайдиган саройи учун давлат хазинасининг пўстагини қоқиб, том маънода Усмонли халифалигининг тезроқ чўкишига сабабчи бўлган. Тўрт минг киши яшашига шароити бўлган, 400 йил мобайнида султонлар юрт сўраган “Тўпқопи”дай сарой турганда бошқаларини қуриш қанчалик мантиққа тўғри келади? Бир латифада кема бошқонидан “аҳволлар қалай, капитан” деб сўрашса, “яхши, аммо чўкяпмиз”, дейди-ку...

Дарвоқе, қардошларимиз Отатурк деб эъзозлайдиган Мустафо Камол ҳам умрининг сўнгги йилларини мана шу саройда кечирган. Ҳатто “Дўлмабоғча”нинг 71-хонасида нариги дунёга равона бўлган экан. Ҳозирда у бошқа саройлар қатори музейга айлантирилган. 

(Хўш, мана шу гапларни ёзиш керакми? Билмадим... Аммо сафар таассуротлардан қайсидир маънода таҳлилий, танқидий хулосалар олинмаса, нима фойда бор? Ундан кимга наф?.. Ёқмаган бўлса, узр омалай)

Сўзимизга қайтайлик... Аввал автобусга чиқиб, кейин метрога тушиб орқага қайтдик. Метролар ҳақида ёздим. Менимча, яна ёзсам керак. Асосий эътиборимни торган жиҳати, Истанбул метросининг жудаям чуқурда жойлашгани бўлди. Кўпгина бекатларга эскалатор ё зина орқали эмас, замонавий лифтларда тушилади. Тахминан 70 метр чуқурликдаги метро бекатларида ҳам маҳаллий уяли алоқа “ТurkCell!” ишлашини кўриб ғалати бўлиб кетдим. Қойил... Метрога тушиш олдидан йўлбошчимиз Ҳусан Мақсуд шу ердаги масжидлардан бирига кириб, намози шомни ўқиб олишимиз кераклигини айтди. Масжид яқинда қурилган экан. Унинг ҳам ўзига хослиги бор, яъни бир супермаркетнинг юқори қаватида жойлашган. Ташқаридан кичкинага ўхшаб турганди, хонақоҳига кириб, оғзимиз очилиб қолди. Жудаям катта хонақоҳ... нақшинкор... баланд... Расмда кўриб, ўзингиз ҳам баҳо беришингиз мумкин.

Метрода қизиқ бўлди. Ҳамма ниқоб тақиб олган. Истисносиз ҳамма. Мен бурнимни беркитмаган эканман (кўзойнагим терлаб кетаётган эди). Бир йигит менга қараб нимадир деди, тушунмай қолдим. Нўъмонжоннинг айтишича, у менга ниқобингни дуруст тақиб ол деган экан. Бурнимниям ёпиб олдим. Бу менга туркларда жамоатчилик вакилларининг нақадар фаол ва эътиборли ҳамда тартибли эканини яна бир карра кўрсатиб берди (биз тартиб қоидаларни бузиб кайф қиламиз). 

Метро бора-бора ер устига чиқиб қолди. Қарасак, денгиз устидан аниқроғи Халич бўғозидан ўтиб кетаётган эканмиз. Бўғоз ўртасида ҳам бекат бор экан. Ҳайрон бўлдим. Кейин билсам, бу ерда тушган йўловчилар бўғознинг ё у қирғоғига, ё бу қирғоғига кетар экан. Биз кейинги – Везнечилар бекатидан чиқиб, пиёда Фотиҳ масжидига қараб йўл солдик...

Йўлда бизни янгидан янги ҳайратлар кутиб турарди. Аммо бу ҳақда иншааллоҳ эртага гаплашамиз...

(давоми бор)

Тошкент-Истанбул-Тошкент
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

7-қисмни ўқиш
9-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жамол Қошиқчини ўлдиришда гумонланувчи Парижда ҳибсга олинди - ОАВ

157 10:46 08.12.2021

Бухоро: қадимий мадрасага гўзаллик салони рекламаси ўрнатилган

262 10:12 08.12.2021

Афғонистон: ўрмонларни ҳимоя қилиш учун ҳарбий бўлинма тузилди

161 09:39 08.12.2021

БААда дам олиш кунлари ўзгаради

650 09:15 08.12.2021

Минглаб фуқародан асоссиз айбловлар олиб ташланди, юзлаб фуқаро оқланди

402 08:08 08.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг мавзуси

497 22:05 07.12.2021
« Орқага